Минтақа: Энг дўмбоқ мелиса кимники?

Image caption Тожикистон ҳукумати семиз милиция ходимлари озмаса, ишдан бўшатилишини айтган.

Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзодага кўра, милиция ходимларининг ортиқча вазни ўз ишини бажаришига халақит беради.

"Ходим семирган, ишлаш қобилияти пасайган, кўп ейди, кам ишлайди" - деган Ички ишлар Вазири.

"Нимадир қилиш керак, акс ҳолда яна семиришда давом этаверади ва бу иш сифатига таъсир этади".

Тожикистон милиция ходимлари соғлиғини текшириб, уларга спорт билан шуғулланишни маслаҳат бермоқда.

Image caption Ўзбек милицияси ҳам вазнда тожик ҳамкасбларидан қолишмайди.

Қўшни Ўзбекистонда ҳам барча милиция ходимлари қиличқомат эмас.

Қолаверса, мамлакатда милиция ходимлари сони ўтган 25 йил давомида жуда кўпайган ва ҳаммаси ҳам мунтазам жисмоний фаолият билан шуғулланаётгандек таассурот қолдирмайди.

Дейлик, ўзбек милиционерлари кун бўйи метро кираверишида туриб, шаҳарликларнинг сумкасини, четдан келганларнинг паспортини текшириб ўтиради.

Марҳум Президент Каримов Тошкентда тиламчи қолмаганини айтганидан кейин эса унинг гапи ёлғон чиқмасин, деб милиция кўчаларни гадойлардан тозалашга ҳам сафарбар этилди.

Аммо одатда ногирон гадойларни қувиш учун кўп жисмоний ҳаракат талаб қилинмайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Sputniknews-uz.com
Image caption Ўзбек милиционерлари ишидан бири - бозор оралаб пистафурушларни қувиш.

Ўзбек милиционерлари бозор четларида писта, пайпоқ ё хоним сотиб кун кўрадиган "ноқонуний ишбилармон келинойиларни" қувиш билан ҳам шуғулланади.

Шу қаторда, қишлоқларда иш йўқлиги боис шаҳарларга келиб, иш излайдиган мардикор эркаклар ва аёллар ҳам - уларнинг асосий нишони.

Шаҳарда пропискаси йўқ боёқиш мардикорлар Ўзбекистон милицияси қўлида "ярим фуқаро" каби ҳуқуқсиз. Уларнинг ёнига бориб бақириб ҳайдаш ё тутиш учун ҳам катта жисмоний қувват сарфланмайди.

(Совет давридан мерос қолган прописка тизими фуқарони ҳуқуқий маънода ҳақиқий фақир ҳолига солмоқда).

Фото муаллифлик ҳуқуқи Internetdan
Image caption Ўзбекистон милицияси жисмоний ҳаракатлари сирасига одамларни калтаклаш кирмайди, лекин...

Ўзбек милицияси баъзида ноқонуний ҳаракатлар учун жисмоний куч-қувватини сарфлаши айтилади.

Самарқандда олинган мана бу тасвирда иккита милиция ходими кўчада бир аёлни дўппосламоқда.

Улар қийноқ, тажовуз ва таҳқирлашни қўллаши кўп бора халқаро доираларда ҳам таъкидлаган.

Ўтган ҳафта ҳам Сурхондарёда бир тадбикорни ҳуқуқ-тартибот ходимлари уриб ўлдиришгани ҳақида ҳуқуқбонлар хабар тарқатишди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи zanoza.kg
Image caption Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот ходимларида ҳам вазн муаммоси борга ўхшайди.

Кеча 24 январь куни Қирғизистондаги маҳкама ўзбек фаоли Азимжон Асқаровга тайинланган бир умрлик қамоқ жазосини ўз кучида қолдираркан, маҳкама залидаги сурат интернетда бошқа жиҳатдан ҳам одамлар эътиборини тортди.

"Милиционерлар бунча семиз, маҳкум бунча озғин?" - ёзди бир ўқувчи тепадаги расмга қараб.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RFE/RL
Image caption Туркманистонда расмийлар ва милиция спорт билан шуғулланиши шарт, аммо...

Туркманистон бир неча йилки расмийлар, амалдорлар ва ҳуқуқ-тартибот ходимларини спорт билан шуғулланишга ундаб келади.

Нафақат ундайди, айрим катта мансабдорларнинг махсус қурилган йўлак бўйлаб югуриши ҳам шарт қилиб қўйилган.

Шунга қарамай, ҳамма ҳам яккаҳоким давлат раҳбари кўзига тушавермайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Life24.kz
Image caption Қозоғистонда ҳам полиция ходимлари вазни қолипга солинмаган.

Бутун Марказий Осиёга хос хусусият - ўрта ёшга етгач қорин қўйиш ё халқ тилида айтганда "обрў орттириш" Қозоғистонда ҳам одатий ҳолга ўхшайди.

Айримларга кўра, бунга сабаб - минтақа давлатларидаги ҳуқуқ-тартибот ходимлари иши кўп ҳаракат талаб қилмаслигидир.

Баъзилар эса минтақадаги анъанавий хамир ва ёғли таомлар ҳам семизликка етаклаши мумкинлигини урғулайдилар.

Албатта, вазн бу ҳар кимнинг ўз иши ё танлови. Қолаверса, баъзи касалликлар ё тиббий муолажа туфайли ҳам одамда семириш кузатилади.

Бироқ ҳар бир давлат жиноятчиларга қарши кураш жабҳасида ишловчи ҳуқуқ-тартибот ходимларининг жисмонан соғлом, эпчил ва бақувват бўлишига ҳаракат қилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.