Қирғизистонда ҳукумат истеъфога чиқарилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи OFFICIAL

Қирғизистон парламентидаги кўпчилик коалицияси парчаланиши ортидан Президент Алмазбек Атамбоев ҳукуматни тарқатиш ҳақидаги фармонни имзолаган.

26 октябр куни Президент Атамбоев имзолаган фармонга биноан, турли партиялар вакилларидан иборат коалицион Вазирлар Маҳкамаси истеъфога чиқарилади, бироқ янги ҳукумат таркиби шакллантирилгунича ўз вазифаларини адо этишда давом этадилар.

Қирғизистон парламентидаги кўпчилик коалициясига Социал-демократик партия, "Қирғизистон" "Онугуу — Прогресс" ва "Ота Макон" фракциялари кирган ва ҳукумат аъзолари ва масъул идора-ташкилотлар раҳбарлари ушбу фракциялар вакилларидан таркиб топган эди.

24 октябр куни Социал-демократик партия фаоллари парламентдаги кўпчилик коалициясидан чиқишга қарор қилганлари хабари тарқалди.

Бунга конституцион ислоҳот масаласида социал-демократларнинг коалициядаги бошқа фракциялар билан келиша олмаганлари сабаб қилиб кўрсатилди.

Президентлик лавозимини эгаллагунча Алмазбек Атамбоев Социал-демократик партияга раҳбарлик қилган ва ҳозир жаноб Атамбоев Қирғизистон конституциясини ўзгартиришни таклиф қилмоқда.

Бу таклиф мамлакатдаги кўплаб сиёсатчилар қаршилигига дуч келган.

Мамлакат конституциясига биноан, коалициядан бир партия чиқиб кетиши бутун коалициянинг тарқатиб юборилиши ва ҳукумат истеъфосини англатади.

Бу Бош вазир Сооронбай Жээнбековнинг коалицион ҳукуматининг истеъфоси деганидир.

Сооронбай Жээнбеков 2016 йил апрелида бош вазирликка тайинланган, бунга олдинги ҳукумат раҳбари Темир Сариевнинг истеъфоси сабаб бўлганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.