Назарбоев: 'Ҳокимиятни бўлишиш вақти келди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Назарбоев президентлик бошқарувини ҳимоя қилган

Нурсултон Назарбоев Қозоғистонда ҳокимият ваколатларини президент, ҳукумат ва парламент ўртасида бўлишиш вақти келганини айтган.

Бу ҳақда у мамлакат мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросим чоғида гапирган.

Айни пайтда Назарбоев Қозоғистонда президентлик бошқаруви тизими сақланиб қолишини таъкидлаган.

"Махсус комиссия бу масалани кўриб чиқиши ва қонунга, эҳтимолки, Конституцияга ҳам ўзгартишлар киритиш борасида таклифларни бериши керак", - дея Назарбоевдан иқтибос келтирган Интерфакс агентлиги.

Қозоғистон раҳбарининг сўзларига кўра, айнан "кучли президентлик ҳокимияти" янги давлатни қуришдаги асосий омил бўлган.

"Ривожланишнинг янги босқичи парламент ва ҳукуматнинг масъулиятини кучайтиришни тақозо қилмоқда", - деган Президент Назарбоев.

76 ёшли Нурсултон Назарбоев собиқ совет ҳудудида энг кўп ҳокимиятда қолаётган раҳбар саналади.

У биринчи марта 1991 йилда президент этиб сайланган.

Ворислик масаласи

Назарбоевнинг сўнгги баёноти Қозоғистон раҳбари ҳокимиятни топширишга тайёргарлик кўраётгани ҳақида навбатдаги фаразларга сабаб бўлган.

Ўтган ой Bloomberg агентлигига берган интервюсида у ҳокимиятни фарзандларига топшириш нияти йўқлигини айтганди.

"Мен болаларимнинг ворислигини кўзламаяпман - ўйлайманки, бу масала биз учун эмас. Ҳокимиятни топшириш бизнинг конституциямизда ёзиб қўйилган", деб айтган Президент Назарбоев.

Мухбирларнинг 2020 йилдаги Қозоғистондаги президентлик сайловида қатнашиш-қатнашмаслиги ҳақидаги саволига Назарбоев, бу ўзининг саломатлиги ва жамоат қўллаб-қувватловига боғлиқ эканини айтган.

"Мен 2020 йилгача ишлайман. Сиз билан 2020 йили учрашамиз", - деб айтган Қозоғистон Президенти.

Назарбоевнинг эҳтимолий вориси сифатида кўриладиган тўнғич қизи Дариға Назарбоева шу йил сентябрида сенатор этиб тайинланган.

Қозоғистон Конституциясининг 48-моддасига биноан мамлакат Президенти ўз вазифаларини бажара олмай қолгани тақдирда унинг ваколатлари Сенат раисига юкланади.

Ўзбекистонда Бош вазир Шавкат Мирзиёев вақтинча президент этиб тайинланганидан бир неча кун ўтиб, Назарбоев ўз ўрнига даъвогарлардан бири сифатида кўриб келинган Бош вазир Карим Масимовни лавозимидан бўшатган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг