Қозоғистонда юзлаб нефтчи очлик эълон қилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи KSPK.ORG
Image caption Очлик эълон қилган ишчилар сони 700 кишига етган

Қозоғистон маҳкамаси мамлакат ғарбидаги Oil Construction Company ширкати ишчиларининг очлик акциясини "ноқонуний" деб топган.

Чимкент шаҳар судининг Мустақил касаба уюшмалари Конфедерациясини тугатиш ҳақида 4 январ куни чиқарган қароридан норози ишчилар очлик эълон қилишган.

Ақтау шаҳридаги 2-сонли маҳкама Ақтаудаги ширкат биносини зудлик билан бўшатиб қўйишга буйруқ берган.

5 январ куни Oil Construction Company ширкатининг Ақтаудаги бир неча ўн ишчилари шаҳар ҳокимиятига 15 январдан бошлаб муддатсиз расмий очлик акциясини ўтказиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилишган.

15 январ куни очлик акцияси қатнашчиларининг сони 400 кишига етган.

Ширкатнинг нефт қазиб олиш майдонида ишлаётган бошқа ишчилари ҳам очликка қўшилганлар.

Чоршанба куни эса Жанаозендаги "Озенмунайгаз" ширкати таркибига кирувчи касаба уюшмаси ходимлари ҳам қўллаб-қувватлашган.

Касаба уюшмаси фаолларига кўра, ҳозирда очлик эълон қилган ишчилар сони 700 кишига етган.

Би-би-си билан суҳбатда Oil Construction Company ширкати вакили очлик акцияси давом этаётганини тасдиқлади, аммо унда иштирок этаётган ишчилар сони ва музокаралар тафсилотлари борасида маълумот беришдан бош тортди.

Oil Construction Company мустақил касаба уюшмасининг 1600 дан ортиқ аъзоси борлиги айтилади.

2011 йил декабрида мамлакат ғарбидаги Жанаозен шаҳрида нефтчилар ва полиция ўртасида тўқнашувларда 16 киши ҳалок бўлган, 100 дан ортиқ одам яраланган.

7 ой давомида иш ташлаган нефтчилар маошларининг оширилиши ва иш шароитларининг яхшиланишини талаб қилган эдилар.

Аммо иш берувчилар нефтчиларнинг талабларига уларни ишдан бўшатиш билан жавоб қайтаришган.

Шаҳардаги биноларга ўт қўйилган, дўкон ва банклар талон тарож қилинган.

Маҳкама жараёнида кўпчилик гувоҳлар қийноқлар остида кўрсатма беришга мажбурланганликларини айтишган.

Президент Назарбоев воқеалар хориждан аралашув натижасида содир бўлганини айтган.

Айни пайтда Қозоғистон армияси мамлакат жанубида йирик ҳарбий машқларни ўтказган.

Машқларда 1500 минг аскар ва 200 та ҳарбий машиналар қатнашаётгани хабар қилинган.

Расмийларга кўра, машқлар чоғида қуролли кучларнинг жанговар ҳозирлиги синовдан ўтказилган.

Келаётган кунларда Қозоғистон Суриядаги тинчлик музокаралари бўйича йирик халқаро анжуманга мезбонлик қилиши кутилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.