Ўзбек-Қирғиз чегарасидаги 55 баҳсли ҳудуд ўрганиб чиқилган

Chegara Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўзбекистон ва Қирғизистон расмийлари хабар тарқатишларича, икки мамлакат ҳукуматларининг чегара масалалари бўйича ишчи комиссиялари аъзолари биргаликда сарҳадлардаги 55 та баҳсли ҳудудни бориб кўриб, у ердаги вазиятни ўрганганлар.

Ушбу ўрганиш якунлари асосида ишчи комиссиялар ўртасида махсус ҳужжат имзоланган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар тарқатишича, "Ўзбекистон Республикасининг Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларининг Қирғизистон Республикасининг Жалолобод, Ўш ва Боткен вилоятларидаги давлат чегараларига туташ 55 участкасида ҳамкорликдаги дала тадқиқотлари ўтказилган".

Сентябр ойида Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматларининг давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича комиссиялари 23 ҳудудни худди шу шаклда ўрганиб чиққанлари хабар қилинмоқда.

Қирғизистон расмийлари икки мамлакат муносабатларида кузатиб келинган "музлар эрий бошлаган"идан мамнун эканликларини айтганлар.

СССР замонида рамзий бўлса-да, чизилган Марказий Осиё мамлакатлари чегаралари мустақилликдан кейин ҳал этилиши талаб қилинган энг мураккаб масалалардан бирига айланди.

Баҳсли ҳудудлар барча мамлакатларда бўлиб, республикаларда тузилган чегараларни хатлаш комиссиялари ҳам 25 йил мобайнида бу муаммоларни ҳал этишга қодир бўлолмади.

Чегарада қонли ҳодисалар кўп марта рўй берган.

Ўзбек-Қирғиз муносабатларини совуқлаштирган энг сўнгги ҳодиса Ўнғортоғдаги телерадио сигналларни узатиш маркази атрофида 2016 йил августида кузатилди.

Сўнгги бир ой мобайнида Ўзбек-Қирғиз алоқаларида илиш аломатлари кўзга ташлана бошлади.

1 октябр куни Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Мухамметқали Абулғазиев раҳбарлигидаги Қирғизистон ҳайъати Андижон вилоятида меҳмонда бўлдилар.

Икки томон бундан кейин муносабатларни янада яхшилаш ниятида эканини билдирдилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.