Назарбоев қизларини президент қилмоқчи эмас

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев. Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг сўзларига кўра, ҳокимиятни фарзандларига топшириш ниятида эмас.

Бу ҳақда Президент Назарбоев Bloomberg News агентлиги мухбирлари билан бўлган интервьюда айтган.

"Мен болаларимнинг ворислигини кўзламаяпман - ўйлайманки, бу масала биз учун эмас. Ҳокимиятни топшириш бизнинг конституциямизда ёзиб қўйилган", деб айтган Президент Назарбоев.

Мухбирларнинг 2020 йилдаги Қозоғистондаги президентлик сайловида қатнашиш-қатнашмаслиги ҳақидаги саволига жаноб Назарбоев, бу ўзининг саломатлиги ва жамоат қўллаб-қувватловига боғлиқ эканини айтган.

"Мен 2020 йилгача ишлайман. Сиз билан 2020 йили учрашамиз", деб айтган Қозоғистон Президенти.

24 ноябр куни Президент Назарбоев пойтахт Остонанинг номини ўзгартириш ғоясига қарши чиққан.

Бундан олдин Қозоғистон мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан мамлакат пойтахтининг номини Нурсултон ёки Назарбоев деб аташ ҳақидаги таклифлар илгари сурилган эди.

Президент Назарбоев аҳоли масканларининг номини ўзгартириш қарори "тарозига солиб" кўриб чиқилишини айтган.

27 йиллик бошқарув

76 ёшли Нурсултон Назарбоев собиқ Шўро мамлакатлари орасида энг узоқ президентлик лавозимини эгаллаб келаётган сиёсатчидир.

У 1989 йили Қозоғистон Коммунистик партиясининг биринчи котиби сифатида тайинланган.

1990 йили Қозоғистонда президентлик лавозими жорий этилган, Нурсултон Назарбоев ўша йили апрелида ўзининг президентлигини бошлаган.

1991 йили 1 декабрида Қозоғистонда президентлик сайлови ўтказилган.

Бу сайловда Нурсултон Назарбоевнинг 98,7 фоиз овоз тўплаб ғалаба қозонгани эълон қилинган.

1995 йили Қозоғистонда ўтказилган референдум натижасига кўра, Президент Назарбоевнинг ваколатлари 2000 йилгача узайтирилган.

1999 йили 10 январида президентлик сайловини ўтказишга қарор қилинган, бу сайловда Назарбоевнинг 79,78 фоиз овоз йиққани хабар қилинган.

2005 йилдаги сайловда ҳам ғалаба қозонгани эълон этилди.

2011 йили 3 апрелда муддатидан олдин президент сайлови ўтказилди, Нурсултон Назарбоев тўртинчи марта президент этиб сайланди.

2015 йил 26 апрелида Қозоғистонда яна муддатидан олдин президентлик сайловини ўтказишга қарор қилинди.

Бу сайловда яна жаноб Назарбоев ғолиб чиқди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Сиёсий ворис сифатида кўрилаётган Назарбоева хоним

Жаноб Назарбоевнинг уч қизи бор.

Улар Дариға Назарбоева, Динара Кулибаева ва Алия Назарбоева.

Тўнғич қизи Дариға Назарбоевани отасининг вориси сифатида тилга олишган.

Охирги бир йилда Назарбоева хоним бош вазир Карим Масимовнинг ҳукуматида вице-президент лавозимини эгаллаб келди.

Шу йил сентябрида Дариға Назарбоева сенатор этиб тайинланди.

8 сентябрда жаноб Назарбоев Масимовни бош вазирликдан олиб, Қозоғистон Миллий Хавфсизлик қўмитаси раиси қилиб тайинлади.

Қозоғистонда Бакитжон Сагинтаев бошчилигида янги ҳукумат тузилган. Ҳукуматдаги 11 вазир ўз вазифаларида қолганлар.

Қозоғистонлик журналист Сергей Дуванов Назарбаева хонимнинг ўз отаси ўрнини мерос қилиб олиш томон шаҳдам қадамлар билан кетаётганини урғулаган.

Агар Президент Назарбоев тўнғич қизининг давлат тепасига келишини истаса, бунга ҳеч ким қарши бўла олмайди.

"Фақат отаси оламдан ўтиб кетса, Дариғанинг ушбу лавозимни ушлаб қола олиши катта савол остида бўлади", - деб айтган Сергей Дуванов.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ