Дўстум жинсий зўравонликда айбланяпти

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Аҳмад Ишчи оёғидаги жароҳатларни Дўстумнинг уйида олганини даъво қилди

Юқори даражали афғон расмийсининг даъво қилишича, Вице-президент Абдулрашид Дўстумнинг буйруғи асосида уни зўравонлик билан ўғирлашган ва жинсий таҳқирлашган.

Аҳмад Ишчи исмли даъвогар Генерал Дўстум туғилган вилоят Жовузжоннинг собиқ ҳокимидир.

Унинг айтишича, Генерал Дўстум ва яна 10 киши ўтган ой беш кун давомида уни Дўстумнинг уйида мажбуран ушлаб туришган ва таҳқирлашган.

Генерал Дўстум айбловларни рад қилди ва "провокация" деб атади.

Унга кўра, Аҳмад Ишчини у эмас, балки Афғонистон хавфсизлик кучлари ушлаганлар.

"Уни (Ишчини) мухолифатни молиялагани ва хавфсизлик масалаларига мунтазам аралашгани учун афғон хавфсизлик кучлари ушлаганлар", - дейилади Дўстумнинг воизи чиқарган баёнотда.

Этник ўзбек Генерал Дўстум Афғонистоннинг кўп йиллар давом этган урушида энг ёмон хунрезликларда айбланган собиқ дала қўмондонидир.

У 2014 йилда Афғонистоннинг миллий бирлик ҳукуматига қўшилган.

"Шимимни ечиб олдилар"

Аҳмад Ишчининг айтишича, уни 24 ноябрда ўғирлаганлар. Бироқ, бу даъвони мустақил тарзда тасдиқлашнинг имкони йўқ.

Унга кўра, уни Генерал Дўстум ва унинг жамоаси ўртасидаги кўпкари ўйинидан кейин ўғирлашган.

"Дўстум мени ерга итариб йиқитди, оёғини бўйнимга босди. Кейин уйига олиб кетди. Уйига олиб келинганимда, у қўриқчиларига мени машинадан олиб чиқишни айтиб қичқирди", - деди у Би-би-сининг афғон хизматига.

"У саккизта қўриқчисига мени ечинтиришни буюрди. Улар ҳатто шимимни ечиб олдилар".

Унинг айтишича, уни ниҳоят афғон хавфсизлик хизмати идорасига кўчирганлар ва кейин озод қилганлар.

Афғон Президенти Ашраф Ғанининг идораси мазкур айбловлар синчковлик билан тергов қилинишини ваъда қилди.

Оврўпо Иттифоқи ва АҚШ ҳам икки ҳафтага ғойиб бўлиб шанба куни пайдо бўлган собиқ ҳокимнинг гўёки таҳқирланиши борасида тергов ўтказилишига чақирдилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар