Қирғизистон собиқ президенти миллиард долларлик лойиҳага сармоя ётқизмоқда

Курманбек Бакиев Фото муаллифлик ҳуқуқи Ria Novosti

Қирғизистон собиқ президенти Курманбек Бакиев ҳозирда ўзи яшаб турган Беларусда 1 миллиарда Америка долларилик "Беларус миллий биотехнологиялар корпорациясига" сармоя ётқизмоқда.

Хабарларга кўра, жаноб Бакиев сармояни ўз ўғиллари билан биргаликда сарфлаш илинжида.

Белорус матбуотига гапирган манбалардан бири, "Жаноб Бакиев ва унинг ўғиллари Қирғизистонда бу каби лойиҳа билан аввал ҳам шуғулланишгани, эндиликда ётқизилаётган пуллар қисман шахсан уларга тегишли, қисман эса бошқа ҳиссадорлар маблағлари бўлиши мумкинли"лигини айтган.

Яқинда "Минск" меҳмонхонаси бошқарувчиси этиб тайинланган жаноб Бакиевнинг турмуш ўртоғи бу лойиҳа борасида бирон маълумотга эга эмаслигини айтган.

"Беларус миллий биотехнологиялар корпорацияси"нинг 33% ҳиссалрига эга бўлган Минск вилоят Ижроия Қўмитаси ҳам лойиҳа "ҳали ўта бошланғия босқичда" эканлигини айтиб, шарҳлашдан бош тортган.

Россия матбуотига кўра, ушбу корпорация шу йил август ойида қайд этилган.

Корхона Руденск шаҳрида қурилиб, унинг агросаноат соҳасида юқори технологиялар асосида чорвачилик учун ем ва емга қўшиб берилувчи моддаларни ишлаб чиқиши режаланган.

Лекин Беларус президенти Александр Лукашенко матбуот хизмати бу каби лойиҳа режаланганлигини тасдиқлаб, 2032 йилга қадар қатор солиқ имтиёзлари берилишини билдирган.

Руденскдаги лойиҳанинг қиймати ҳаммаси бўлиб 1 миллиард доллар бўлиши айтилган. Расмий фармонда "Беларус миллий биотехнологиялар корпорация" ўз молиясини ишлатиши айтилган. Хитой банкларидан бири ҳам сармоячи сифатида жалб қилиниши мумкинлиги билдирилган.

Шунинг учун лойиҳа қийматининг айнан қанча қисми Бакиевлар томонидан ётқизилиши номаълум эканлигини айтишимиз мумкин.

Курманбек Бакиев 2010 йили Қирғизистондаги инқилоб ортидан мамлакатни тарк этганди.

Қирғизистон маҳкамаси Бакиев ва унинг ўғлига нисбатан сиртдан оммавий қотиллик, расмий вазифасини суистеъмол қилиш ва яна қатор жиноятларда айблов эълон қилиб, халқаро қидирувга берганди.

Беларусда Курманбек Бакиевга фуқаролик берилган ва Бишкекнинг уни экстрадиция қилиш талаби рад этилган.

Шу йил октябр ойида Бакиевнинг иккинчи рафиқаси Назгул Толомушова «Отел Минск» унитар корхонасининг директори этиб тайинлангани хабар берилганди.

"Отел Минск" расман Беларус президенти маъмуриятининг Ишлар бошқармасига тегишли меҳмонхона ҳисобланади.

Минскда паноҳ топган Қурманбек Бакиев бирмунча вақт журналистлар эмин-эркин мулоқот қилиб юрди.

Журналистларнинг қайси пулга яшаётгани ҳақидаги саволларига ўзининг жамғармаси ҳисобига, дея жавоб берган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар