Ўзбек аёллари ИШИД билан жанг қилишмоқчи

ИШИД Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Қўшни Афғонистоннинг Туркманистонга бевосита чегарадош шимолий Жаузжон вилоятидан олинган хабарларга кўра, ўнлаб ўзбек аёллари Толибон ва ИШИДга қарши жанг олиб бориш учун қўлларига қурол олишган.

Бу аёлларнинг айтишларича, бу икки гуруҳ жангарилари ўзларига бундан бошқа танлов қолдиришмаган ва уларнинг шафқатсизликларига ортиқ тоқат қилиш ниятлари йўқ.

"Уй-жойларимизга ўт қўйса, ёш болаларимизни кўз ўнгимизда биғиллатиб ўлдирса, бунга жимгина қараб ўтириб бўладими?", - дейди қўлларига қурол олган ўзбек аёлларига қўмондонлик қилаётган 53 ёшли Зармина опа Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида.

Афғонистоннинг аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош шимолий ва шимолий-шарқий минтақаларида "фаоллашиш ҳаракати"да бўлган жангариларга қарши жанг қилиш истагида бўлган бу аёлларнинг суратлари яқинда турли ижтимоий-мулоқот тармоқларида пайдо бўлган.

Айниқса, ИШИД гуруҳининг қанчалик шафқатсизлиги билан ном чиқарганини назарда тутиб, жаузжонлик ўзбек аёлларининг бу каби "жасорати" аксарият интернет фойдаланувчиларининг олқишларига ҳам сазовор бўлмай қолмаганди.

"Йўқ, нимадан қўрқамиз. Қўрқишимиздан қўлимизга қурол олиб бўлдик-ку!.. Эркаклардек уришамиз. Чунки ҳозир ўзимизни ўзимиз ҳимоя қилишдан бошқа чорамиз йўқ. Акс-ҳолда бу жангарилар бизни ўлдиришади", - дейди "қўмондон" суҳбатдошимиз Зармина опа.

Таъкидлаш жоиз, бунақаси президент Муҳаммад Ашраф Ғаний қудратга келган 2014 йил сентябрь ойидан буён қўшни Афғонистоннинг Жаузжонидан бўлак бошқа ҳеч бир вилоятида кузатилмаган.

Ҳаммаси қандай бошланганди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook

Зармина опа асли Жаузжоннинг сўнгги йилларда иккита энг беқарор туманидан биттаси саналувчи ва толиблар баробарида ИШИД жангарилари ҳам фаоллашишга муваффақ бўлгани айтилувчи Дарзобидан.

Аммо, суҳбатдошимизнинг айтишича, айнан ИШИД гуруҳининг шафқатсиз ҳужумлари сабаб, тўрт ойдирки, вилоятнинг ўта нотинч экани билан ном чиқарган бошқа бир тумани - Қўш-Тепадан бошпана топиб туришибди.

"Устимизга бостириб келишди. Қишлоқ аҳли Қуръонни олиб чиққанди, унга ҳам қарамади. Тепиб, "Бор йўқолларинг, кофирлар, сизлар ҳам мусулмонмисизлар", - дейишди. Ёш болаларни олиб, шундоққина кўз ўнгимизда ерга уриб, ўлдиришди. Кучукларимиз югуриб келишганди, уларни ҳам уриб, тепкилаб ташлашди. Уйимиздан бир нарса олиб чиқа олганимиз йўқ. Устимиздаги биттагина кўйлак билан қочиб чиқдик", - дейди Зармина опа.

"Қишлоғимизни буткул босиб олишди. Бир кучугимиз қолмади, эшагимиз қолмади, молимиз қолмади... Бутун тирикчилигимиз барбод бўлди. Ҳозир 80 хонадон Дарзобнинг Гармжаридан қочиб, Қўш-Тепанинг Навобод қишлоғига, бегона одамларнинг уйларига келиб ўтирибмиз".

Ҳозир Қўш-Тепа туманида бўлган маҳаллий полиция қўмондони Боймурод Ҳожи Қаюмнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, ИШИД Зармина опаларнинг Гармжар қишлоғига толиблар билан ҳамкорликда ҳужум қилган. Одамларнинг бор-будларини яксон қилган.

Суҳбатдошимизга кўра, бугун қўлларига қурол олиб, Толибон ва ИШИД га қарши жанг қилиш аҳдида бўлган бу аёллар - болалари, эрлари, ака-укалари ва яқинлари жангарилар томонидан ўлдирилган ана шу аёллар бўлади.

"Эрлари, ака-укалари, фарзандларини ўлдирди. Уй-жойларига ўт қўйди. Кучугигача ўлдирди. Уларни бор-будидан мосуво қилди. Ана шу чорасиз қолган аёллар қўлларига қурол олишга қарор қилишди ва энди ИШИД билан жанг қиламиз дейишаяпти", - дейди Боймурод Ҳожи Қаюм.

Полиция қўмондонининг билдиришича, бу аёлларнинг барчаси қурол-яроғдан бемалол фойдалана олишади ва жанг олиб боришни ҳам билишади.

"Қўмондон" Зармина опа

Агар, ўзининг сўзларига таянилса, "қўмондон" Зармина опа асли уй бекаси.

Оилали, 9 фарзанднинг онаси ва турмуш ўртоғи ҳам ҳаёт.

Аммо жангарилар сабаб, бошларига тушган чорасиз аҳволлари сабаб, на-да болалари ва на-да эри ўзининг қўлига қурол олиб, Толибон ва ИШИД га қарши кураш истагига қаршилик кўрсатишган.

Зармина опанинг айтишича, ўзи ва унинг "қўмондонлиги" остида бўлган ўнлаб ўзбек аёллари милтиқ отиш ва жанг қилишни ўз эрларидан ўрганишган.

Бу аёллардан ўзи дохил айримлари аллақачон эркаклари билан бир сафда "жанг жабҳаси" таъмини татиб ҳам улгуришган.

У кишига кўра, қўлларидаги қурол-яроғларни ҳам ўз пулларига сотиб олишган.

"Дарзоб бўладими ва ёки Қўш-Тепа, Афғонистоннинг қаерида лозим бўлса, ўша ерга бориб, жангариларга қарши курашга ҳозирмиз", - дейди Зармина опа.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, ўзларининг бу каби истакларига Жаузжон вилояти масъуллари ҳам бефарқ бўлишмаган, кўмак беришлари ва ҳимоя қилишларини айтишган.

Масъуллар муносабати

Шимолий Жаузжон вилояти ҳокими матбуот воизи Муҳаммадризо Ғафурийнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, Зармина опа қўмондонлик қилаётганига қўшимча, куни-кеча яна юзга яқин аёл шу каби истакни изҳор этишган.

Матбуот воизига кўра, вилоят ҳокимлиги уларга кўмак бермоқчи, мустақил, кўнгилли равишда жанг олиб бораётган ва бормоқчи бўлаётган бу аёлларни маҳаллий полиция сафларига жалб этмоқчи.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, Зармина опаларнинг Гармжар қишлоғида юз берган ҳодиса маҳаллий хавфсизлик кучлари одамларнинг ҳаётларини тақдирнинг ҳукмига ҳавола этиб қўйишганини англатмайди.

У, бир томондан, мавжуд воқеъликни Толибон бўладими ва ёки ИШИД, жангарилар атайдан энг аввало ҳимоясиз, қўлларида ҳеч бир қуроли бўлмаган оддий одамларни нишонга олиш тактикалари билан изоҳлайди.

Бошқа тарафдан, вилоят ҳокими матбуот воизи Жаузжоннинг айнан Дарзоб ва Қўш-Тепа туманларида ҳар икки гуруҳ жангарилари фаол экани, уларнинг ҳужумлари олдини имкон қадар олишга ҳаракат қилишаётган эса-да, бунга ҳарбийларнинг қўллари калталик қилаётганини айтади.

Суҳбатдошимизнинг маълум қилишича, бу икки туманни жангарилардан тозалаш учун аллақачон марказий афғон ҳукуматига ҳам мурожаат қилишган, улардан ҳам ердан ва ҳам ҳаводан ўзларига кўмак беришларини сўрашган.

Дарзоб ва Қўш-Тепа

Агар, Жаузжон вилояти ҳокими матбуот воизи Муҳамадризо Ғафурийнинг сўзларига таянилса, ИШИД сўнгги пайтларда толиблар ҳисобидан ўз сафларини кенгайтириб, ҳам Дарзоб ва ҳам Қўш-Тепада янада фаоллашиш ҳаракатида.

Бу масалада эса, ИШИД гуруҳига Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари кўмак беришмоқда, дейди у.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, бундан олти ойча бурун бу икки туманга ҳаракатга аъзо 55 оила келиб ўрнашишган. Аммо уларнинг қаердан ўтиб келишгани маълум эмас, дейди матбуот воизи.

Унинг сўзларидан маълум бўлишича, бу жангарилар Толибон ва ИШИД ўртасида воситачилик қилишмоқда, ИШИД га толиблар ҳисобидан ўзига янги жангарилар ёллашига кўмак қилишмоқда.

Жаузжон вилояти матбуот воизига кўра, уларнинг аёллари ҳам эркаклари баробарида жанг олиб бориш санъатини пухта эгаллашган.

Бундан ташқари, жангариларга портловчи моддаларни ясаш ва улардан фойдаланиш сир-синоатларини ўргатиб келишмоқда.

Жаузжон ва ИШИД

Жаузжон - Афғонистоннинг ИШИД жангари гуруҳининг Марказий Осиё билан бевосита чегарадош бир вилояти учун тайин этган ҳокими илк бор қўлга олинган вилоят бўлади.

Ҳодиса ўтган йил август ойида юз берган, ҳибсга олинган ҳоким Мавлавий Боз Муҳаммад Жаузжоннинг айнан Дарзоб ва Қўш-Тепасида ИШИД жангари гуруҳининг фаолиятини ёйиш истагида бўлгани айтилганди.

Худди ўша йилнинг октябрь ойида эса, ИШИД жангарилари бор-йўғи бир неча куннинг ўзида ўнга яқин тинч фуқарони ўлдиришган, қурбонлар орасида кексалардан ташқари, аёлларнинг ҳам борликлари айтилган.

Ҳатто, афғонистонлик масъулларнинг ўзлари ҳам, Ғарб бошчилигидаги катта сондаги хорижий иттифоқ қўшинларининг 2014 йилги оммавий сафарбарлиги ортидан, бу каби ҳолатга гувоҳ бўлишмаганини эътироф этиш даражасига боришганди.

Аммо орада кечган вақт давомида ИШИД жангари гуруҳи ўзларига қарши янграётган бу каби баёнотларнинг бирортасига расман муносабат билдиришмаган.

Орадан бир неча ой ўтаётганига қарамай, Жаузжондаги қотилликларга ҳам масъулиятни ҳеч бир шаклда ўз зиммаларига олиб чиқишмаган.

Жаузжоннинг бу икки энг беқарор туманидаги ИШИД жангиларининг сони ўнлаб экани тахмин этилади.

Улар аксариятининг собиқ толиблар экани, аммо ораларида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангариларининг ҳам борликлари айтилади.

Худди шу ўринда эслатиб ўтиш жоиз, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати бундан уч йилча бурун Афғонистон Толибон ҳаракати билан иттифоқчиликдан воз кечишга қарор қилган ва Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳига расман байъат келтирган.

Аммо яқинда гуруҳ сафларининг парчалангани, жангарилар орасидан яна толибларга мойил, ИШИД га қарши мавқеъдаги ўзаги ажралиб чиққани, улар ўзларини қайта Ўзбекистон Исломий Ҳаракати, деб номлашганига оид хабарлар ҳам олинганди.

Жаузжондаги ИШИД жангариларига асли дарзоблик, ёши 30 лардан ошган, ўз вақтида Толибон сафларида жанг қилган Қори Ҳикмат исмли шахснинг бошчилик қилиши айтилади.

Огоҳлик

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Таъкидлаш жоиз, Жаузжондаги сўнгги ҳужумлари Афғонистон биринчи вице-президенти генерал Абдулрашид Дўстум Яқин Шарқда деярли пароканда бўлиб улгурган ИШИД гуруҳи Марказий Осиё давлатларини кўзлаб, Афғонистон шимолига минглаб жангариларини сиздириш ниятида эканига оид огоҳидан қисқа вақт ўтмай кузатилмоқда.

Устига устак, Афғонистоннинг шимолий Жаузжони - айнан генерал Абдулрашид Дўстумнинг она вилояти бўлади.

Ҳозир ҳам Толибон ва ҳам ИШИД фаол экани айтилаётган Дарзоб ва Қўш-Тепа эса, Жаузжоннинг сўнгги йилларда шахсан Афғонистон биринчи вице-президенти бошчилигидаги устма-уст ҳарбий амалиётларга саҳна бўлган икки тумани бўлади.

Бу икки туман аҳолисининг аксариятини эса, асрларки, ўзбеклар ва туркманлар ташкил этиб келишган.

Масъуллар баҳосида ИШИД жангариларининг Афғонистон шимоли-шарқидаги энг сўнгги ҳужумлари ўтган ҳафта Бағлон вилоятида юз берганига тўғри келган, улар шиа мазҳабига мансуб камида ўн нафар ҳазара кончини ўлдиришгани айтилган.

Аммо, таъкидлаш жоиз, орадан бир ҳафтача вақт ўтаётган эса-да, ИШИД жангари гуруҳи Бағлондаги бу ҳужумга ҳам масъулиятни расман ўз зиммасига олиб чиқмаган.

Лекин, шунга қарамай, мазкур ҳодиса Афғонистон миллий бирдамлик ҳукумати айрим юқори мартабали мулозимларининг эътиборидан четда қолмаган.

Жумладан, Афғонистон ижроий раиси муовини Ҳожи Муҳаммад Муҳаққиқ афғон ҳукуматини лоқайдликда кескин танқид қилган, жангариларга қарши кураш ва минтақа хавфсизлигини таъминлаш йўлида кескин чора-тадбир кўришга чақирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Ҳожи Муҳаммад Муҳаққиқ, худди шу сўзлари манзарасида, шарқийлари қолиб, ҳозир Афғонистоннинг шимолий вилоятлари ва бошқа минтақаларида ҳам ИШИД гуруҳи фаолиятининг кучайиб бораётганидан ташвиш билдирган.

"Катта сондаги ИШИД жангарилари Ўрўзгонга келишган. Сарипулнинг Кўҳистонот тумани ва Ғўрда, Фарёб ва яна Афғонистоннинг бошқа қатор минтақаларида турли номлар билан ўз фаолиятларини бошлашган. Жанг олиб бориш усуллари бир-бириникидан фарқ қилади. Айримлари, ўзларининг ўта шафқатсизликлари билан ажралиб туришади", - деб айтган Ҳожи Муҳаммад Муҳаққиқ.

Аммо Афғонистон биринчи вице-президентиники мисолида бўлгани каби, президент Муҳаммад Ашраф Ғаний бошчилиги остидаги миллий бирдамлик ҳукумати жаноб Муҳаққиқнинг сўнгги даъватига ҳам, ҳозирча, расман бирор бир муносабат билдирмаган.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, Афғонистон ижроий раиси муовини Ҳожи Муҳаммад Муҳаққиқ айнан мамлакат шимолини "экстремистлар"дан тозалаш учун 2015 йилда биринчи вице-президент генерал Абдулрашид Дўстум ва Ўзбекистонга бевосита чегарадош шимолий Балх вилояти қудратли ҳокими Муҳаммад Ато Нур билан коалицияга киришган.

Ҳожи Муҳаммад Муҳаққиқнинг сўнгги ташвишлари ва танқидлари эса, бу уч иттифоқчи томонидан орада Афғонистоннинг аксарият шимолий ва шимолий-шарқий вилоятларида йўлга қўйилган қатор ҳарбий амалиётлар ортидан ҳам янграмоқда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг