Қозоғистон: ‘Олма-оталик мерган’ учун ўлим жазоси

Қозоғистон Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Бу каби қарорга Олма-ота Жиноий ишлар бўйича маҳкамаси келган.

Маҳкама шу йил июл ойида Олмали тумани полиция бўлинмаси ходимларига қарши содир этилган отишма юзасидан Руслан Кулекбаевни ўлим жазосига ҳукм этган.

Руслан Кулекбаев Қозоғистон Жиноят Кодексининг терактга қўл уриш, икки ёки ундан ортиқ кишини ўлдириш, қотилликка уриниш, қуролли босқин, ноқонуний қурол-яроғ савдоси, силоҳ ўғрилаш, машина олиб қочиш ва қонунга зид равишда озодликдан маҳрум этиш бандлари бўйича айбдор, деб топилган.

Маълум бўлишича, суд ҳукми кучли қўриқланувчи тергов изоляторида ўқиб эшиттирилган.

Тарихча ўрнида

Отишманинг ўзи эса, 18 июл куни Қозоғистон Миллий Хавфсизлик қўмитасининг Олма-ота бошқармаси биноси яқинида юз беради.

Руслан Кулекбаев Олмали тумани полиция бўлинмаси ходимларини ўққа тутади.

Отишма натижасида аксарияти полиция ва миллий хавфсизлик қўмитаси ходимларидан иборат 10 киши ҳаётдан кўз юмишади.

Хабарларга кўра, Руслан Кулекбаев бунча сондаги инсонни ўлдирганига иқрор бўлади. Аммо ўз қилмишидан пушаймон эмаслигини айтади.

Маҳкама якунида ўзига берилган сўзлаш имкониятидан фойдаланиб, "мусулмон-биродарлари"га ўтказган тазйиқлари учун ҳуқуқ-тартибот ходимларидан ўч олганини баён қилади.

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев эса, ўшанда бу ҳодисани "теракт", деб атайди.

Қозоғистонда 2003 йилдан буён мамлакат президентининг ўлим жазосига мораторийни кўзда тутувчи муддатсиз фармойиши амал қилади.

Яъни, Қозоғистонда ўлим жазосига оид барча ҳукмлар ижроси маън этилади, аммо маҳкамалар бу каби ҳукм чиқаришга ҳақли бўлиб қолаверишади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.