Трансгендер аёл эркаклар қамоқхонасига юборилиши мумкин

Трансгендер шахс Фото муаллифлик ҳуқуқи Theopenasia.net

Қозоғистонлик ҳуқуқ тартибот органи ходимлари қийин танлов олдида қолган. Жинсини аёлга ўзгартирган эркакни қайси қамоқхонага юбориш борасида расмийлар бирор тўхтамга кела олмаяпти.

"Theopenasia.net" веб нашрининг изланишларидан маълум бўлишича, ўтмишда Ҳасан бўлган ва кейинчалик жарроҳлик йўли билан Кристина исмли аёлга айланган (исмлар ўзгартирилган) шахс Қозоғистонда катта миқдорда пул таъма қилиш айби билан узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Тергов томонига кўра, Ҳасан/Кристина ўзи каби жинси ўзгартирилган дугонасидан жарроҳлик амалиёти учун товламачилик йўли билан пул олаётган вақти қўлга олинган.

Маҳкамада айби исботланса собиқ эркакни 7 йилдан 15 йилгача қамоқ жазоси кутиши мумкин.

Айбланувчининг жинси биологик ўзгаририлган бўлса-да, ҳануз паспорт ва шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатларда жинси эракаклигича қолган.

Айним дамда Кристина Олма-Ота шаҳридаги вақтинчалик тергов изоляторининг аёлларга мўлжалланган бўлимида сақланмоқда.

Аммо ҳужжатларда эркак бўлгани учун маҳкамадан сўнг уни жазони ўташ учун эркаклар колониясига юбориш эҳтимоли катта.

"У туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасида эркак киши сифатида қайд қилинган. Ушбу одамни аёл сифатида ҳужжатлаштиришга асос йўқ эди, чунки бундай қайд этиш учун керакли ҳужжатларнинг барчаси тақдим қилинмаган", - деган Олма-Ота шаҳар Ички Ишлар департаменти матбуот котиби Салтанат Азирбек.

Қозоғистонда жинсини ўзгартириш тўғрисидаги ҳужжатларни йиғиш узоқ ва машаққатли жараён.

"Theopenasia.net" веб нашри Кристина мисолида бу каби инсонлар қайси қамоқхонага юборилиши мумкинлиги борасида кичик тадқиқот ўтказган.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги бу каби муаммога илк бор дуч келаётганини айтган.

Ҳуқуқ тартибот органларига йўлланган бир неча мурожаатда ушбу саволга ечим топилмаган. Ички ишлар вазирлиги веб саҳифаси ушбу саволни қизиқ саволлар туркумига киритган, аммо унга жавоб бермаган.

Журналист изланишлари давомида Кристинани паспортига қараб эркаклар қамоқхонасига юборилиши мумкин деган хулосага келган.

Агар Кристина суд ҳукмигача керакли ҳужжатларни йиғиб паспортда жинсини ўзгартиришга улгурса аёллар маҳбусхонасига юборилиши мумкин.

Лекин тергов изоляторидан туриб бу ишларнинг бошида туриш Кристина учун имконли эмас. Давлат томонидан берилган адвокат бундай хизматдан бош тортган.

Ҳасандан Кристинага айлангач ота-онаси уни оқ қилган. Улардан ҳам ёрдам кутиб бўлмайди.

Қозоғистонда ҳам бошқа собиқ Совет ўлкалари каби жинсини ўзгартирган одамларга нисбатан тоқатсиз муносабат шаклланган.

Қозоғистон Республикаси Психиатрия маркази доктори Ирина Ленская ҳамжисбоз аёлни эркаклар колониясига ўтказиш бирорта ҳуқуқ меъёрларига тўғри келмаслигини айтади.

"Бу трансгендер аёлни эркаклар колониясига жойлаштириш - бу мутлақо барча ҳуқуқларни бузиш демакдир. Бу барчага: ўша ердагиларга ва бу аёлнинг ўзи учун ҳам таҳдиддир. Ташқи кўринишидан у аёл. Шунинг учун ҳам у аёллар муассасасида бўлиши шарт," - дейди Ирина Ленская.

Мутахассисга кўра жаҳон тажрибасига кўра, бу каби одамлар гендер таалуқлилига қараб қамоқхоналарга жойлаштирилади. Бунда биологик жинс ва паспортдаги маълумотлар муҳим роль ўйнамайди.

Қозоғистоннинг қайси йўлни танлаши ҳануз мавҳумлигича қолмоқда.

Мамлакатда қанча одам жинсини ўзгартиргани борасида расмий маълумотлар йўқ. Матбуот олиб борган изланишларда сўнгги 5 йилда Қозоғистондан 8 дан 23 нафаргача одам жинсини ўзгартирган бўлиши мумкинлиги айтилган.

Рақамлардаги икки хиллик бу каби маълумотларнинг давлат тиббиёт муассасалари томонидан юритилмаслиги сабаб қилиб келтирилади.

Бундан ташқари айримлар жинсини Қозоғистонда эмас, балки чет элга бориб жарроҳлик амалиёти билан ўзгартириб келиши айтилади. Бу каби кимсалар Қозоғистондаги муассасаларда қайд қилинмайди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг