Россия: Муҳожир, қурувчи ва қўшиқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи Anna Moisienko
Image caption Абдумамад Бекмамадов, муҳожир санъаткор

Москвадаги "Артдокфест" ҳужжатли филмлар фестивалида россиялик режиссёр Анна Моисеенконинг "Абдулнинг қўшиқлари" номли асари намойиш этилди.

Филм тожикистонлик меҳнат муҳожири ва артист Абдумамад Бекмамадов ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади.

Бош қаҳрамон 49 ёшли Абдумамад Бекмамадов муқаддам Россия миллий театр мукофоти "Золотая маска"ни қўлга киритган. У ва унинг икки ҳамкасби Россиядаги муҳожирлар ҳаёти ҳақида "Акын-опера" номли спектакл қўйишганди. Унга Всеволод Лисовский режиссёр қилган.

Аммо бу гал Абдумамад ҳужжатли филмнинг қаҳрамони бўлди. Режиссёр Анна Моисеенко филм устида тўрт йил ишлади. Ўз қаҳрамони билан унинг ватани Тожикистонга сафар қилди. Москвадаги ҳаётини суратга олди. Артист Абдумамад ҳамон қурилишда ишлайди, баъзан эса юк ташувчилик қилиб рўзғорини тебратади.

Анна Моисеенко ҳикояси

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Анна Моисеенко

Ҳаммаси менинг "Акын-опера" спектаклини томоша қилишим билан бошланди. Менга томоша жуда ёқди. Қаҳрамонларни севиб қоласиз, жуда қизиқ мусиқа ва долзарб мавзу! Кейин актёрлар билан танишдим. Билсам актёрлардан бири ўз ватанига бориши керак экан. Муҳими у ватанига 10 йилдан бери бормабди! Мен учун бу қизиқ бир ҳолат эди. Қандай қилиб ўн йил кўришмаган одамлар уни танишади? Ўз оиласини 10 йил кўрмаган! Тасаввур қиласизми? Мен ўз кўзим билан бу дийдорлашиш гувоҳи бўлишни истадим. Шунда кино ҳам олиш нияти туғилди. Ана шундай қилиб мен ўз қаҳрамоним билан Помир тоғларидаги Бидизи Поён қишлоғига келдим.

Бу вақтга келиб Абдумамаднинг ота-онаси ўғиллари юборган пулларга уй қуришган экан. Абдумамад ва оиласига аталган уй! Бу катта воқеа эди.

Декабр ойида Помир жуда совуқ бўлади. Мен эса бу сафар учун деярли тайёр эмас эдим. Назаримда мен илиқ жанубий бир мамлакатга кетаётгандай эдим. Борганимдан кейин қаттиқ касалланиб қолдим. Аммо Абдумамаднинг оиласи мени оёққа турғизишди ва мен филмнинг Помирга бағишланган қисмини суратга олишга улгурдим.

Помир таасуротлари бетакрордир. Табиати сизни ҳайратга солади. Мусиқасини айтмайсизми…Филмда Абдумамаднинг қўшиқлари янграйди. Ўз сўзларига битилган қўшиқлар…Мен умрим бино бўлиб бунақа мусиқа ва қўшиқни эшитмаганман.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Anna Moisienko
Image caption Помирдаги қишлоқ

Суратга олиш қийин бўлмади. Чунки уйлар ўртасида ҳеч бир тўсиқ ё девор йўқ эди. Биз Россияда қулфланган эшикларга ўрганиб қолганмиз. Ҳамма ўз уйида ёки квартирасида ва ҳатто ўз хонасида қамалиб олади. Помирда эса одамлар жамоат бўлиб яшашади. Яқин маҳаллаларда яшайдиганларнинг аксарияти бири бири билан қон-қариндош экан. Улар меҳмонга ҳам озод боришади. Жуда очиқ инсонлар экан помирликлар…

Қаҳрамоним Абдумамад эса фақат қўшиқчи санъаткор эмас, балки меҳнат муҳожири ҳамдир. Москвада эса у қурилишда ишлайди. Баъзан юк ташувчилик қилади.

Унинг айтишича, Помирда агар бир оилада бир неча ўғил фарзандлар бўлса, улардан бири албатта ота-онаси билан қолади. Қолганлари эса ишлаб келиш учун сафарга чиқишади. Ана ўша қолган ака ва ёки ука оилада ота-онаси, опа-сингиллари ва ё ака-укаларининг аҳли оиласига ғамхўр бўлади.

Ана энди икки мамлакат орасида саргардонлик…Аксарият муҳожирликда ўз касби ва ё дипломи бўйича ишлолмайди. Муҳожирлар орасида ўз касблари усталари, иқтидорлилари жуда кўп. Аммо кимдир ресторанларда идиш-товоқ ювади, кимдир эса оғир меҳнат билан банд…Ўз касби ва ё орзуси билан ишлаётганлар жуда оз. Бизнинг филмимиз ҳам шу ҳақда бўлади.

Россия жамиятида меҳнат муҳожирларига нисбатан турфа муносабатлар шаклланган. Мен ўз филмим, унинг қаҳрамонлари ва ғояси ҳақида ҳар турдаги одамларга ҳикоя қилар эканман, доим ҳам ижобий ва ё илиқ муносабат кўрмадим. Россия жамиятида ксенафобия жуда кенг тарқалиб улгурган.

Абдумамаднинг айтишича, ҳатто Большой театрда "Золотая маска" мукофотини қабул қилиб олганида ҳам орқаворотдан муҳожирларни масхара қилишгани қулоғига кирган. Бу эса одамларнинг дунёқараши қанчалар торайганидан далолатдир. Ана шу масала ҳақида очиқ гапириш керак.

Яқинда Санкт-Петербургда бир тожикистонлик муҳожир маҳаллий қизлардан бирини дарёга итариб юборгани ҳақида хабар пайдо бўлди.

Одамлар орасида бу хабар яшин тарзида тарқалди. Аммо кейинроқ маълум бўлишича, дарёга тушиб кетган ёш қиз эмас, балки катта ёшдаги аёл экан. Бу ҳам етмагандай у ўзи музга тойиб кетиб, сувга йиқилган…Атрофда эса ҳеч ким бўлмаган. Кейин ахборотлар ҳам ўзгара бошлади шунга қараб!

Менинг қаҳрамоним жуда жозибали инсон. Филмни кўрганлардан кўпчилик келиб, ўзларидаги қолипларни синдиришгани ва қаҳрамонимни бегона деб кўрмаётганларини айтишди. Аммо Россияда бу муаммо бор. Тан олиш керак.

Менимча, одамлар билан суҳбатлашиш ва қолипларни синдириш керак.

Албатта, биргина менинг филмим билан муҳожирларга муносабат ўзгариб қолмайди. Буни биламан. Аммо айни масалада мулоқот ва фикрлар бошланишига туртки бериши мумкин.

________________________________________

Абдумамад Бекмамадов, муҳожир санъаткор ҳикояси

Мен театр соҳасида "Золотая маска" мукофотини олганимдан кейин албатта ўзгарди. Кўпроқ ижод қила бошладим. Ўзимни севган касбимга қайтдим, аммо жуда оз пул ишлай бошладим. Аввалгидай Москвадаги қурилишларда ишлайман, аммо иш берувчилар мени ишга олишга ошиқишмайди. Тушунаман, ким ҳам қурилишга "Золотая маска" мукофотини олган актёрни ишга олади? Бунинг устига ҳозир репетициялар кўпайган...

Аммо ҳаётимда жуда яхши воқеа содир бўлди. Огахон жамғармаси менинг муҳожирлардан ташкил топган театр-студиямни молиялай бошлади. "Нур" театр-студияси учун алоҳида жой беришди, миллий чолғу асбобларини харид қилдик. Ўз севган ишимиз билан шуғуллана бошладик. Янги йилда эса Россия минтақалари бўйлаб гастролга чиқамиз.

Москвадаги Тожикистон элчихонаси бир неча тадбирларига бизни таклиф қилди, аммо мамлакат Маданият вазирлиги жим...

Анна Моисеенконинг мен ҳақимда олинган филмини ҳали кўрмадим. Биламан, бош қаҳрамон, аммо бу асар муҳожирларнинг енгил бўлмаган тақдирлари ҳақида ҳикоя қилади.

Тожикистондан Россияга ишлаш учун келаётган инсонлар турфа касб ва турфа тақдир эгалари...Айримлар тилни билишмайди. Бирор бир касбни эгаллашмаган ватанда...Аммо кўплаб маърифатли, ўқимишли инсонлар бор. Кимдир шифокор, кимдир олим ва кимдир санъаткор... Бу ерда улар ўз мутахассисликлари бўйича иш топишолмайди. Олий ўқув юртига кириш, ўқиш учун пул керак...Шунинг учун дуч келган ишни қилишга мажбур. Бу мушкулликларнинг ҳаммасига улар оиласи ва фарзандлари учун чидайди.

Ватанида эса уларнинг иши, обрўси ва ҳурмати бўлган...ноиложликдан бу ерга келишар экан, том маънода ҳамма нарсадан айрилишади.

Мен ҳам баъзида қурилишда ишлаётган пайтларим хаёлга бериламан. Хаёлимда эса санъаткорман, қўшиқ айтаман, саҳнага чиқаман...Бирдан яна ерга қайтаман. Совуқ ҳаво, қиш, оғир иш. Шунда ичимда оғриқ ҳис қиламан.

Яқинда Питерга бордик. Спектакл қўйдик. Томошабинлар руслар эди. Уларга албатта қизиқ...Муҳожирлар эса театрга тушишмайди. Бу уларнинг театрга бефарқлигидан эмас, балки 12 соат қурилишда ишлагандан кейин яна театрга бориш ва яна ўзининг ҳаёти ҳақида томоша кўриш...Эрталаб эса яна ишга бориш кимга ёқади?

Бир кун келиб мен ўз театримни очишни орзу қиламан. Ёшларга ўз ҳунаримни ўргатаман. Халқ маданиятсиз ўзлигини йўқотади. Биласизми, мен тожик оилаларини кўриб, тушкунликка тушаман...Уларнинг бу ерда туғилган фарзандлари маданияту тарихдан узилиб қолишган. Бу эса даҳшатдир!

Ватанимга қайтишни жуда истайман.Қизларим аллақачон ўқишларини битиришди, ўзлари оила қуришди. Бир ўғлим қолди. Кейин уйга қайтаман...Тоғларимга қайтаман.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар