Хитой ҳарбийлари Тожикистонда нима қилишмоқда?

Ҳарбий машқлар Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Минтақадан олинган хабарларга кўра, бу икки давлат ҳарбийлари Тожикистон жануби-шарқида ўзларининг қўшма ҳарбий машғулотларини бошлашган.

Афғонистон билан бевосита қўшни Тоғли Бадахшон минтақасида бўлиб ўтаётган янги машқларга ҳар икки томондан 10 мингга яқин ҳарбий, зирхли уловлар, артиллерия ва қирувчи учоқлар жалб қилинган.

(Видеолавҳани BBCUZBEK YouTube каналида томоша қилинг )

Аён бўлишича, Шитарв ҳарбий полигонида кечаётган машғулотлар шахсан Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон режаси асосида уюштирилмоқда.

Ундан мақсад эса, Тожикистон давлат чегарасининг Афғонистон билан Бадахшон орқали туташ анчайин беқарор қисми хавфсизлигини мустаҳкамлаш экани айтилмоқда.

Ғарб бошчилигидаги катта сондаги иттифоқ қўшинларининг оммавий сафарбарлиги ортидан кечган ўтган икки йил вақт ичида эса, Афғонистоннинг айнан Тожикистон билан бевосита чегарадош шимолий-шарқий Бадахшон ва Қундуз вилоятларидаги вазият жиддий издан чиққан.

Толиблар ўзларининг аксарияти марказий осиёлик жангарилар экани айтилган ва маҳаллий масъуллар томонидан ИШИД аъзоларига нисбат берилган хорижлик иттифоқчилари билан бу икки вилоятнинг қатор туман ва шаҳарларини муайян муддатга бўлса-да, босиб олишга муваффақ ҳам бўлишган.

Таъкидлаш жоиз, Тожикистонда бошланган янги ҳарбий машқлар манзарасида ҳам Афғонистоннинг айнан шимолий ва шимолий-шарқий минтақаларида вазият нотинчлигича қолмоқда.

Ўзаро чегара

Беш кундан буён Туркманистонга бевосита чегарадош шимолий Фарёб вилоятида янги ҳарбий амалиётларга бошчилик қилаётган Афғонистон биринчи вице-президенти генерал Абдулрашид Дўстум эса, бунинг ортидан айнан Тожикистонга қўшни Қундуз вилоятини ҳам илк бор толиблардан шахсан ўзи тозаламоқчи.

Тожикистон Афғонистон билан 1344 чақиримга узанган ўзаро чегарага эга ва унинг асосий қисми қўриқлаш қийин бўлган сувли ҳамда тоғли минтақалар орқали ўтган.

Афғонистон шимоли-шарқида сўнгги йилларда вужудга келган бу каби вазият Тожикистон томонини давлат чегараси ҳимояси йўлида ўз мустақиллиги тарихида кузатилмаган даражада хавфсизлик чораларига қўл уришга ундаган.

Толибларнинг шу ой бошида Қундузга уюштирган навбатдаги кенг кўламли ҳужумлари манзарасида эса, илк бор ўзаро чегарадаги барча қўшинларини ҳарбий тайёргарлик ҳолатига келтиришга ҳам қарор қилган.

Тожикистон, бошқа томондан, охирги пайтларда Афғонистон билан бевосита чегарадош минтақаларида Россия ҳарбийлари билан ҳамкорликда ҳам бу каби машқларга зўр берган.

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон эса, ўтган йили қўшимча зарурият пайдо бўлса, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти ва ўз ҳудудларидаги 201-сонли Россия ҳарбий бўлинмасидан ҳам кўмак сўрашларини баён қилганди.

Худди ўша йили МДҲга аъзо давлатларнинг Москвада бўлиб ўтган норасмий саммити чоғида тожик раҳбари барча иштирокчиларни Афғонистон билан жанубий чегараларини мустаҳкамлаш учун шошилинч чоралари кўришга ҳам даъват қилган.

Бунинг ортидан Тожикистонда Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти Тезкор кучларининг Россия бошчилигидаги йирик ҳарбий-ўқув машқлари ҳам бўлиб ўтганди.

Аммо, буларнинг барчасига қарамай, расмий Душанбе Афғонистон билан чегарасидаги вазият ўзларининг тўлиқ назоратлари остида экани ва исёнчиларнинг ҳар қандай босқинини қайтаришга қодир эканликларини давомий равишда таъкидлаб келади.

Тожикистон-Хитой

Ўз навбатида таъкидлаш жоиз, Афғонистоннинг қайта зўравонликлар гирдобига кириб бораётгани унга чегарадош қудратли Хитойни ҳам яхшигина ташвишга солмай қўймаган.

Расмий Пекин афғон можаросига ўз бошича ечим топишга уриниш манзарасида "инсонпарварлик кўмаги" доирасида Тожикистонга бераётган ҳарбий кўмаги миқдорини ҳам жиддий оширган.

Ўтган ой тожик ҳукумати билан Тожикистон-Афғонистон чегарасини мустаҳкамлашга қаратилган хос битим ҳам имзолаган.

Янги келишув Хитой томонидан ўзаро чегарада тожик қўшинлари учун қўшимча ҳарбий бўлинмалар, чегара постлари ва бошқа иншоотлар қуриб берилишини кўзда тутиши хабар берилганди.

Шу йил август ойида эса, Хитой "минтақада кучайиб бораётган жангарилик таҳдидини жиловлаш учун" Тожикистон, Покистон ва Афғонистон билан янги аксилтеррор иттифоқи тузишга ҳам келишиб олганди.

Расмий Пекин чегараоша арзон афюн оқими ва уйғур исломий бўлгинчилигининг янада кучайиб, Хитой миллий хавфсизлигига таҳдид солиши мумкинлигидан жиддий хавотирда.

Хитой ва Афғонистон

Хитой Мудофаа вазири яқинда Шарқий Туркистон Исломий Ҳаракатига қарши курашда кўрсатган дастаги учун афғонистонлик ҳамкасбига ўз миннатдорчиликларини ҳам изҳор этган.

Чунки расмий Пекин Шарқий Туркистон Исломий Ҳаракатини ўзларидан мустақил Шинжон давлатини барпо этиш истагида бўлган исломий жангари гуруҳ сифатида кўриб келади.

Хитой узоқ йиллардан бери Афғонистондаги зўравонликларнинг айнан шу ғарбий минтақасига сизиб ўтишидан жиддий хавотирда.

Азал-азалдан мусулмон уйғурлари яшаб келган бу минтақада сўнгги йилларда юз берган зўравонликлар ўнлаб инсонларнинг умрларига зомин бўлган.

Расмий Пекин бу ҳодисаларда экстремистларни айлаб келади, аммо ўз сиёсати Шинжондаги тангликка сабаб бўлаётганига оид баҳоларни кескин рад этади.

Хитой ва Тожикистон, бундан ташқари, минтақадаги аксарият давлатларни ўз ичига олувчи Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг доимий аъзолари ҳам саналишади.

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти эса, яқинда Ўзбекистон пойтахти Тошкентда бўлиб ўтган сўнгги олиймақом йиғинида айнан афғон можароси ечимида фаолроқ ўрин тутишларининг вақти етганини баён қилган.

Ўтган ой Қирғизистон Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг "Тинчлик миссияси", деб номланган қўшма аксилтеррор машқларига илк бор мезбонлик қилганди.

Бу ташкилот ҳам Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг 2014 йилги оммавий сафарбарлиги ортидан Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятнинг кескин ёмонлашиши ва гиёҳванд моддалар контрабандасининг кучайишидан жиддий ташвишда.

Агар, имконли бўлган айрим маълумотларга таянилса, жорий йил ҳисобидан тожик-афғон чегарасида 20 га яқин қуролли ҳодиса юз берган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.