Азимжон Асқаров устидан ҳукм кучда қолдирилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи kloop.kg
Image caption Азимжон Асқаров суд ҳукми ортидан очлик эълон қилган

Қирғизистоннинг Чуй вилоят суди умрбод қамоқ жазосини ўтаётган журналист ва инсон ҳақлари фаоли Азимжон Асқаровга нисбатан ҳукмни ўз кучида қолдирган.

"Азимжон Асқаровга нисбатан Жалолобод вилоят суди томонидан 2010 йилда чиқарилган бир умрлик қамоқ ҳукми ўз кучида қолдирилсин",- дея эълон қилган ҳукмни ўқиб эшитттирган Чуй вилоят суди ҳаками Қидиқ Жунушпаев.

Гувоҳларнинг билдиришича, ҳукм эълон қилиниши ортидан Азимжон Асқаров "очлик эълон қиламан" дея бақиришга улгурган, холос.

Милиция ходимлари уни тезда маҳкама залидан олиб чиқиб кетишган.

БМТнинг Инсон ҳақлари бўйича Олий Комиссари қирғиз макамаси ҳукмини "ўта ташвишли" деб атаган.

Зайд Раъад ал-Ҳусайннинг сўзларига кўра, ҳукм Қирғизистон "адлия тизимидаги жиддий камчиликларни" кўрсатади.

Асқаровнинг ҳимоячилари суд ҳукми билан "мутлақо келишмасликлари"ни айтишган.

Ҳукмга муносабат билдирган таниқли инсон ҳақлари фаоли Толекан Исмаилова "Азимжон Асқаров эртами, кечми, барибир озод этилиши"ни айтган.

65 ёшли Азимжон Асқаров 2010 йил июнидаги этник зўравонликлар ва милиция ходимининг ўлимида айбланади.

Азимжон Асқаров ҳодисалар вақтида зўравонликлар, жумладан, ўз қишлоғидаги уйларнинг ёқиб юборилганини видеога олиб, интернетда чоп этиши ортидан ҳибсга олинган.

Қирғизистоннинг барча маҳкама инстанциялари Асқаровни айбдор, деб топган.

Азимжон Асқаров сўнгги ҳукм устидан Қирғизистон олий судига шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Қайта маҳкамада бир қатор гувоҳлар аввалги берган кўрсатмаларидан адашган ёки қайтганлар.

Жабрланувчи экани айтилган Мыктыбек Сулаймановнинг аёли ҳодиса жойида Азимжон Асқаровни кўрмаганини тан олган.

Асқаровнинг ҳимоячиси Нурбек Тохтахунов Қирғизистон Олий судининг 2011 йил 20 декабрда чиқарган қарорини бекор қилиш ва Асқаровни қамоқдан озод қилиб, жиноий ишини тўхтатишни сўраганди.

Ўтган йил апрелида БМТ Инсон ҳақлари қўмитаси Асқаров ноқонуний ҳибсга олингани ва қийноққа солинганини айтиб, жиноят ишини қайта кўриб чиқишни талаб қилганди.

Азимжон Асқаров масаласи БМТнинг собиқ Бош котиби Пан Ги Мун ва Германия Канцлери Ангела Меркелнинг Қирғизистонга ташрифлари чоғида кўтарилган.

Жумладан, ўтган йил июлида Меркел хоним Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Азимжон Асқаров устидан маҳкамада шаффофликни таъминлашга ваъда берганини айтганди.

Президент Атамбаев эса Бирлашган Миллатлар экспертларини Азимжон Асқаров устидан маҳкама жараёнида иштирок этишга таклиф қилган.

Шу билан бирга, Атамбаев БМТнинг Инсон ҳақлари қўмитаси Асқаровни озод этишни талаб қилмагани, балки унинг "поймол этилган ҳуқуқларини қайта тиклаш"ни тавсия қилганини айтган.

Азимжон Асқаровнинг иши боис Қирғизистонда конституцияга ўзгартишлар муҳокама қилинган ва Бишкекнинг АҚШ билан муносабатлари совуқлашган.

2010 йил июнида Ўш ва Жалолободда юз берган зўравонликларда жабрланганларнинг ҳам, жазоланганларнинг ҳам кўпчилиги ўзбеклар экани айтилади.

Воқеаларда юзлаб инсон ҳалок бўлган, ўн минглаб одамлар уйларини ташлаб чиқишган.

Ҳодисаларни ўрганган халқаро мустақил комиссия Ўшнинг ўзбек маҳаллаларида содир этилган зўравонликлар "маҳкамада исботини топгани тақдирда, инсониятга қарши жиноятларга тенглаштирилиши мумкин"лигини айтган.

Қирғиз парламенти халқаро комиссия хулосаларини рад этган.

Қирғиз ҳукумати зўравонликлардан кейинги маҳкамаларда ўзбекларнинг нишонга олинганини инкор этиб келади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.