Афғонистон шимолида ИШИД хавфидан хавотир

ИШИД Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Расмий хабарларга кўра, ИШИД жангарилари ўтган бир неча куннинг ўзида Афғонистоннинг Туркманистонга бевосита чегарадош шимолий Жаузжон вилоятида олти нафар тинч фуқарони ўлдиришган. Қурбонлар орасида кекса ёшлиси дохил аёлларнинг ҳам борликлари айтилмоқда.

Бу ҳақда Жаузжон вилоят ҳокими матбуот воизи Муҳаммадризо Ғафурий Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида билдирди.

(Видеолавҳани BBCUZBEK YouTube каналида томоша қилинг )

Таъкидлаш жоиз, агар тасдиқланса, бу - Афғонистоннинг аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош шимолий ва шимолий-шарқий минтақаларида илк бор қайд этилаётган ҳолат бўлади.

Катта сондаги Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг оммавий сафарбарликлари ортидан кечган икки йил вақт давомида бу минтақаларда вазият жиддий издан чиққани, бу ерларга ИШИД жангарилари ҳам сизиб кириш ҳаракатида эканликлари айтилса-да, уларнинг бунча сондаги тинч фуқаронинг умрига зомин бўлганликлари шу пайтгача кузатилмаган.

Аммо, бошқа томондан, Жаузжон масъулларининг айни мазмундаги баёнотларига ИШИД жангарилари, ҳозирча, бирор бир муносабат билдиришмаган. Ўзлари ҳам Дарзобдаги қотилликларга расман масъулиятни ўз зиммаларига олиб чиқишмаган.

Ҳар ҳолатда ҳам нега айнан тинч фуқаролар, жумладан, аёллар нишонга олинганликлари сабаби эса, ҳозирча, маълум эмас.

Лекин, таъкидлаш жоиз, Жаузжондаги сўнгги ҳужумлари Афғонистон биринчи вице-президенти генерал Абдулрашид Дўстум Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи Афғонистон шимолига минглаб жангариларини сиздириш ниятида эканига оид огоҳидан қисқа вақт ўтмай кузатилган.

Афғонистоннинг шимолий Жаузжон вилояти эса, айнан генерал Абдулрашид Дўстумнинг она вилояти бўлади.

Ўзбекистонлик ИШИД жангарилари

Фото муаллифлик ҳуқуқи videograb

Вилоят ҳокими матбуот воизининг билдиришича, Жаузжондаги ИШИД аъзоларининг сони 70 га етади ва улардан 25 нафари Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг аъзолари бўлган ўзбекистонлик жангарилардир. Қолганлари эса, собиқ толиблардан иборат, дейди матбуот воизи.

Худди шу ўринда эслатиб ўтиш жоиз, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати бундан икки йил бурун Толибон билан иттифоқчиликдан воз кечиб, Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳига байъат келтирган.

Аммо яқинда гуруҳ сафларининг парчалангани, улар орасидан Афғонистон Толибон ҳаракатига мойил, аммо ИШИДга қарши ўзаги ажралиб чиққанига оид хабарлар ҳам олинганди.

Матбуот воизи Муҳаммадризо Ғафурийнинг сўзларидан аён бўлишича, ИШИД жангарилари вилоятнинг фақат битта тумани - Дарзобда фаоллар.

Таъкидлаш жоиз, айнан Дарзоб Жаузжоннинг, йилларки, Толибон фаол ва энг беқарор иккита туманидан биттаси бўлиб келган.

Туман сўнгги йилларда шахсан Афғонистон биринчи вице-президенти генерал Абдулрашид Дўстум бошчилиги остидаги устма-уст ҳарбий амалиётларга ҳам саҳна бўлган.

Маҳаллий кузатувчиларга кўра, вилоят маркази Шибирғонга яқин ва Афғонистоннинг бошқа яна икки шимолий вилояти - Фарёб ва Сарипулга йўл очгани боис ҳам, жангарилар, йилларки, Дарзобга кўз тикиб келишган.

Дарзоб ва ИШИД

Жаузжон вилояти ҳокими матбуот воизи Муҳаммадризо Ғафурийнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, ИШИДга байъат келтирган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари бундан бир йилча бурун ўз оилалари билан бирга Дарзобга Покистондан ўтиб келишган.

Эркаклари орада кечган вақт давомида ўзларининг собиқ толиблардан иборат сафдошларига мина ўрнатиш, жанг олиб бориш ва қурол-яроғдан қандай фойдаланиш сир-синоатларини ўргатиш билан ҳам машғул бўлишган.

Ўтган бир йил давомида Дарзоб туманининг тўрт қишлоғида ўз таъсирларини ўрнатишга муваффақ бўлганлар.

Аммо, шунда ҳам, бу жангарилар Дарзобда бир ердан муқим ўрин топишмаган, доимо бир ердан иккинчи ерга ҳаракатланиб юришади, дейди суҳбатдошимиз.

Унинг сўзларидан аён бўлишича, тумандаги ИШИД жангариларига асли дарзоблик, ёши 30 лардан ошган, ўз вақтида Толибон сафларида жанг қилган Қори Ҳикмат исмли шахс бошчилик қилади.

Дарзоб Жаузжон вилоятининг асосан ўзбеклар истиқомат қилувчи туманларидан бири бўлади. Туман аҳолисининг сони эса, 20 мингдан ортади.

Бу туман, ўз навбатида, вилоятнинг Туркманистонга бевосита чегарадош ва энг беқарор иккита туманидан биттаси Қўш Тепанинг шундоққина биқинида жойлашган.

ИШИДнинг "режаси"

Шу йилнинг август ойида Афғонистон Мудофаа вазирлиги Жаузжоннинг айнан Қўш Тепасида ИШИД жангари гуруҳининг вилоят учун тайин этган ҳокими Мавлавий Боз Муҳаммад қўлга олингани ҳақида расман хабар берган. Аммо унинг ҳамроҳлари қочиб қолишга муваффақ бўлишганини билдирганди.

Бу хабар манзарасида маҳаллий масъуллар Мавлавий Боз Муҳаммад шимолий Жаузжон вилоятининг икки беқарор тумани: Қўш-Тепа ва Дарзобида ИШИД гуруҳи фаолиятини ёймоқчи бўлгани ҳақида айтишган.

Аммо, вазирлик матбуот воизига кўра, бу шахснинг режасидан вақтида огоҳ бўлиб, уни қўлга олишга улгуришган.

Масъуллар Мавлавий Боз Муҳаммаднинг Афғонистон Толибон ҳаракатининг собиқ аъзоси бўлганини рад этишган, унинг ИШИД гуруҳи яқинда ўзининг Яқин Шарқдаги исломий халифатининг бир вилояти, деб эълон қилган шарқий Нангарҳордан келганини айтишганди.

Улар бу шахснинг кимлиги, Афғонистонга қаердан келгани, ИШИД сафларига қандай қилиб ёллангани ҳамда бунгача нима ишлар билан шуғулланганини аниқлаш учун текширув ишлари бошланганини расман маълум қилишган, аммо ҳозиргача ўз терговлари натижасини ошкор этишмаган.

Сўнгги йилларда хавфсизлик билан боғлиқ вазияти жиддий издан чиқиб бораётган шимолий Жаузжон вилоятининг Қўш-Тепаси қўшни Туркманистон билан бевосита чегарадош энг нотинч туманларидан бири ҳисобланади.

Туман охирги пайтларда толибларнинг устма-уст ҳужумларига саҳна бўлган, масъуллар жанг олиб бораётган жангарилар орасида ўзбекистонликлари борлиги ҳақида ҳам айтишганди.

Қўш-Тепа ҳам Жаузжоннинг сўнгги пайтларда шахсан Афғонистон президенти биринчи муовини генерал Абдулрашид Дўстум ўзи бош бўлиб кетма-кет кенг кўламли ҳарбий амалиётлар олиб борган тўртта туманидан биттаси бўлади.

Туман қарийб чорак минг аҳолисининг асосини ўзбеклар ва туркманлар ташкил қилишади.

ИШИД ва шимол-шарқ

Шу йил ёз ойларида Жаузжон қаторида Марказий Осиёнинг бошқа бир давлати - Тожикистонга бевосита чегарадош шимолий-шарқий Қундуз вилоятида ҳам ИШИДнинг маҳаллий ҳокими ушлангани ҳақида хабарлар ўртага чиққанди.

Қундуз эса, маҳаллий масъуллар ИШИД жангариларига нисбат берган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари Толибон билан иттифоқчиликда Афғонистоннинг бу яқин 15 йиллик тарихида амалга оширган энг йирик ҳужумларига саҳна бўлган вилоят бўлади.

Улар ўтган йили вилоят маркази Қундуз шаҳрини ҳам босиб олишган, бу - жангарилар 2001 йилдан буён Афғонистонда қўлга киритган энг улкан ютуқ сифатида ҳам баҳо топганди.

Аммо худди шу ҳужумлари манзарасида ҳам, ўтган бир ярим-икки йил ичида ИШИДнинг Афғонистон шимолий ва шимолий-шарқий вилоятларига ўз ҳокимларини тайин этганига оид бирор бир хабар ўртага чиқмаган.

ИШИД жангарилари энг кўп тўпланган ва фаол бўлган вилоятлар сифатида эса, дастлаб Афғонистоннинг жанубий Зобул, шарқий Ғазний ва сўнгги пайтларда шарқий Нангарҳор вилояти кўриб келинган.

ИШИД ўзининг минтақадаги тармоғига ўтган йил бошида Афғонистонга бевосита қўшни Покистонда асос солган.

Шунга қарамай, гуруҳ ўтган йил охирида айнан шарқий Нангарҳор вилоятини расман Яқин Шарқдаги исломий халифатининг бир қисми, деб эълон қилган ва бутун минтақадаги илк FM радиосига ҳам худди шу ерда асос солганди.

ИШИД ва Афғонистон

Аммо, таъкидлаш жоиз, Афғонистон шимолидаги сўнгги ҳужумлар Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи минтақадаги Хуросон қаноти лидери Ҳофиз Сайид Хоннинг ўлдирилганига оид хабарлардан бир неча ой ўтиб ва Америка ҳарбийлари Нангарҳорда афғон кучлари билан бирга устма-уст ҳарбий амалиётлар олиб боришаётганини айтган бир манзарада кузатилмоқда.

Афғонистон Мудофаа вазирлиги ҳокимларининг қўлга олинганига оид шу йил август ойидаги хабарлар ортидан, ИШИД гуруҳи ҳалича Афғонистоннинг бирор бир шимолий ёки шимолий-шарқий вилоятида ўз фаолиятини расман бошлашга улгурмагани, мамлакат Қуролли кучлари уларнинг бу режалари олдини олишга қодир эканликларини баён қилганди.

Афғонистон биринчи вице-президенти генерал Абдулрашид Дўстумнинг мамлакат шимоли, жумладан, Туркманистон ва Тожикистонга чегарадош Фарёб ва Қундузни жангарилардан тозалашга қаратилган ва икки ҳафтача бурун бошланган янги ҳарбий амалиётлари Ғўрмочда тўхтаб қолган.

Генерал Абдулрашид Дўстум президент Муҳаммад Ашраф Ғаний ва ижроий раис Абдулла Абдуллаларни миллатчиликда айблаган, мамлакат хавфсизлик кучлари ўртасида ҳамоҳанглик йўқлигини айтиб, мавжуд ҳолатни кескин танқид қилган ва Жаузжон маркази Шибирғондаги уйига қайтиб кетганди.

Бунинг ортидан Афғонистон президентлиги саройи хос баёнот билан чиққан ва биринчи вице-президентнинг бу каби жиддий танқидлари лозим идоралар томонидан текширилиши кераклигини айтганди.

Генерал Абдулрашид Дўстум, орадан бир неча кун ўтган эса-да, бу баёнотга ҳозирча бирор бир расмий муносабат билдирмаган, у бошчилик қилаётган ҳарбий амалиётларнинг тақдири ва кейинги режаларига оид маълумотлар ҳам ҳалича имконли эмас.

Россия дохил Марказий Осиё давлатлари эса, шундоққина биқинларида вазиятнинг тобора издан чиқиб, бу ерларда ҳам ИШИД гуруҳининг фаоллашувидан хавотирдалар.

Афғонистондан келиши мумкин бўлган янги таҳдид қаршисида уларнинг барчаси сўнгги йилларда ўз чегараларини мустаҳкамлаш ва ИШИД хавфини олдини олишга қаратилган кескин чора-тадбирларга қўл уришган.

Афғонистондаги ИШИД жангариларининг сони эса, турли доираларда бир неча юздан бир неча мингтагача экани тахмин этилади.

Аммо, агар ўтган йилги расмий маълумотларга таянилса, Афғонистоннинг аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош шимолий ва шимолий-шарқий минтақаларидаги хорижий жангариларнинг сони 2 мингдан ортади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • • Instagram - BBC UZBEK
  • • Twitter - BBC UZBEK
  • • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • • Facebook - BBC UZBEK
  • • Google+BBC UZBEK
  • • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • • Skype - uzbekbbclondon
  • • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг