‘Тожикистонда халқнинг ҳаёти яхшиланмоқда’ми?

Тожикистон Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Агар, Жаҳон Банкининг янги тадқиқотлари натижаларига таянилса, ўтган йилгиси билан таққосланганда, Тожикистонда аҳоли жон бошига тўғри келувчи ўртача даромад миқдори жорий йилнинг май-август ойларида қарийб 16 фоизга ортган.

Банкка кўра, мавжуд ҳолат Тожикистонда халқнинг ҳаёти яхшиланиб бораётганига далолат қилади.

Янги тадқиқот тафсилотларидан маълум бўлишича, бунга мамлакатда ойлик маошларининг кўтарилиши(18.1%), қишлоқ хўжалиги ва хусусий тадбиркорликдан келаётган даромад миқдорининг ортиши сабаб бўлган.

Бунинг ортидан эса, Тожикистонда ўзларига лозим даражада озиқ-овқат харид қилишга қодир бўлган оилаларнинг сони ҳам ошган ва қарийб 70 фоизга етиб қолган, дейди Жаҳон Банки.

Худди шу манзарада оиланинг бошқа эҳтиёжларини қондириш учун ўзларини ейиш-ичишдан қисган хонадонларнинг сони ҳам 5 фоизга камайгани маълум бўлган.

Яъни, Тожикистондаги оилаларнинг ярмидан кўпроғи ҳозир бундай қилмай қўйишган, дейди Жаҳон Банки ўзининг сўнгги тадқиқотларига таяниб.

Бошқа томондан, қўлга киритилган янги маълумотлар Тожикистонда пулларини дори-дармон ва тиббий хизматга сарфлаётган хонадонларнинг сони ҳам қарийб 10 фоизга камайганига далолат қилган.

Агар, ҳисобот муаллифларига ишонилса, бу - ўз тадқиқотларини бошлаган ўтган йил май ойидан буён Тожикистонда қайд этган энг паст кўрсаткичлари бўлади.

Уларнинг айтишларича, жорий пайтда мамлакатда меҳнат бозорида банд бўлган мигрантларнинг фоизи ҳам ортган ва 81 дан 85% га етган.

Мақсад

Жаҳон Банкига кўра, сўнгги йилларда минтақа дохил жаҳонда бўй кўрсатаётган янги иқтисодий тенденцияларнинг Тожикистондаги акс-садосини ўрганиш учун бу каби тадқиқотга қўл уришган.

Тадқиқот муаллифларига кўра, ўз текширувлари иқтисодий ўсиш суръатларининг пасайиши, бундан аҳолининг қанчалик жабр чекиши мумкинлиги ва мамлакатдаги вазиятнинг ёмонлашиши эҳтимолларига оилаларнинг нечоғлиқ тайёр эканликларини тезлиқда аниқлашга имкон беради.

Тожикистон эса, мамлакат мустақиллиги билан кечган чорак асрлик вақт давомида Марказий Осиёдаги иккита энг камбағал давлатдан биттаси саналиб келинган.

Мамлакат иқтисоди, йилларки, асосан яқин ва узоқ хорижда меҳнат муҳожирлигида банд фуқароларининг даромадларига таяниб келган.

Устига устак, Жаҳон Банкининг Тожикистонга оид сўнгги умидбахш ҳисоботи юз тутган жиддий иқтисодий инқирози ва миграция тўғрисидаги қонун-қоидаларини кучайтиргани сабаб, тирикчилик илинжида Россияга юз тутаётган тожикистонликларнинг сони ҳам камайган, улар ўз ватанларига жўнатаётган пул жўнатмаларининг миқдори кескин қисқариб кетгани айтилаётган бир манзарада ўртага чиққан.

Россияга оммавий миграция, бошқа томондан, минтақа давлатларида хавфсизлик кафолати бўлиб келган.

Айнан меҳнат муҳожирлиги минтақанинг аксарият аҳолиси учун иш ўринлари ва даромад манбаи вазифасини бажарган.

Россияга миграция билан боғлиқ сўнгги аҳвол эса, қашшоқлик, нотенглик, ижтимоий ҳимоянинг кўнгилдагидек эмаслиги, коррупция ҳоллари билан қўшилиб, минтақада ижтимоий тангликлар хавфини кучайтиришига оид хавотирларни пайдо қилган.

Қўшни Афғонистондан келаётган исёнчилик таҳдиди қаршисида мавжуд ҳолат минтақа давлатлари раҳбарларини ҳам жиддийгина ўйлантирмай қўймаган, уларни халқнинг ҳаётини бироз бўлса-да яхшилаш учун янги иш ўринлари яратиш, маълум иқтисодий эркинликларга қўл уришга ҳам мажбур қилган.

Тожикистон Бош вазири Қоҳир Расулзоданинг яқинда қилган баёнотига ишонилса, ўтган 15 йил ичида мамлакат аҳолисининг даромади 25 баробарига ошган.

2000 йилдан 2015 йилгача эса, Тожикистонда қашшоқлик даражаси уч баробарига қисқариб, 31 фоизга тушиб қолган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.