"Тошкент-Душанбе парвозлари баҳорда бошланиши мумкин"

"Ўзбекистон Ҳаво йўллари" авиаширкати учоғи

"Ўзбекистон Ҳаво йўллари" ширкатидан Би-би-сига айтишларича, Ўзбекистон ва тожикистонлик мутахассислар Тошкент-Душанбе авиақатновини йўлга қўйиш устида иш олиб бормоқдалар.

"Парвозлар ёзги жадвалга киритилиши мумкин", деб айтди "Ўзбекистон Ҳаво йўллари" авиаширкатининг Ташқи алоқалар бўлими ходими.

Ширкат вакили сўзларига кўра, ҳозирги пайтда Ўзбекистон ва Тожикистон авиаширкатларининг ходимлари чипталар нархи қанча бўлиши, ҳафтада бир неча марта парвозни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ бўлиши, йўловчиларни Ўзбекистон авиаширкати ташийдими ёки ҳам Ўзбекистон ва ҳам Тожикистон авиаширкатларининг учоқлари парвозга қўйладими, деган масалалар устида ишламоқдалар.

Дунёнинг бошқа авиаширкатлари сингари "Ўзбекистон Ҳаво йўллари" ҳам ёзги ва қишки жадваллар бўйича парвозларини бошқаради ва ёзги жадвал апрел ва октябр ойларини, қишки жадвал эса октябрдан апрелгача бўлган вақтни қамраб олади.

"Ўзбекистон Ҳаво йўллари"нинг учоғи Тошкентдан Душанбега 2017 йил апрелида илк парвозни амалга ошириши мумкин.

Бундан олдин Тожикистон Транспорт вазири Шерали Ганжалзода мамлакат парламенти олдидаги чиқишида икки мамлакат ҳукуматлари Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида авиақатновларни йўлга қўйишга бағишланган ҳукуматлараро шартнома лойиҳасини тайёрлаганликлари ҳақида йтган эди.

Ушбу битим қачон имзоланиши борасида ҳозирча ахборот йўқ.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида учоқлар парвози қайта йўлга қўйилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар 2015 йил бошида ҳам тарқалган эди.

Ўшанда "Ўзбекистон Ҳаво йўллари" авиаширкати раҳбари Валерий Тян, Тошкент-Душанбе авиақатновини қайта йўлга қўйиш ниятида эканликларини, лекин бунинг учун Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида ҳукуматлараро шартнома имзоланиши талаб қилинишини айтган эди.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги авиапарвозлар 1992 йили Тожикистондаги фуқаролар уруши боис тўхтатиб қўйилган эди.

2000 йили Ўзбекистон Тожикистон фуқаролари учун виза тартибини жорий этди.

Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари эмин-эркин қўшни мамлакатга ўтиб-қайтишлари учун виза тартибини енгиллаштириш ёки бекор қилиш лозим, дейишади кузатувчилар.

Октябр ойи охирида Ўзбекистоннинг Тожикистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Шоқосим Шоисломов икки мамлакат ўртасидаги виза тартибини енгиллаштириш кўзда тутилаётгани ҳақида айтди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ