Толибон бу гал Трампга очиқ хат йўллади

Толибон лидери Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Американинг 20 январ куни расман иш бошлаган янги президенти Дональд Трампдан яна бир бор Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиш ва ўз тарихидаги энг узоқ урушга чек қўйишини сўради.

Тафсилотлари видеолавҳамизда - назардан қочирманг.

Қўшни Афғонистон ва таъбир жоиз, минтақадаги энг йирик бу жангари гуруҳнинг баён қилишича, "ҳозир деярли барча афғон урушидан ҳеч кимга фойда йўқ, деган тўхтамга келиб бўлган".

Толибон ҳаракатининг даъво қилишича, "сўнгги пайтларга келиб, барча халқаро тадқиқот марказлари ҳам Американинг Афғонистондаги миссияси аста-секин таназзулга юз тутаётгани борасида бир ёқадан бош чиқаришмоқда".

Ҳаракат ўзининг очиқ мактуби якунида Америка Президенти Дональд Трампни огоҳлантиришни ҳам унутмаган.

"Агар, Америка кучлари Афғонистонни тарк этмай, "тинчгина" яшашларига йўл қўймайдиган бўлишса, ўзларига урушишдан бошқа чора қолмайди ва бу уларнинг "қонуний ҳақлари" бўлади".

Таъкидлаш жоиз, бу - Афғонистон Толибон ҳаракатининг Американинг яқинда сайланган президенти Дональд Трампга илк мурожаати эмас.

Ҳаракат АҚШ президентлигига номзодларнинг сайловолди кампанияларини "яқиндан кузатиш баробарида", Дональд Трампнинг ўтган йил 8 ноябрь кунги президент сайловидаги ғалабасига эртаси куниёқ хосан муносабат билдириб чиққан.

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Ўзининг ўша пайтдаги баёнотида ҳам Американинг янги сайланган президенти Дональд Трампни Афғонистондан ўз қўшинларини "битта қолдирмай олиб чиқиб кетишга" чақирган.

"Америкаликлар бошқа давлатларнинг мустақиллиги ва яхлитлигига дахл қилмайдиган сиёсат ишлаб чиқишлари лозим"лигини баён қилганди.

Жорий пайтда Афғонистонда қолган Нато бошчилигидаги иттифоқ кучларининг сони 10 мингдан ортади.

Бу аскарлардан аксариятини эса, Америка ҳарбийлари ташкил этишади.

Уларнинг жорий пайтда Афғонистонда қолиш муҳлатлари келаси йил якунига қадар, деб белгиланган.

Афғонистон Толибон ҳаракати афғон тупроғида битта бўлса ҳам хориж аскари қоларкан, ҳеч бир томон билан музокаралар олиб бормаслигини айтиб келади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Аммо, энг сўнггида таъкидлаш жоиз, ҳаракатнинг очиқ мактуби орада Россия Афғонистонда фаоллашиш, расман рад этиб келаётган эса-да, айнан Толибон ҳаракати билан яқинлашиш, улар билан тинчлик музокаралари олиб бориш ҳаракатида эканига оид хабарлар манзарасида кузатилмоқда.

Устига устак, президент Дональд Трамп бошчилиги остидаги АҚШ янги маъмурияти ҳали-ҳануз Афғонистонга оид ташқи сиёсатини дуруст-қуруқ баён қилмаган, у ердаги ҳарбийларининг тақдири борасида ҳамон ўзининг якуний сўзини айтмаган ва Россиянинг бу каби саъй-ҳаракатларига ўз расмий муносабатини билдиришга шошилмаётган бир пайтга тўғри келмоқда.

Хавфсизлик билан боғлиқ вазият жадаллик билан қайта издан чиқиб бораётган, ҳатто, Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи илдиз отишга муваффақ бўлаётгани айтилаётган бир манзарада вужудга келган бу каби вазият эса, Афғонистоннинг Россия ва АҚШ ўртасида янги прокси уруши саҳнаси ёки, таъбир жоиз, "иккинчи Сурия"га айланишига оид хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаганди.

Шундай экан, Афғонистон Толибон ҳаракатининг айнан ҳозир АҚШ янги президенти Дональд Трампга йўллаган очиқ мактуби аслида нимани англатади?

Би-би-си Ўзбек Хизмати худди шу савол билан Франциядан сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовга мурожаат қилди - тафсилотлари видеолавҳамизда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.