Марказий Осиёдан Сурияга илк ёрдам

Нурсултон Назарбоев Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Қозоғистон Бирлашган Миллатлар Хавфсизлик Кенгаши томонидан оташкесим эълон қилинишидан саноқли кунлар ўтиб, Сурияга инсонпарварлик ёрдами кўрсатган биринчи Марказий Осиё давлати бўлган.

Қозоғистоннинг асосан турли кўринишдаги озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат ярим миллион тоннага яқин кўмаги 6 январь куни Россия воситасида Суриянинг Тартус бандаргоҳига етказилган.

Бу ҳақда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги расман хабар берган.

Вазирликка кўра, "инсоний бўҳроннинг кўламини назарда тутиб, Сурияга инсонпарварлик ёрдами шахсан президент Нурсултон Назарбоевнинг қарори билан кўрсатилган".

Бирлашган Миллатлар Хавфсизлик Кенгаши 31 декабр куни Сурияда оташкесим эълон қилиш ва тинчлик музокараларини бошлаш тўғрисида Россия томонидан тайёрланган резолюцияни якдиллик билан қабул қилганди.

Сулҳу мадора

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Мазкур резолюция эса, Сурияда беш йилдан буён давом этиб келаётган қонли фуқаролар урушига чек қўйишни кўзда тутади.

Давомий қуролли низолар шу пайтгача 200.000 дан ортиқ инсоннинг умрига зомин бўлган, миллионлаб сурияликларни дарбадар қилган, мамлакатнинг аксарият ҳудудлари бўҳроний вазиятга юз тутган.

Россия "президент Башар ал-Ассад тузумини қўллаш учун" Суриядаги ҳарбий иштирокини 2015 йилнинг сентябрь ойида бошлаган, қарийб бир ярим йиллик ҳарбий амалиётлари ортидан, Кремль расмий Анқара кўмагида рақиб томонлар ўртасида сулҳу мадорага эришишга муваффақ бўлган.

Сурияга оид тинчлик музокараларининг эса, шу ой айнан Қозоғистон пойтахти Остонада бошланиши мўлжалланган.

Агар, Қозоғистондаги айрим интернет нашрлари тарқатган хабарларга таянилса, Россия бунча қисқа вақт ичида кўрсатган инсонпарварлик кўмаги учун расмий Остонадан мамнунлигини изҳор этган.

Айрим халқаро таҳлилчилар наздларида эса, ўзининг сўнгги ҳарбий иштироки ортидан, Россия Яқин Шарқда яна асосий ўйинчилардан бирига айланган ва Сурия можароси ечимида якуний сўзни айтувчи давлат мақомигача кўтарила олган.

Сурия ва Марказий Осиё

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Россия Президенти Владимир Путин эса, орада бу ишга биргина Сурия Президенти Башар ал-Ассаднинг таклифи билангина эмас, ўзларининг манфаатларини ҳам ўйлаб бош қўшганликларини айтган.

Сурияда тўрт мингга яқин собиқ Шўро фуқароларининг президент Ассад кучларига қарши жанг олиб боришаётганига оид маълумотларни ўз сўзларининг исботи ўлароқ келтириб ўтганди.

Қозоғистон дохил барча Марказий Осиё давлатлари эса, Яқин Шарқда бўладими ва ёки шундоққина биқинларидаги Афғонистонда, сўнгги йилларда ИШИД жангари гуруҳи хавфининг кучайиб бораётганидан ўз хавотирларини бирдек ошкора изҳор этиб келишган.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, бу - Қозоғистон Сурия халқига кўрсатаётган биринчи инсонпарварлик ёрдами эмас.

Расмий Остона ўз ҳудудларидаги суриялик қочқинларга кўмак беришлари учун илк бор 2012 йилда Исломий Ҳамкорлик Ташкилоти орқали Иордания ва Ливанга қарийб ярим миллион доллар миқдорида молиявий кўмак ажратган.

2015 йилнинг октябрь ойида эса, Қозоғистон пойтахти Сурия мухолифати вакилларининг музокараларига мезбонлик қилган.

Худди ана шу учрашув чоғида имзоланган махсус меморандумда Қозоғистоннинг Сурия-Туркия чегарасидан бошпана топган қочқинларга ҳам қарийб 400.000 евролик инсонпарварлик кўмаги кўрсатиши кўзда тутилганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг