Мусулмон уламолари Россияга қарши

Владимир Путин Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Россияга қарши мавқеъ билан кутилмаганда қўшни Афғонистондаги ўнлаб мусулмон уламолари чиқишган.

Улар пойтахт Кобулда, ҳатто, хос йиғин уюштириб, Россия ва Америкадан Афғонистонни ўз манфаатлари йўлида ўзаро рақобат майдонига айлантирмасликларини сўрашган.

Маҳаллий кузатувчиларга кўра, бунақаси Афғонистонда собиқ Шўролар Иттифоқи ишғоли якун топган ўтган 30 йилча вақт давомида кузатилмаган.

Кобулдаги йиғин иштирокчилари эса, шундоқ ҳам кечаётган урушлар афғон халқи бошига тушган улкан фалокат эканини айтиб, Толибон билан тинчлик жараёнига ўзлари - уламоларни жалб этишларини сўрашган.

Энг қизиғи, Кобулдан мухбиримиз Фазл Аҳмад Ёлғузнинг айтишича, йиғинга яқин-яқингача ўзининг толибонпарастлиги билан танилиб келган "Исломий инқилоб ҳаракати" партияси бошчилик қилган.

Ўнлаб мусулмон уламоларининг бу каби даъвати эса, Россиянинг Афғонистон Толибон ҳаракати билан яқинлашиб бораётгани ва расмий Москва "Ҳизби Исломий" партияси раҳбари, "ваҳшатнок" мужоҳиддин қўмондони Гулбиддин Ҳикматёрнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти "қора рўйхати"дан чиқарилишига рўйхушлик бермаганига оид хабарлар манзарасида янграмоқда.

Гулбиддин Ҳикматёр ва "Ҳизби Исломий" партиясининг қуролли қаноти афғон ҳукумати ўтган 15 йил ичида тинчлик битимини имзолашга муваффақ бўлган минтақадаги биринчи жангари гуруҳи бўлган.

Томонлар ўртасида ўтган йил сентябрь ойида имзоланган келишув афғон ҳукумати қолиб, ҳам АҚШ ва ҳам Нато томонидан хуш қаршиланган, янги ҳужжат қолган қуролли гуруҳлар билан ҳам сулҳу мадора жараёнига йўл очишига оид умидларни пайдо қилганди.

Аммо бу битим амалий ижросининг шартларидан бири - айнан Гулбиддин Ҳикматёрнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти "қора рўйхати"дан чиқарилиши бўлганди.

Афғонистонда Толибон ҳаракати, "ал-Қоида", "Ҳаққоний" тармоғи ва ИШИД дохил турфа мақсадларни кўзлаган ўндан ортиқ жангари гуруҳларнинг қуролли ҳозирликлари борлиги айтилади.

Ким нима дейди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Ўз вақтида Афғонистон Бош вазири бўлган, ўтган асрнинг 80-йиллари бошларида Афғонистондаги Шўролар ишғолига қарши курашда Америка томонидан ҳам дастаклангани айтилган Гулбиддин Ҳикматёр эса, яқин-яқингача шароитга қараб, афғон тупроғида жанг қилаётган бу гуруҳлардан энг йирикларининг қалин иттифоқчиси сифатида ҳам кўрилган.

Расмий Кремль Гулбиддин Ҳикматёр билан боғлиқ ўзининг сўнгги қарори сабабини расман очиқламаган, Афғонистон Толибон ҳаракати билан алоқаларини мустаҳкамлаётганига оид хабарлар юзасидан эса, шу пайтгача бир-бирига зид баёнотлар бериб келмоқда.

Буларнинг барчасига қўшимча, "Россия томони толибларга, ҳатто, қурол-яроғ етказиб беришни ҳам бошлаганмиш", деган даъволар манзарасида расмий Москванинг бугунги ниятлари фақат ИШИД хавфининг олдини олиш билан боғлиқ эмаслиги, улар шундоқ ҳам урушлар гирдобидаги Афғонистонда худди Украина ёки Суриядагиси каби АҚШ билан билвосита рақобатга киришиш режасида, эканликларига оид хавотирлар ҳам пайдо бўлган.

"Биласизми, бунинг сабабини тушунтириш жуда қийин. Чунки сиёсатшунослик нуқтаи назаридан, жиддий экспертлар нуқтаи назаридан Россиянинг кўпгина ҳаракатларини тушуниш жуда қийин. Бунинг психологиясини англаш учун руҳшуносни таклиф қилса бўлади. Чунки Россия ҳозир жуда ҳам аламзада", - дейди, жумладан, Тошкентдан сиёсий таҳлилчи Анвар Назиров.

"Россиянинг Афғонистондаги мақсадлари бошидан ўхшамаган. Россия худди ҳозир Сурия мисолида бўлгани каби, ички ишларига ҳарбий аралашув жараёнини Афғонистон ҳудудида ҳам бошламоқчи эди. Яъни халқаро террорчиликка қарши кураш шиори остида... Афғонистондаги лойиҳаси "ўхшамаганидан" ташқари, Россия Сурияни бўлиб олишга мажбур бўлди...Чунки Украинани бўлиб олишга қаратилган катта бир лойиҳаси ҳам иш бермагандан кейин, бунга рози бўлди. Лекин, шунга қарамасдан, фақат ғарбий Суриянигина Россия ва Эроннинг "одами", деб кўрилган Башар ал-Ассад назорат қилаяпти. Шунга ҳозир Россия нимани таклиф қилишни билмаяпти", - дейди Тошкентдан сиёсий таҳлилчи Анвар Назиров Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида.

"Ҳозир Россия сиёсатидан мақсад - Сурияда "ўхшамаяптими" ёки тўхтаб қолдими, энди Афғонистон орқали кириш ёки бўлмаса, Афғонистон ҳудуди орқали Нато билан қарама-қаршиликни бошлаш...".

Уламолар-чи?

Афғонистон Уламолар Кенгаши аъзоси Мавлавий Абдулхабир Учқуннинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, энг аввало кучайиб бораётган "ИШИД хавфига қарши" изоҳи остида Россиянинг Толибон билан алоқаларини яхшилаётгани"га оид сўнгги пайтларда пайдо бўлаётган хабарлардан жиддий хавотирдалар.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, бунга жавобан мавжуд вазиятга АҚШ ҳам аралашадиган ва "ИШИДни дастаклайдиган бўлса", Афғонистондаги шундоқ ҳам енгил бўлмаган вазият янада мураккаблашиб кетиши мумкин.

Бунга биргина собиқ Шўролар Иттифоқи ишғоли тажрибасининг ўзи мисол, дейди бу уламо суҳбатдошимиз.

Худди шу манзарада афғон можаросига бағишлаб, яқинда расмий Кобулнинг иштирокисиз Москвада Россия, Покистон ва Хитой иштирокида бўлиб ўтган уч томонлама музокараларни ҳам назарда тутиб, Мавлавий Абдулхабир Учқун уламолар Кремлнинг Афғонистон ички ишларига "аралашуви"дан қайғу ва ташвишда эканликларини айтади.

"Уламолар Афғонистон янги уруш майдонига айланишидан хавотирдалар. Чунки бунинг натижасида Афғонистон иқтисодий, ҳарбий, сиёсий,..ҳар жиҳатдан зиён кўриши мумкин. Худди шу боис ҳам уламолар мавжуд вазиятдан ўз хавотирларини билдириб, Афғонистон халқига ўз ички муаммоларини тинч йўл билан ўзлари ҳал қилишлари, Россия ва Американинг ҳийласига учмасликларини сўраб, мурожаат қилишди", - дейди суҳбатдошимиз.

Аммо

Фото муаллифлик ҳуқуқи video

Афғонистон Уламолар Кенгаши, айниқса, сўнгги икки йил ичида афғон можаросига чек қўйиш йўлида ўзининг бу каби йиғинларига зўр берган, минтақадаги барча қуролли гуруҳларга ҳам мурожаат қилиб, қўлларидан қуролларини қўйиш, "динда ҳаром экани"ни айтиб, худкушлик ҳужумларидан тийилишга қаратилган даъватларини кучайтирган.

Аммо, уларнинг бу каби саъй-ҳаракатлари манзарасида ҳам, айни шу давр оралиғида Афғонистон қайта зўравонликлар гирдобига ботган, бутун мамлакат бўйлаб толиблар қайта фаоллашишга муваффақ бўлишларидан ташқари, Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи ҳам мамлакатга ҳар томондан сизиб киришга муваффақ бўлган.

Шундай экан, Россия ва Америкага қаратилган сўнгги мурожаатларингдан амалда қандайин наф бўлиши мумкин, деган саволимизга эса, уламо суҳбатдошимиз, "улар бизнинг даъватимизга қулоқ тутиш-тутмасликларидан қатъиназар, бизнинг мақсадимиз - мавжуд вазият борасида Афғонистон давлати ва миллатига огоҳлик бериш", - дейди.

"Афғонистон ҳукумати ҳам мамлакат ички ишларига ошкора аралашмоқчи бўлган давлатларга диққат қилсин. Россиядан яна бир бор Эрон ва бошқа давлатлар билан турли ҳийлаларга киришмаслигини талаб қилсин. Гулбиддин Ҳикматёрнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти "қора рўйхати"дан чиқарилиши билан боғлиқ можарони ҳал қилсин. Тинчлик жараёнига йўл очилсин. Чунки Афғонистоннинг бунга қаттиқ эҳтиёжи бор".

"Биз - Афғонистон Уламолар Кенгаши сулҳ масаласида 5 йиллик махсус стратегия ишлаб чиққанмиз. Кенгаш тез орада уни ошкор қилади. Унда тинчлик жараёнида уламолар ва хотин-қизларнинг тутажак ўринлари алоҳида кўрсатилган. Толибон сафларига ёлланаётган барчанинг ҳам исломий саводхонлигини юқори, деб бўлмайди. Агар, уламолар Исломда қон тўкиш, одам ўлдиришнинг ҳаром эканидан уларни огоҳ этишса, назаримда, бу сулҳнинг қарор топишига кўмак бериши мумкин бўлган энг катта иш бўлади", - дейди у.

Россия ва Афғонистон

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Ўзининг мусулмон аҳолиси орасида исломий экстремизм ҳолларининг кучайишидан хавотирда бўлган Россия эса, 2001 йилда Афғонистонда Толибон тузумининг Исломий амирлигини қулатишида АҚШ бошчилигидаги иттифоқ кучларини қўшқўллаб дастаклаган.

Орада кечган вақт давомида ноҳарбий йўлда янги қудратга келган афғон ҳукуматини ҳам қўллаб-қувватлаб келган.

Афғонистонга шундоққина қўшни ва ҳануз ўзининг таъсир доирасида сақлаб қолишга уринаётган Марказий Осиё давлатларида террорчилик хавфининг кучайиши билан боғлиқ хавотирлари боис эса, Натонинг шундоққина тумшуғи остидаги узоқ йиллик ҳарбий ҳозирлигига ҳам тишини-тишига қўйиб, миқ этмай келган.

Катта сондаги Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг Афғонистондан 2014 йилги оммавий сафарбарлиги ортидан, аксарият таҳлилчилар бундан буёғига минтақада кучлар мувозанати ўзгариши, Афғонистон масаласида энди Россия ва Хитой етакчи сўзни айтишга уринишларини башорат қилишганди.

Таҳлилчиларга кўра, Россия ҳозир ўта муҳим гео-сиёсий жойлашувини қаттиқ назарда тутиб, ҳатто, оз сонда эса-да, Американинг Афғонистондаги ҳарбий ҳозирлиги давом этаётганидан жиддий хавотирда.

Уларнинг айтишларича, Россиянинг наздида бу - америкаликларга Афғонистондан туриб Хитой, Марказий Осиё, Эрон, Россия ва Покистонни назорат қилишнинг имконини беради.

Аммо айрим таҳлилчилар наздларида Америкада Россия билан алоқаларни яхшилаш ваъдасида бўлган ва расмий қасамёдга келтирилмасидан аввалроқ аксарият сиёсий доираларда "россияпараст" сифатида кўрилаётган Дональд Трампнинг қудратга келиши эҳтимолий тангликнинг олдини олиши мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Ўз навбатида, бу каби умидбахш башоратларни савол остига олаётган экспертлар ҳам йўқ эмас.

Россиянинг Афғонистон билан боғлиқ сўнгги саъй-ҳаракатларига Америка ва жумладан, Натонинг муносабати қандай бўлиши мумкин, деган саволимизга жавоб бераркан, Тошкентдан таҳлилчи суҳбатдошимиз Анвар Назиров, "менинг фикримча, конгресс ва Трамп ўртасидаги жанжал ҳали олдинда. Бу албатта бўлади. Умуман, Америка Қўшма Штатларида биринчи бор бунақа ноаниқ вазият пайдо бўлди...", дейди.

Худди шу манзарада Афғонистоннинг Россия ва АҚШ ўртасида янги "прокси-уруши" майдонига айланиши эҳтимоли ҳануз жиддий экани ҳақида сўз юритаётган таҳлилчилар сонини оз, деб бўлмайди.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, собиқ Шўролар Иттифоқи ўзининг 10 йиллик ҳарбий ҳозирлиги ортидан, 1989 йилда Афғонистонни ташлаб чиқишга мажбур бўлган.

Бунинг ортидан Афғонистон айнан "Ҳизби Исломий" партияси раҳбари Гулбиддин Ҳикматёр "асосий ўйинчи"ларидан бири сифатида кўрилган бир неча йиллик қонли фуқаролар урушига ботган, минглаб инсоннинг умрига зомин бўлган бу ички қуролли низолар 1996 йилда мамлакатда толибларнинг қудратга келиши билан якун топганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг