‘Президент ўғли карьерасида муҳим қадам’

Рустам Имомали Фото муаллифлик ҳуқуқи president.tj

Экспертлар қўшни Тожикистон президентининг тўнғич ўғли Рустам Имомалини пойтахт Душанбе ҳокими этиб тайин этиш қарорига худди ана шундай баҳо беришмоқда.

Президент Имомали Раҳмон айни хусусдаги қарорини кеча - пайшанба куни имзолаганди.

Агар, экспертларнинг баҳоларига қулоқ тутилса, янги лавозими Рустам Имомалига тўғридан-тўғри бўлмаса-да, Тожикистон парламенти Олий палатаси раислигига йўл очади.

Тожикистон парламенти Олий палатаси раиси эса, давлат бошқарув тизимида президентдан кейин иккинчи муҳим шахс саналади.

Таъкидлаш жоиз, бу - Тожикистон президенти тўнғич ўғли эгаллаётган биринчи давлат лавозими эмас.

Тарихча ўрнида

Бор-йўғи 29 ёшда эканига қарамай, Рустам Имомали Тожикистон ҳукумати қошидаги Божхона Хизмати Контрабанда ва божхона қоидаларининг бузилишига қарши кураш бошқармаси бошлиғи.

Тожикистон президентининг тўнғич ўғли 2009 йилда Республика Ёшлар қўмитаси раисининг ўринбосари этиб тайинланган.

Бунинг ортидан Тожикистон ҳукумати қошидаги Инвестиция ва давлат мулки қўмитасининг Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи лавозимини ҳам эгаллаган.

Ўз ўрнида алоҳида таъкидлаш жоиз, Ёшлар Иттифоқи Тожикистон президентлигига ўз номзодини илгари суриш ҳуқуқига эга бўлган ягона жамоат ташкилоти саналади.

Рустам Имомали, бундан ташқари, Тожикистон Футбол Федерацияси президенти ва мамлакатдаги етакчи футбол жамоаларидан бири бўлган - "Истиқлол"нинг асосчиси ва ҳамсоҳибларидан бири бўлади.

Тожикистон президентининг тўнғич ўғли яна МДҲ ҳудудидаги энг ёш генерал ҳам ҳисобланади.

Рустам Имомали Тожикистон Давлат Университетида "Халқаро иқтисодий алоқалар" соҳаси бўйича таҳсил олган.

Бундан ташқари, Россия Ташқи ишлар вазирлиги қошидаги Дипломатия академиясининг тингловчиси ҳам бўлган.

Оилали ва уч фарзанднинг отаси.

Муносабатлар

Рустам Имомалининг бор-йўғи 29 ёшда эканига қарамай, "мансаб пиллапояларидан жадаллик билан юқорилаб бораётгани" Тожикистон ичкарисида турлича талқинларга сабаб бўлмай қолмаётир.

Тожикистон ҳукумати мухолифати ва танқидчиларига кўра, Рустам Имомали ва яна қатор фарзандларини турли лавозимларга тайин этиш билан президент Раҳмон мамлакатда ўз ҳокимиятини мустаҳкамлашга уринмоқда.

Ўтган йил май ойида тожикистонликлар Имомали Раҳмонни умрбод президентга айлантирувчи конституцион ўзгартиришларга оид референдумида овоз беришган.

Асосий конституцион ўзгартиришлар президент Раҳмонга қанча хоҳласа, шунча муддатга ҳокимиятда қолишига рухсат бериш; президентликка номзодини илгари суришни 35 ёшдан 30 ёшгача пасайтириш; ҳамда диний асосдаги сиёсий партияларни тақиқлашни ҳам кўзда тутган.

Раҳмоннинг айни пайтдаги ва ҳисобда тўртинчи президентлик муддати 2020 йилда ниҳоясига етади.

2015 йилда парламент унга "миллат пешвоси" мақомини берган, бу шахсга сиғинишни кучайтириши тўғрисида хавотирларни ҳам уйғотган.

"Миллат пешвоси" Раҳмонга ички ва ташқи сиёсатда қарор чиқаришда, ҳатто у ҳокимиятдан кетганидан сўнг ҳам катта ваколатлар беради.

Қарор

Хабарларга кўра, 64 ёшли Душанбе ҳокими Маҳмадсаид Убайдуллаев билан бирга унинг барча муовинлари ва пойтахт туманлари раҳбарлари ҳам ишдан олинган.

19 йил давомида ҳокимлиги ижобий баҳоларга сабаб бўлиб келгани боис, Маҳмадсаид Убайдуллаевнинг кутилмаганда вазифасидан четлатилиши ҳайратларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.

Етакчи маҳаллий журналистлардан бири Искандар Фирузнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, Рустам Имомалининг унинг ўрнига Душанбе ҳокими этиб тайинланиши расман Тожикистонда "Ёшлар йили" билан боғлиқ бир қарор тарзида изоҳланган.

Маҳаллий экспертлар эса, ўз-ўзидан, буни Тожикистондаги бугунги сиёсий аҳвол билан боғлашган.

Журналистга кўра, ўзлари суҳбатлашишга муваффақ бўлган аксарият пойтахт аҳолисини ҳам Тожикистон тўнғич ўғли Рустам Имомалининг Душанбе ҳокими этиб тайинланиши эмас, нега узоқ йиллик амалдагисининг ишдан олингани кўпроқ қайғуга солган.

Улар анчайин ёш бўлган Рустам Имомалининг бу ишни буткул эплаб кетишига анчайин шубҳа билан қарашмоқда, дейди у.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг