Энди ҳам сўкиб кўринг-чи, жазоланасиз

Бишкек Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Агар, Қирғизистонда бундан буёғига жамоатчилик жойларида сўксангиз ёки ҳаддан зиёд тегажоқлик қилсангиз, 8 соатлик жамоатчилик ишларига жалб қилиниш баробарида энг кам иш ҳақининг 15 бараваригача жаримага тортилиш ёки 5 суткага қамалишингиз мумкин.

Бу каби маъмурий жазо турлари жамоат тартиби ва осойишталигини бузувчи шунга ўхшаш бошқа майда жиноят турларини ҳам кўзда тутиши айтилмоқда.

Маълум бўлишича, бунга Қирғизистондаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган тузатишлар асос беради.

Янги таҳрирдаги кодекс эса, бугун - душанба куни Қирғизистон парламенти аъзолари томонидан маъқулланган.

Бу ҳақда Қирғизистоннинг http://www.24kg.org/ интернет нашри хабар бермоқда.

Фақат бугина эмас...

Вояга етмаганлар томонидан содир этилувчи майда безориликлар ҳам энди ота-оналарга анчагина қимматга тушиши маълум бўлган.

Аён бўлишича, улар бундан буёғига ўз фарзандларининг қилмиши учун энг кам иш ҳақининг 10 баравари миқдоригача жарима тўлашларига тўғри келиши мумкин.

Бундан ташқари, иш жойида спиртли ичимлик ичиш ёки ишга сархуш ҳолатда келишга ҳам худди шу каби маъмурий жазо тури кўзда тутилган, уларнинг ҳам худди шунча миқдордаги жаримага тортилишлари белгилаб қўйилган.

Кодексга киритилган янги ўзгартиришлар жамоат жойларида гиёҳванд ва психотроп моддаларни истеъмол қилиш ёки инсон қадр-қимматини оёқ-ости қилиш даражасида маст аҳволда кўриниш бериш ҳолларини ҳам назардан қочирмаган.

Бу каби ҳолатлар учун энг кам иш ҳақининг 10 баравари миқдоригача жаримадан ташқари, 8 соатлик жамоатчилик ишларига жалб қилиниш каби маъмурий жазо турлари кўзда тутилган.

Агар, жазолангандан кейин ҳам, бир йилнинг ичида бу ишга такроран қўл ургудек бўлсангиз, сиз учун кўзда тутилган жарима миқдорининг аввалгисидан кўра икки баробарига кўп бўлиши айтилган.

Вояга етмаган шахсларни тиланчилик, спиртлик ичимликлар ичиш, гиёҳванд ва психотроп бўлмаса-да, ақл-ҳушига таъсир қилувчи моддалар истеъмол қилишга жалб этиш ҳам алоҳида маъмурий жазо турига лойиқ, деб кўрилган.

Бу каби шахсларнинг 8 соатлик жамоатчилик ишларига жалб қилиниш баробарида энг кам иш ҳақининг 50 дан 100 баробаригача бўлган миқдорда жаримага тортилишлари айтилган.

Минимал иш ҳақи

Қирғизистонда бугун минимал иш ҳақи - 1060 сом (15 АҚШ долларидан сал ортиқроқ)ни ташкил қилади.

Сўнгги йилларда иқтисоди бироз жонланаётганига қарамай, Қирғизистон ҳануз дунёдаги энг қашшоқ давлатлардан бири сифатида қолмоқда.

Яқинда эълон қилинган расмий маълумотларга қаралганда ҳам, мамлакат аҳолисининг учдан бир қисмидан ортиқроғи камбағалликда ҳаёт кечиради.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотига кўра, ҳатто, 2011 йилдан буёғидаги ҳолат ҳам Қирғизистонда камбағаллар сони ортиб борганига далолат қилган.

Кузатувчилар, агар четда меҳнат муҳожирлигида банд аҳоли юбораётган маблағлар бўлмаса, Қирғизистондаги яна минглаб оилалар ҳозиргидан ҳам оғир аҳволга тушиб қолган бўлишларини таъкидлашади.

Сўнгги тузатишлар учун эса, 111 депутатдан барчаси якдиллик билан овоз беришгани айтилмоқда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг