Ўзбек-Тожик чегарасидан ўтиш-қайтиш енгиллаштирилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Тожикистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Шоқосим Шоисломов айтди, деб хабар тарқатган Тожикистон оммавий ахборот воситалари.

Жаноб Шоисломов Тожик жамоатчилиги вакилларига 25 октябр куни Душанбеда бўлиб ўтган брифинг чоғи айтган.

Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчиси маълум қилишича, икки мамлакатнинг расмийлари ноябр ойи ўрталарида Тошкентда учрашишлари режалаштирилган ва улар Ўзбек-Тожик чегарасидан ўтиб-қайтишни осонлаштириш масалаларини муҳокама этадилар.

"Авваламбор, бу чегаралардаги ўтказиш пунктларида фуқароларнинг ҳаракатланишини енгиллаштиришга боғлиқ. Шунингдек, ушбу масала чегарадош туманлар яшовчиларининг ҳаракатланиши, виза олиш жараёнини осонлаштириш ва бошқаларни ҳам ўз ичига олади", дея Ўзбекистон элчисидан иқтибос келтирган Тожикистонда фаолият юритадиган "Авеста" Интернет сайти.

Элчи жаноблари ҳозирча Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги виза тартибини буткул бекор қилиш масаласи кун тартибида турмаганини айтган.

Бунинг асосий сабабларидан бири Афғонистондан қуролли жангариларнинг чегарадан сизиб ўтиш хавфи буткул бартараф этилмаганини айтган элчи Шоқосим Шоисломов. Қачонки вазият яхшиланса, ҳудуд жангарилар хавфидан тозаланса, бу муаммо ҳал этилиши мумкин, деган у.

1999 йил ёзида Ўзбекистон Исломий ҳаракати жангариларининг Қирғизистоннинг Ўзбекистонга чегарадош Боткен туманига киришгани, 2000 йил ёзида Ўзбекистон жанубидаги Сурхондарё вилоятининг Тожикистонга чегарадош Сариосиё ва Узун туманларида ЎИҲ қуроллилари билан Ўзбекистон армияси ўртасида қуролли тўқнашувлар юз бергани Ўзбекистоннинг Тожикистон билан чегараларини миналаши, икки мамлакат ўртасида виза тартиби жорий этилишига етаклаган эди.

1998 йил охирида Тожикистон шимолидаги Суғд вилояти ҳудудига асли тожикистонлик ўзбек қўмондон Маҳмуд Худойбердиев етакчилигидаги қуроллилар бостириб кирган, Тожикистон ҳукумати Ўзбекистонни полковник Маҳмуд Худойбердиевни қўллаб-қувватлашда айблаган эди.

Ушбу ҳодисалар ва кейинроқ Тожикистоннинг йирик Роғун ГЭСини барпо этиш режаси Ўзбекистоннинг қаршилигига дуч келган, муносабатлар совуқлашишига етаклаган эди.

Марҳум президент Ислом Каримов 2012 йили сув устидан тортишув Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги урушга ҳам етаклаши мумкинлигидан огоҳлантирганди.

2 сентябр куни Ўзбекистонни 27 йил мобайнида бошқарган Ислом Каримовнинг 78 ёшида вафот этгани хабар қилинди.

3 сентябр куни Самарқанд шаҳрида Ислом Каримовнинг дафн маросимида Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг энг олдинги сафларда бўлгани кўпчиликда ўзаро гина-кудуратлар кечирилишига умид уйғотди.

Каримовнинг сиёсий вориси - муваққат президент Шавкат Мирзиёев бундан кейинги Ўзбекистон ҳукуматининг устувор сиёсий йўналишларидан бири минтақадаги қўшнилари билан ўзаро алоқаларни яхшилаш бўлишини айтди.

Октябр ойи бошида Қирғизистон ҳайъати Ўзбекистоннинг Андижон вилоятида меҳмонда бўлди.

Ўзаро чегаралардаги баҳсли ҳудудларни хатлаш бўйича комиссиялар ишларини фаоллаштирдилар.

Орадан икки ҳафта ўтиб ўзбекистонлик тадбиркорлар Тожикистоннинг Суғд вилоятида меҳмонда бўлдилар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.