Президент Атамбоев эрта никоҳни тақиқлади

Қирғизистондаги ёш келин куёвлар

Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбоев вояга етмаганлар билан оила қуриш олдини олиш мақсади кўзланган қонунларга ўзгартиришларни тасдиқлаган.

Президент Атамбоев имзолаган қонун Қирғизистоннинг Оила кодекси ва Жиноят кодексига ўзгартиришларни назарда тутади.

Имзоланганидан 30 кун ўтиб кучга кирадиган ушбу ўзгартиришларга кўра, вояга етмаган инсоннинг исломий никоҳдан ўтишига алоқадор бўлган инсонлар жиноий жавобгарликка тортиладилар.

Булар қизини эрта турмушга берган ота-оналар, никоҳни ўқиб қўйган имом бўлиши мумкин.

Жиноят кодексининг 14-бандига эрта никоҳга йўл қўйган ота-она ёки диндорга уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланиши ҳақидаги ўзгартириш киритилган.

Қирғиз расмийларига кўра, қизларни эрта турмушга узатиш уларни мактабдан чиқариб олиш ва саводсиз бўлиб қолишларига олиб келяпти.

Бу қизлар бундан кейин ўз ўқишларини қайта тиклай олмайдилар, бу дегани улар мустақил равишда яшаш учун даромад топиш имкониятидан айриладилар ва умрларини камбағалликда ўтказишга мамжбур бўладилар.

Расмийлар эрта никоҳ қизнинг жисмоний ўсишига ҳам, саломатлигига ҳам таҳдид солишини айтмоқдалар.

Эрта никоҳ қизларнинг оилавий маиший зўравонлик қурбонига айланиши эҳтимолини ҳам кучайтиради, шу боис мамлакатда мана шундай қонун қабул қилиниши лозим, дейдилар янги қонун тарафдорлари.

Охирги йилларда Қирғизистонда Ислом тартибларига риоя қилиб тақводор ҳаёт тарзини афзал кўраётган инсонлар, оилалар кўпайиб бораётгани кузатилади.

Айни пайтда Қирғиз расмийлари айрим фуқароларнинг ўта мутаассиб исломий оқимлар таъсирларига тушиб қолаётганларидан хавотирларини ҳам билдиришади.

Қирғизистонда инсон 18 ёшга тўлганидан кейин турмуш қуришга рухсат берилган.

Расмийлар мамлакатдаги аёлларнинг 15 фоизи 18 га кирмасдан турмушга узатилганини айтадилар.

Шу йил май ойида эрта никоҳни тақиқлаш ҳақидаги қонун Қирғизистон парламенти муҳокамасига киритилган, бироқ 120 депутатнинг атиги 44 нафари ёқлаб овоз бергани учун қонун қабул қилинмаган эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbekInstagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.