Қирғизистон: "Айбсизлик презумпциясига риоя қилинсин"

Вазирлик баёноти

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Истанбулда Янги йил кечаси тунги клубда юз берган ҳужумга алоқадор кўрилиб, сўроққа тутилганлар юзасидан "айбсизлик презумпциясига" риоя қилиниши кераклиги ҳақида баёнот чиқарган.

Аввалроқ Туркия матбуотида ҳужумни амалга оширган, дея гумон қилинган Қирғизистон фуқароси Яҳё Машраповнинг паспорти фотосурати тарқатилганди.

Би-би-си билан суҳбатда Яҳё Машрапов Истанбул аэропортида сўроқ қилиниб, қўйиб юборилганлиги ва ҳужумга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтган.

Машраповнинг айтишича, у 31 декабр куни Pegasus ҳаво йўллари билан тижорий мақсадда Бишкекдан Истанбулга учиб борган.

Истанбулда бир кеча меҳмонхонада қолиб, Бишкекка қайтишда самолётда хавфсизлик ходимлари уни текширишган.

"Икки киши мени текширди ва паспортимни олиб, самолётдан тушишни сўрашди. Тушганимда 20 тача полиция ходимларини кўрдим. Улар менинг паспортимдан нусҳа олишди ва ярим соат давомида сўроқ қилишди. Бир-бирлари билан гаплашиб, қаерларгадир телефон қилишди", - деб айтган Яҳё Машрапов.

Унинг сўзларига кўра, турк полицияси унга 31 декабр куни юз берган террор ҳужумида гумон қилинаётганини айтган.

Полиция Машрапов "ҳужумчига жуда ўхшаши"ни айтган.

"Улар менга гумондорнинг сурати ва видеосини кўрсатишди. У менга ўхшарди, деб ўйламайман. Бир соатдан кейин улар узр сўраб, мени қўйиб юборишди", -деган қирғизистонлик тужжор.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигининг айтишича, Туркия томонидан ҳужумда Қирғизистон фуқаролари қўли борлигини текширишга ёрдам бериш бўйича бирон расмий сўров олмаганлар, лекин шунга қарамай, қирғиз томони ўз текширувларини ўтказмоқда.

Kg.24 агентлигининг хабар беришича, Анқарадаги Қирғизистон элчихонаси ҳатто баъзи Туркия нашрлари билан боғланиб, тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмаслик ва Машраповнинг ҳужумга алоқадорлиги борасидаги хабарларни рад этишни сўраган.

Баъзи хабарларга кўра, Машраповдан узр сўраш талаб қилинган.

Бу хабарларни Қирғизистон элчихонасидан бевосита тасдиқлаш имкони бўлмади.

Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида ҳам Яҳё Машраповнинг ҳужумга алоқаси борлиги ҳақидаги дастлабки маълумотлар ўз тасдиғини топмагани айтилган.

Вазирлик матбуот воситаларидан ҳар қандай тергов жараёни вақтида риоя этилиши керак бўлган тамойиллар, жумладан, "айбсизлик презумпциясига" қатъиян риоя қилиниши кераклигини таъкидлаган.

Айни вақтда Туркия томонидан дипломатик йўллар орқали ҳужумни текшириш борасида ёрдам келиб тушган тақдирда, бу каби ҳамкорликка тайёр эканликлари билдирилган.

1 январга ўтар кечаси номаълум қуролли Истанбулнинг Reina тунги клуби мижозларига қарата ўт очганди.

Натижада 39 киши ҳалок бўлган, 70 га яқин одам яраланган.

Қурбонлар орасида 16 нафар хорижлик, жумладан, Саудия Арабистони, Исроил, Ливан, Иордания, Франция ва Белгия фуқаролари бор.

Ҳужум учун масъулиятни "Исломий давлат" экстремистик гуруҳи ўз зиммасига олган.

Гуруҳ номидан эълон қилинган баёнотда айтилишича, "халифалик аскари насронийлар бидъат байрамни қутлаётган клубга ҳужумни амалга оширган".

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг