Генерал Дўстум Кобулга қайтмоқчи

Генерал Абдулрашид Дўстум Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Афғонистон биринчи вице-президенти девони раҳбарининг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, бу ҳақда куни-кеча генерал Абдулрашид Дўстумнинг шахсан ўзи эълон қилган.

Иноятуллоҳ Фараҳмандга кўра, ўзи бошчилик қилувчи "Миллий Исломий Уйғониш" партиясининг 4-конгресси манзарасида келаси ҳафта охирида Афғонистон биринчи вице-президентининг пойтахт Кобулга қайтиши кутилмоқда.

Генерал Абдулрашид Дўстум, қарийб уч ойдирки, Афғонистон шимолида қолаётганди.

Жаноб Дўстум шу йил ҳисобидан учинчиси бўлган йирик ҳарбий амалиётларига бошчилик қилиш учун октябр ойи бошида Афғонистон шимолига жўнаб кетган, Туркманистонга бевосита чегарадош Фарёб ва Тожикистонга қўшни Қундуз вилоятларини жангарилардан тозалашга аҳд қилганди.

Аммо кутилмаганда ҳарбий карвони пистирмага дуч келаркан, янги бошлаган амалиётларидан қарийб икки ҳафтача ўтиб, генерал Абдулрашид Дўстум Фарёбдан Жаузжон маркази Шибирғондаги уйига қайтиб кетган.

Толибларнинг пистирмаси натижасида Афғонистон биринчи вице-президентининг яраланганига оид хабарлар олинган, аммо унинг девони бу каби даъволарни кескин рад этиб чиққанди.

Аммо...

Бунинг ортидан, Шибирғонда экан, генерал Абдулрашид Дўстум Афғонистон президенти ва ижроий раисига қарши кескин танқидлар билан чиққан.

Икковлонни миллатчилик, президент Муҳаммад Ашраф Ғанийни, бунга қўшимча, қудратпарастликда айблаган.

Худди ана шу омилга мувофиқ, мамлакат хавфсизлик кучлари ўртасида ҳамоҳанглик йўқлигини айтиб, мавжуд ҳолатни ҳам жиддий танқид остига олган.

Тезда Лоя Жирга чақирилиши ва қудратни мамлакат конституциясига мувофиқ тақсимланишини талаб қилганди.

Президент Муҳаммад Ашраф Ғаний бунга жавобан кескин баёнот билан чиққан, биринчи вице-президентнинг бу каби танқидлари масъул идоралар томонидан текширилиши лозимлигини айтган.

Аммо бунинг ортидан ҳам генерал Абдулрашид Дўстум ўз мавқеида қатъий қолишини баён қилган, талаблари марказий ҳукумат томонидан жиддийлик билан инобатга олинмас экан, пойтахт Кобулга қайтмаслиги билан огоҳлантирган.

Афғонистон президенти ва биринчи вице-президенти ўртасидаги бу каби зиддият миллий бирдамлик ҳукумати сафларида навбатдаги сиёсий бўҳронга замина ҳозирлаган.

Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жиддий издан чиқиб бораётган бир манзарада аввалига мамлакат ижроий раиси, бунинг ортидан, биринчи вице-президент билан юз берган бу каби ҳолат халқаро миқёсда ҳам яхшигина хавотирларга сабаб бўлмай қолмаган.

Мавжуд муаммога Афғонистон сиёсий тажрибасида биринчиси бўлган миллий бирдамлик ҳукуматининг ташкил топишига воситачилик қилган Америка Қўшма Штатлари жиддий аралашиши лозим, деган даъватлар янграй бошлаган бир манзарада Шибирғондан президент Ғанийнинг биринчи муовинига сим қоққанига оид хабарлар олинган.

Илк мулоқот

Бу хабарлардан жаноб Ғаний генерал Абдулрашид Дўстумнинг норозилигини жоиз ва талабларини ҳақли, деб топгани англашилган. Аммо президент томонидан уларнинг ижроси борасида аниқ ваъдалар янграмагани ҳам аён бўлганди.

Афғонистон биринчи вице-президентининг бу телефон мулоқотидан мамнун қолгани, аммо ўз мавқеи ва талаблари ижросида қатъий қолиш ниятида экани маълум бўлганди.

Бунинг ортиданоқ, ўтган ой бошида генерал Абдулрашид Дўстум норасмий ташриф билан аввалига Ўзбекистон, бунинг ортидан, Туркияга жўнаб кетган ва унинг орадан уч ҳафтача ўтиб, яқинда Афғонистонга қайтгани маълум бўлганди.

Норасмий ташриф экани боис, генерал жанобларининг бу икки мамлакатга сафари тафсилотлари расман ошкор этилмаган, аммо жаноб Дўстумга яқин манбалар Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида унинг Ўзбекистон раҳбарияти вакиллари билан мулоқотлар олиб бориши эҳтимолини ҳам назардан соқит этишмаганди.

Ўз ўрнида, улар Тошкентга норасмий ташрифнинг президент Муҳаммад Ашраф Ғаний билан мавжуд зиддиятга ҳеч бир алоқаси йўқлигини ҳам алоҳида таъкидлашганди.

Аммо Афғонистон биринчи вице-президенти девони раҳбарининг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан сўнгги суҳбати тафсилотларидан аён бўлишича, Туркияда экан, генерал Абдулрашид Дўстум ва президент Муҳаммад Ашраф Ғаний ўртасидаги телефон мулоқотлари давом этган.

Бундан ташқари, Афғонистон раҳбарининг бир қанча намояндаси ва махсус ҳайъати ҳам Туркияда бўлиб қайтган.

Янги баёнот

Шибирғонда куни-кеча қилган чиқишида эса, генерал Абдулрашид Дўстум ўзининг танқидларидан мақсад - миллий бирдамлик ҳукумати сафларига рахна солиш эмас, уни ислоҳ этиш бўлгани ва ҳозир ҳам худди шу истакда эканликларини айтган.

Ўзининг пойтахт Кобулга қайтиш-қайтмаслиги масаласини президент Ғаний билан қандайдир салбий муносабатларда эканига боғлаш ноўрин эканини ҳам таъкидлаган.

Девони раҳбарининг айтишича, "Афғонистон биринчи вице-президенти орада кечган вақт давомида ҳам бу тузумни ўзлари қуришгани, шу боис ҳам, уни ҳимоя қилишга доимо тайёр ва баҳамижиҳат эканликлари"ни таъкидлаб келган.

Аммо, Иноятуллоҳ Фараҳмандга кўра, "бу талаблари - қонуний талаблар" ва ҳануз "уларнинг амалга ошишини исташади".

Шундай эса-да, бу масалада, ҳалича, "бирор бир ўзгариш кузатилмаган", - дейди у.

Бунга қўшимча

Унинг сўзларидан аён бўлишича, генерал Абдулрашид Дўстум билан боғлиқ пистирма ҳодисасини текшириш учун ваъда қилинган ҳукумат ҳайъати ташкил этилган.

Лекин, ҳайъат ҳали-ҳануз воқеа юз берган шимолий Фарёб вилоятига ташриф буюрмаган, дейди у.

Генерал Абдулрашид Дўстум ҳануз Шибирғонда экан, ўтган ҳафта президент Муҳаммад Ашраф Ғаний Туркманистонга уч кунлик сафаридан қайтишда бир кечага Мозори Шариф шаҳрига қўниб ўтган.

Унинг шимолий Балх вилоятига президент ўлароқ қилган кутилмаган бу илк ташрифи Муҳаммад Ашраф Ғанийнинг биринчи муовини билан учрашиш ниятида эканига оид гап-сўзларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.

Аммо, девони раҳбарининг сўнгги суҳбати тафсилотларидан ҳам маълум бўлишича, орадан қарийб уч ойча ўтса-да, ҳалича икковлон юзма-юз мулоқот қилишмаган.

Аксинча, президент Ғанийнинг Мозори Шарифда экан, генерал Абдулрашид Дўстумнинг сиёсий рақиби, Балх вилояти ҳокими Муҳаммад Ато Нур билан учрашгани маълум бўлган.

Президент Муҳаммад Ашраф Ғанийнинг орада Туркманистон, Бирлашган Араб Амирликлари ва Ҳиндистонга қилган бир неча кунлик сафарлари чоғида ҳам биринчи вице-президенти бўлган генерал Абдулрашид Дўстум шимолий Шибирғон шаҳридаги уйида қолган.

Аммо, энг сўнггида таъкидлаш жоиз, узоқ муддатли кечикишлар ва жиддий можаролар ортидан, яқинда Афғонистонда ва ниҳоят янги таркибдаги мустақил сайлов ва сайлов шикоятлари комиссияси расман қасамёдга келтирилган.

Бу эса, ўз навбатида, туман, шаҳар ва миллий кенгашларга сайловлар, бунинг ортидан эса, миллий бирдамлик ҳукуматига оид битимда кўзда тутилган Лоя Жирганинг чақирилишига замина ҳозирлаши мумкин, деган умидларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.

Айнан ана шу Лоя Жиргада эса, Афғонистондаги қудрат тақсимотининг мамлакат конституциясига мувофиқ амалга оширилиши кўзда тутилган.

Генерал Абдулрашид Дўстум эса, Афғонистон тарихидаги илк ўзбек миллатига мансуб вице-президент бўлади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.