Россия: рубль яна қадрсизланишни бошлади

Доллар Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Пойтахт Москвадан олинган хабарларга кўра, бунақаси ўтган сентябр ойидан буён кузатилмаган.

Пайшанба кунги кечки савдоларда 1 АҚШ долларининг қиймати 65 Россия рублига чиққан.

Аён бўлишича, сўнгги бор бу каби ҳолат жорий йилнинг 20 сентябр куни кузатилган.

Худди шу манзарада Россия миллий пул бирлигининг еврога нисбатан ҳам қайта арзонлашиб бораётгани қайд этилган.

Хабарларга кўра, бунга жаҳон бозорида яна нефть нархининг пастга тушиши ва АҚШ Федерал Заҳира тизимининг декабр ойида Марказий Банк минимал фоиз кўрсаткичларини кўтариш режасида эканига оид гап-сўзлар сабаб бўлган.

1 АҚШ долларининг қиймати 65 рублга чиққан бир пайтда, евро 83 тийинга қимматлаб, 70,6 рублни ташкил этган.

Жаҳон бозорида нефть нархининг арзонлашиши ОПЕК ка аъзо давлатларнинг 30 ноябр кунига режаланган учрашувлари арафасида кузатилган.

Январ ойига етказиб бериш кўзда тутилган Brent нефтининг 1 баррели эса, ICE биржасида 46,34 долларга сотилмоқда.

Охирги йилларда жаҳон бозорида нефть нархининг ўйноқлаб туриши билан боғлиқ вазият Россия миллий пул бирлигининг кетма-кет рекорд даражада қадрсизланиб кетишига сабаб бўлган.

Бунга қўшимча расмий Кремлнинг Украина инқирозида тутган ўрни сабаб Ғарб томонидан устма-уст киритган турли жазо чоралари Россияда янги иқтисодий бўҳроннинг бўй кўрсатишига сабаб бўлган, бунинг таъсири кўплаб собиқ Шўро давлатларига ҳам сезилганди.

Президент Владимир Путин эса, жаҳон нефть бозоридаги аҳволга Ғарбдаги "фитначи кучлар"ни айблаб чиққанди.

Аммо Россия раҳбари нефть нархининг тушиши мамлакати иқтисодиётига зиён етказишини тан олса-да, бунинг "ҳалокатли бўлмаслиги"ни таъкидлаганди.

Шу йил апрел ойига келибгина, Россия рублининг йирик хорижий валюталарга нисбатан яна қимматлай бошлагани кузатилганди.

Акс-садо

Аксарият минтақа давлатлари иқтисоди Россиядан келаётган пул ўтказмалари ва импорт маҳсулотларига қарам экани боис, рубль кескин қадрсизланишининг оқибатлари бутун Марказий Осиё бўйлаб ҳам яхшигина сезилган.

Минтақавий таҳлилчилар Россия рубли ортидан маҳаллий пул бирликлари ҳам ўз қадрини йўқота бошлаганини айтишган.

Агар, Украинадаги Forex Club таҳлилий марказининг хулосасига таянилса, қадрсизланиш бобида ўтган йил Қозоғистон тангасига етадигани топилмаган.

Бу эса, ўз навбатида, Марказий Осиё давлатларида кенг истеъмолдаги импорт маҳсулотлари нархларининг қимматлашишига сабаб бўлган.

Худди шу манзарада минтақавий таҳлилчиларнинг бирдек эътироф этишларича, Россия иқтисоди орқага кетишининг таъсири Марказий Осиёга узоқ муддатли бўлади.

Дейлик, Россия Федерал Миграция Хизмати шу йил бошида эълон қилган маълумотларга таянилса, ҳозирга келиб, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг сони бир миллионга озайган.

Американинг "Фридом Ҳаус" ноҳукумат ташкилоти шу манзарада эълон қилган йиллик ҳисоботидаги рақамларга таянилса, уларнинг ортга, Ўзбекистонга юбораётган пул жўнатмалари ҳажми ҳам ярмидан кўпроққа қисқариб кетган.

Аксарият Марказий Осиё давлатлари учун бу пуллар, йилларки, ижтимоий муҳофаза камари вазифасини бажариб келган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ