Франция Аблязовни Россияга топширмайди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Ria novosti
Image caption Франция Аблязовни Россияга топширмайди

Франция Давлат кенгаши собиқ қозоғистонлик банкир, БТА -банк раҳбари Мухтор Аблязовни Россияга топшириш бўйича қарорни бекор қилган.

Бу каби хориж фуқаросини бошқа мамлакатга топширмаслик қарори Франция тарихида иккинчи бор берилмоқда.

Бундан аввал, тарихда фақат Франко режимига испан мухолифатчисини қайтармасликка қарор қилинган.

Давлат кенгаши Аблязовнинг ишини жума куни кўриб чиққан.

Аблязов уч йилдан ортиқ вақт мобайнида Францияда ҳибсда сақланмоқда.

Унинг экстрадициясини бир вақтнинг ўзида Россия, Украина ва Қозоғистон талаб қилмоқда.

Аввалроқ, Аблязов иши бўйича Давлат кенгашида чиқиш қилган ҳисоботчи экстрадиция ҳақида муқаддам чиқарилган қарорни бекор қилишни сўраган эди.

Унинг назарида, Россия собиқ банкирнинг топширилишини сиёсий мақсадлар йўлида истамоқда.

Шу ҳафта БМТнинг Қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Нилс Мелцер Францияга мурожаат билан чиққан ва Аблязовни экстрадиция қилмасликни сўраган.

Унинг айтишича, Аблязовни Россияда ҳам ва ўзининг ватани Қозоғистонда ҳам қийноққа солишлари мумкин.

Франция Россия билан экстрадицияга доир битим имзолаган, аммо Қозоғистон билан бундан бир келишув йўқ.

Қозоғистон ҳукумати Аблязовни давлат ғазнасидан қарийб 6 миллиард долларни ўмарган жиноий гуруҳ тузишда айблайди.

Россия эса уни 5 миллиард рублни ўғирлашда айбламоқда.

Собиқ банкир бу айбловларни рад этади.

Унинг айтишича, барча айбловлар ортида ўзининг Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев билан зиддиятга киришгани, мухолифат партияларга моддий ёрдам бергани ётибди.

Аблязов Қозоғистонни 2009 йилда тарк этганди.

У аввалига Британияда яшади, аммо маҳкамага ҳурматсизлик қилгани учун қамоққа ҳукм этилар экан, мамлакатни тарк этди.

Уч йил аввал Францияда яшириниб юрган Аблязов ҳибсга олинганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.