Генерал Дўстум: 'Пойтахт Кобулга қайтмайман, агар...'

Генерал Дўстум Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Афғонистон биринчи вице-президенти яна бир бор президент Ғанийни қудратни ўз қўлига жамлаганликда айблаган.

Агарда, ўз танқидлари миллий бирдамлик ҳукумати томонидан жиддий инобатга олинмаса, Шибирғондан пойтахт Кобулга қайтмаслиги билан огоҳлантирган.

(Видеолавҳани BBCUZBEK YouTube каналида томоша қилинг )

Генерал Абдулрашид Дўстум, ўз навбатида, тезда Лоя Жирга чақириш, президент ва муовинларининг ваколатларини мамлакат конституциясига мувофиқ белгилаб беришга ҳам чақирган.

Акс-ҳолда Афғонистондаги барча сиёсий партиялар ва жамоатчилик ташкилотларини тинч амалларга ҳозир бўлиб туришга ҳам даъват этган.

Афғонистон биринчи вице-президентининг Жаузжондаги бу чиқиши президентлик саройи хос баёнотидан уч кун ўтиб кузатилган.

Аммо генерал Дўстумнинг такрорий танқидлари, сўнгги огоҳлантириши ва даъватларига, ҳозирча, президентлик саройи расман бирор бир муносабат билдирмаган.

Афғонистон биринчи вице-президенти ўтган ҳафта бошида президент Ғаний ва ижроий раис доктор Абдулла Абдуллаларни кескин танқид остига олган.

Афғонистон раҳбарини қудратни якка ўзининг қўлида жамлаганликда айблаган.

Генерал Дўстум, шунингдек, икковлонни миллатчиликда ҳам танқид қилган.

Худди шунга мувофиқ, Афғонистон хавфсизлик кучлари ўртасида ҳамоҳанглик йўқлигини айтиб, мавжуд вазиятдан ҳам ўзининг жиддий норозилигини изҳор этганди.

Дастлабки муносабат

Бунинг ортидан, кун ўтиб, Афғонистон президентлиги саройи хосан баёнот билан чиққан, генерал Абдулрашид Дўстумнинг бу каби жиддий танқидлари лозим идоралар томонидан текширилиши кераклигини баён қилганди.

Бунга қўшимча, президентлик саройининг баёнотида биринчи вице-президентнинг ваколатлари қонун асосида белгилаб қўйилгани ва у бир давлат мулозими сифатида ўзининг салоҳиятларидан фойдаланаётгани ҳам айтилганди.

Генерал Дўстумнинг Шибирғондаги Жаузжон вилояти масъуллари, вилоят кенгаши аъзолари, жамоатчилик фаоллари, уламолар, зиёлилар, хотин-қиз фаоллар, фаол ёшлар ва "Жунбуши Миллий Исломий" партиясининг қатор шимолий вилоятлардаги намояндалари иштирокида бўлиб ўтган якшанба кунги йиғинда қилган чиқиши эса, ана шу баёнотга бир муносабат сифатида талқин этилмоқда.

Афғонистон биринчи вице-президентининг мамлакат шимоли, жумладан, Туркманистон ва Тожикистонга бевосита чегарадош Фарёб ва Қундуз вилоятини тозалашга қаратилган ва 15 октябр куни бошланган кенг кўламли янги ҳарбий амалиётлари орадан икки ҳафтача ўтиб тўхтаб қолган.

Амалиётлар биргина Фарёбнинг икки беқарор тумани: Қайсор ва Ғўрмоч билан чекланган, бунинг ортидан генерал Дўстум президент ва ижроий раисга қарши кескин танқидлар билан чиққан ва Туркманистонга бевосита чегарадош шимолий Жаузжон вилояти маркази Шибирғондаги уйига қайтиб кетганди.

Фақат бугина эмас

Шибирғондаги якшанба кунги йиғин тафсилотларидан маълум бўлишича, Афғонистон биринчи вице-президенти яна бир бор мамлакатнинг аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош шимолий ва шимолий-шарқий минтақаларидаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятдан жиддий хавотир изҳор этган.

Бу минтақаларда вазиятнинг издан чиқиб бораётганида Покистон Жосуслик Хизмати ва афғон ҳукуматидаги баъзи бир сиёсий доираларни айблаган.

Афғонистон биринчи вице-президенти, ўз навбатида, мамлакат хавфсизлик идоралари раҳбарларини заифликда айблаган, бу ташкилотларда коррупция ҳоллари кенг тарқалганини ҳам даъво қилган.

Аён бўлишича, генерал Дўстум Шибирғондаги сўнгги чиқишида айрим таҳлилчилар ва мухбирларнинг, "Ҳарбий амалиётларга бошчилик қилиш учун ўзининг нега фақат шимолий вилоятларга кетиши"га оид давомий саволларига ҳам ойдинлик киритгандек бўлган.

Хос йиғинларда толибларга қарши курашиш учун Афғонистоннинг жанубий, жанубий-шарқий вилоятларга ҳам бориш истагини такроран баён қилиб келгани, аммо бунинг учун ўзига изн берилмаганини айтган.

Генерал Дўстум

Генерал Абдулрашид Дўстум Афғонистоннинг асосан ўзбеклар яшовчи ва Ўзбекистон билан чегарадош шимолидаги энг қудратли мухолиф сиёсатчилардан бири саналади.

Собиқ коммунист ва афғон ўзбеклари етакчиси ҳам саналган Абдулрашид Дўстум эса, бунгача узоқ йиллар Толибонга қарши уришиб келган.

Генерал Дўстумнинг кучлари халқаро иттифоқ қўшинларининг дастаги билан 2001 йилда Афғонистонда Толибон тузумини қулатишда ҳам муҳим ўрин тутган.

Бунинг ортидан, янги афғон ҳукуматидаги расмий амали у қадар баланд бўлмаса-да, аммо амалда таъсири жуда кучли бўлгани эътироф этиб келинган.

Ҳали 2012 йилда "Миллий Исломий Уйғониш" партияси раҳбарининг Толибон билан музокараларга рози бўлгани ҳақида хабарлар ўртага чиққанди.

Буни ўшанда Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида унинг муовини ҳам тасдиқлаганди.

Аммо, орадан бир муддат ўтиб, жаноб Дўстум Толибон билан қудрат бўлишиш Афғонистонда яна фуқаролар урушини келтириб чиқариши мумкинлиги билан ҳам огоҳлантирганди.

Сўнгги вазият

Таъкидлаш жоиз, бугунга келиб толиблар Афғонистонда қайта фаоллашишга муваффақ бўлишган.

Худди шу манзарада Афғонистон тупроғидаги ИШИД жангариларининг сони ҳам бир неча юздан бир неча мингга етгани айтилади.

Хорижий иттифоқ қўшинлари эса, афғон можаросига бирор бир ечим топмай, бундан икки йил бурун ортга сафарбарликни бошлаб юборишган.

Ўтган 15 йил бадалида жангарилар билан турли даражада тинчлик музокаралари олиб бориш уринишлари деярли самара бермаган.

Афғонистон Толибон ҳаракати раҳбарияти эса, афғон тупроғида хорижий аскар бўлар экан, мулоқотларга бормаслигини таъкидлаб келади.

Афғонистон биринчи вице-президенти Шибирғонда қилган якшанба кунги чиқишида Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳининг мамлакат шимолига минглаб жангариларини сиздириш ниятида эканига оид огоҳлигига қайта тўхталган.

Аммо бу хавфнинг олдини олишга қодир эканликларини ҳам яна бир бор баён қилган.

Генерал Абдулрашид Дўстумнинг шу йил ҳисобидан учинчиси бўлган Афғонистон шимолидаги сўнгги ҳарбий амалиётларининг якуний тақдири эса, ҳозирча, маълум эмас.

Миллий бирдамлик ҳукумати Афғонистонда 2014 йилги сайлов бўҳрони ортидан, Америка томони воситачилигидаги қудратга келган.

Афғонистон давлатчилиги тарихида бунгача бу каби сиёсий тажриба ҳеч қачон амалда бўлмаган.

Унинг қанчалик иш бериши аввалбошданоқ кўплаб сиёсий таҳлилчиларнинг умидсиз башоратларига ҳам сабаб бўлиб улгурган.

Аммо сафларида бундан аввал ҳам келиб чиққан жиддий зиддиятларга қарамай, янгича ҳукумат шу пайтгача Афғонистонни бошқариб келишга қодир бўлган.

Энг сўнггида таъкидлаш жоиз, генерал Абдулрашид Дўстум Афғонистон тарихидаги миллати ўзбек биринчи вице-президент бўлади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ◾ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • ◾Instagram - BBC UZBEK
  • ◾Twitter - BBC UZBEK
  • ◾Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • ◾Facebook - BBC UZBEK
  • ◾Google+BBC UZBEK
  • ◾YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • ◾Skype - uzbekbbclondon
  • ◾bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.