ИШИДга қўшилишга уринган рус қиз 4,5 йилга қамалди

Фото муаллифлик ҳуқуқи RiaNovosti
Image caption Караулова ўз қилмишидан пушаймонлик изҳор қилган

Москва округи ҳарбий маҳкамаси Москва давлат университетининг собиқ талабаси Варвара Карауловани "Исломий Давлат" экстремистик гуруҳи сафларига қўшилишга уринганликда айбдор деб топиб, тўрт ярим йилга озодликдан маҳрум этган.

Каралуова жазони умумий тартибдаги колонияда ўташи маълум қилинган.

Давлат қораловчиси айбланувчини 5 йил қамоқ ва 150 минг рубл жаримага маҳкум этишни сўраган.

Би-би-си мухбирининг суд залидан ёзишича, ҳакамнинг сўзларига кўра, Караулова радикал исломий қарашларга эга бўлгани ва муқаддас уруш ёки жиҳод олиб боришни ёқлагани гувоҳларнинг кўрсатмалари орқали тасдиқланган.

Маҳкама ҳукмида айтилишича, Караулова "террорчи ташкилот фаолиятида иштирок этиш тараддудида бўлганини билган ва Россияга қайтгач, "Исломий давлат" амалларини оқлаган ҳамда ИШИД га қайтадан қўшилиш режаларини тузган".

Караулованинг ўзи сўнгги сўзида ўз ҳаракатларини "ўсмирнинг ғалаёни" сифатида баҳолаган ҳамда ўз яқинлари ва махсус хизматлардан кечирим сўраган.

"Менда ўсмирлик ғалаёни бўлган. Одатда бу одамларда 14-15 ёшида бўлади, менда эса 19 ёшимда бўлди... Мен хато қилганимни англаб етдим ва, ўйлайманки, бу хатойим учун тўла жазойимни олдим", - деди Караулова Москва округининг ҳарбий судида ўтаётган суд ишида берилган охирги сўзида.

У шунингдек, ИШИД сафларига қўшилиш учун ҳеч қандай тайёргарликдан ўтмаганини айтган.

Караулованинг айтишича, у ИШИДнинг Саматов фамилияли аъзосини севиб қолган, лекин, бу севги "оғриқли ва номақбул" бўлган.

Давлат айбловчиларига кўра, Караулова Сурияга ўтиш учун Туркияга борган ва бу йўлда ҳатто "ўз оиласи ва севимли ити"ни тарк этган.

Айбланувчининг адвокатлари ҳакамларни Караулованинг айбсизлигига ишонтиришга уринганлар.

Караулова 2015 йилда Туркияда ушланиб, Россияга депортация қилинганди.

МДУ уни талабалар сафидан чиқарган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг