АҚШ расмийси С5+1 муносабатларини муҳокама қилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

АҚШ Давлат котибининг сиёсий ишлар бўйича ўринбосари Томас Шенноннинг Марказий Осиёга кеча бошланган ташрифи давомида Оқ Уй расмийсининг минтақадаги беш давлат ва Америка билан ҳамкорлик муносабатлари муҳокама қилинади.

24-29 октябр кунлари Шеннон Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонда бўлади. Бу унинг минтақага илк ташрифи ҳисобланади.

Қозоғистон

Оқ Уй расмийси Марказий Осиёга илк ташрифини Қозоғистондан бошлаган. У АҚШ ЭКСПО-2017 кўргазмасида қатнашишини айтган ва Америка павильонини бориб кўришга вақт ажратган. Шенноннинг сўзларига кўра, ЭКСПО "Остонанинг Вашинтон билан алоқаларида муҳим ўрин тутади".

"Қозоғистон учун бу ўзини янги глобал иштирокчи сифатида, жумладан энергетика соҳасида намоён этишига имкон беради", деган у шунингдек, , «НК «Астана ЭКСПО-2017» раиси Аҳметжон Есимов билан учрашувда. Қозоғистон Бош вазири ўринбосари Асқар Мамин билан Қозоғистоннинг иқтисодий тараққиётида Америка бизнесининг роли ҳақида гаплашган.

Ўзбекистон

Томас Шеннон 27 октябрда Тошкентга келиши айтилган эди. Бироқ бу борада ҳали расмий хабар берилмаган.

Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазирлиги хабарига кўра, Том Шеннон мамлакат раҳбарияти томонидан қабул қилиниб, икки томонлама мунозаралар ўтказилади ва бошқа қатор учрашувлар режалаштирилган.

Олдинроқ Давлат департаменти дипломат Марказий Осиё давлатлари мустақиллигининг 25 йиллиги билан қутлаб, С5+1 доирасида муносабатлар давом эттирилишини билдирганди.

Шэннон жаноблари Тошкентдан сўнг Самарқандга ҳам ташриф буюриб мамлакатнинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг қабрини ҳам зиёрат қилади.

Жорий йилда Томас Шеннон БМТнинг 71-сессиясида Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашган эди.

Қирғизистон

Кеча Бишкекда бўлган АҚШ Давлат котиби ўринбосари Томас Шеннон Вашингтон 4 декабрда Ўзбекистон президентлигига сайлов осойишта ўтишига умид қилишини айтди. Шунингдек, АҚШ Ўзбекистоннинг бўлажак ҳукумати билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини қайд этди.

АҚШ Давлат котиби ўринбосари Томас Шеннон Бишкекдаги учрашувда 2010 йил этник тўқнашувларда айбланиб бир умрга қамалган ўзбек фаол Азимжон Асқаров масаласига ҳам тўхталган. АҚШ ҳамиша адолат ва демократия тарафдори бўлиб келганини айтган.

"Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш дипломатик миссиямизнинг энг асосий қисмидир. АҚШ мустақиллигини эълон қилганида мамлакатда яшовчи ҳар бир одамнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади, деган принципларга таянган. Шундан келиб чиққан ҳолда, ким бўлмасин ҳар бир одамнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиб келамиз", -деган у.

Шунингдек, Вашингтонни бугунги кунда Қирғизистонда ҳарбий база жойлаштириш масаласи қизиқтирмаётганини ҳам қайд этган.

Қирғизистон АҚШ Давлат департаментининг 2015 йил июлда Азимжон Асқаровни "Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси" мукофоти билан мукофотлаганидан сўнг буни қоралаб, АҚШ билан 1993 йилда имзоланган ҳамкорлик битимини бекор қилганди.

АҚШ ҳамда Оврўпо Иттифоқи, қатор халқаро ва маҳаллий инсон ҳақлари фаоллари Азимжон Асқаровга чиқарилган маҳкама ҳукмидан ўз норозиликларини билдириб келадилар.

Азимжон Асқаровнинг дастлабки ҳибс пайти шафқатсиз қийноқларга тутилгани маҳкама томонидан инкор этилгани қайта-қайта таъкидланган.

Шу йилнинг 21 апрелида Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси экспертлари 2010 йил ёзидан буён ҳибсда қолаётган Азимжон Асқаровни озод этишга чақириқ билан чиқдилар.

Айни пайтда Чуй вилоятида Азимжон Асқаровнинг иши қайта кўриб чиқилмоқда.

Тожикистон ва Туркманистон

Кузатувчиларга биноан, С5+1( Марказий Осиё 5 давлати ва АҚШ) америкаликларга Марказий Осиёдаги ҳар бир мамлакатнинг позициясини тасаввур қилишга имкон беради. Шу боисдан, бу сафар АҚШнинг иштироки Қозоғистон, Қирғизистон ёки Ўзбекистондан кўра нисбатан камроқ бўлган Туркманистон ва Тожикистонга ташриф режалаштирилмаган.

АҚШ Ўзбекистон янги ҳукумати билан муносабатлар яхшиланишига умид қилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

◾Instagram - BBC UZBEK

◾Twitter - BBC UZBEK

◾Odnoklassniki - BBC UZBEK

◾Facebook - BBC UZBEK

◾Google+BBC UZBEK

◾YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

◾Skype - uzbekbbclondon

◾bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.