Россияда "марказий осиёлик террорчилар" ҳибсга олинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи 1
Image caption Россиянинг 1-канали лавҳасидан олинган сурат

Россия телеканаллари намойиш қилган видеолавҳаларга кўра, Санкт-Петербург шаҳрида "террористик амаллар"ни тайёрлашда гумон қилинган марказий осиёликлар қўлга олинганлар.

Биринчи ва НТВ каналларида кўрсатилган лавҳаларда айтилишича, Федерал хавфсизлик хизмати ўзини Исломий Давлат деб атовчи экстремистик гуруҳга аъзоликда шубҳаланган 10 нафар марказий осиёликни ҳибсга олди.

Федерал хавфсизлик хизмати Тожикистон ва Қирғизистон махсус хизматлари билан ҳамкорликда амал қилди, дейилади Россия матбуотида. Аммо, баъзи мақолаларда "Қирғизистон ва Ўзбекистонлик террорчилар Москвада портлашларни режалаганлар" дея хабар тарқатилган.

Видеолавҳаларга кўра, гумондорлар одамлар гавжум бўлган жойларни нишонга олмоқчи бўлишган, ҳамда тинтув чоғида тўртта кучли қўлбола бомба, автоматик қуроллар, тўппонча ва гранаталар топилган.

Лавҳаларда рус тилини базўр гапираётган ёш йигит террорчилик амалига тайёрланаётган бўлаётганини айтади. Аммо, унинг ким ё қаердан экани очиқланмайди. Гумондорларнинг исми-шарифлари берилмаган.

Телекадрларда ФХХнинг қуролланган аскарлари хонадон эшигини бузаётганлари, ичкарида эса бир неча кишининг қорниларида, қўллари кишанланган ҳолда ётганлари, бурчакда ётган тўппонча, каравот ости ва шкаф ичидаги автомат, ҳамда куртка чўнтагидаги граната акс этган.

Аммо, баъзи россиялик шарҳловчилар мазкур амалиётнинг ва ундаги жиҳатларнинг ҳаққоний эканига шубҳа билдиришмоқда.

Хусусан, москвалик Марказий Осиё эксперти Сергей Абашиннинг ўз Фейсбук саҳифасида ёзишича, телетомошабинлардан ФХХнинг сўзларига ҳеч қандай далил-исботсиз ишониш сўраляпти.

"Россияда теракт қилаётган Марказий Осиёлик жангарилар бўлиши мумкинми? Ҳа, мумкин. Нимага бўлмасин? Лекин, ҳозирча ахборотларда бунга ҳеч қандай исботни кўрмаяпмиз. Биз кўраётганимиз, бошига қоп кийилган қандайдир одамлар, кимнингдир гапларини қайтараётган қандайдир ўсмир, ва бир уюм қурол. Ҳеч қандай "ИШИД" рамзлари топилмадими? Балки қандайдир ўзаро суҳбатларнинг расшифровкаси? Бизга кадрлардагилар жиноятчи эмас, қуроллар ташлаб қўйилган эмас, балки террорчилар деган ФХХга ишониш таклиф қилинаяпти. Мен эса бу ташкилотга ишонмасликни таклиф қиламан", - деб ёзади Абашин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг