Россия Халқаро Жиноят маҳкамасига аъзо бўлмайди

Халқаро Жиноят маҳкамасининг Ҳаагадаги идораси Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Президент Владимир Путин Россиянинг Ҳаагадаги Халқаро Жиноят маҳкамаси( ICC)га аъзо бўлиб кириш жараёнини тўхтатиш ҳақидаги фармойишни имзолаган.

Бунга Халқаро Жиноят маҳкамаси ҳисоботида Россиянинг Қримни аннексия қилганини қуролли можаро деб атагани сабаб бўлган.

Президент Путин 16 ноябр куни имзолаган фармойиш " Россия Федерациясининг Халқаро жиноят маҳкамасининг Рим статути аъзоси бўлмаслик хоҳиши ҳақида" деб номланган.

Бу ташаббус Россия Адлия вазирлиги томонидан илгари сурилгани, Олий Суд ва бошқа муассасалар розилиги олингани хабар қилинган.

Рим статутини Россия 2000 йил 13 сентябрида имзолаган, бироқ шу пайтгача ратификация қилмаган эди.

Шу боис Россия Халқаро Жиноят маҳкамасининг аъзо мамлакати ҳисобланмайди, ICC билан фақат кузатувчи сифатида ҳамкорлик қилади.

Халқаро Жиноят маҳкамаси прокурори 15 ноябр куни эълон қилган ҳисоботда, Россиянинг 2014 йили Қримни аннексия қилишдан олдин қилган ҳаракатлари қуролли можарога тенг вазиятни юзага келтирган, деб ёзилган.

Халқаро Жиноят маҳкамаси қуролли можаронинг асосий аломатини шунда кўрадики, Россия Украина ҳукуматининг розилигисиз Қрим ярим оролидаги қуролли кучлар шахсий таркибидан фойдаланиб Қрим устидан назоратни қўлга киритган.

Қримнинг Россия томонидан аннексия қилиниши халқаро конфликт ҳисобланадими ёки йўқми - бу борада ICC ҳали қарор қабул қилиши лозим.

ICCнинг бу борадаги қарори ўша вақтларда рўй берган жиноятларга оид ишлар ҳукмига таъсир кўрсатади.

Россия 2014 йилнинг мартида Қримни ўзига қўшиб олди, бунга Россия ҳарбийлари назорати остида ўтказилган референдумда қримликларнинг Россия таркибига қўшилишни ёқлаб овоз берганлари асосида қарор қабул қилингани эълон этилди.

Бу референдум натижаларини Украина ва БМТга аъзо мамлакатларнинг аксари қонуний деб тан олмайди.

Қрим аннексияси боис Ғарб Россияга қарши санкциялар жорий этди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар