Россия Афғонистонда нималарни кўзлаяпти?

Раббоний ва Лавров Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Расмий Москва илк бор минтақадаги барча ўйинчи давлатлар иштирокидаги кенг қамровли тинчлик музокараларига мезбонлик қилмоқчи, афғон можаросига дипломатик йўл билан ечим топиш ҳаракатларига бошчилик қилмоқчи.

Сўнгги йилларда Толибон ҳаракати билан тўхтаб қолган тинчлик жараёнини жонлантириб, Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳининг Афғонистоннинг Ўзбекистон дохил аксарият Марказий Осиё давлатлари билан бевосита чегарадош шимолида фаоллашишининг олдини олмоқчи, ўз чегараларини жангарилар таҳдидидан ҳимоя этмоқчи.

Бу ҳақда шу ҳафта бошида афғонистонлик ҳамкасби билан пойтахт Москвадаги учрашуви чоғида Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров баён қилган.

АҚШ етакчи мавқеъда бўлган бир манзарада, Россия-Толибон-Афғонистон муносабатлари қанчалик узоққа боради?

Сергей Лавров Россия, Афғонистон, Покистон, Хитой, Ҳиндистон ва Эронни ўз ичига олган музокаралар шу ойнинг ўзида бўлиб ўтишини маълум қилган.

Россия Ташқи ишлар вазири бу масалага, ҳатто, минтақада Натога муқобили сифатида кўрилувчи Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотини жалб этиш истагида эканликларини ҳам баён қилган.

Таъкидлаш жоиз, бу - Афғонистон, Ҳиндистон ва Эроннинг афғон можаросига бағишлаб, Россия бошчилигида уюштирилаётган бу каби мулоқотларда илк иштироки бўлади.

Россия афғон можаросига дипломатик йўл билан ечим топишга қаратилган илк расмий ҳаракатларини ўтган йил охирида бошлаган, декабрь ойида Москвада Россия, Хитой ва Покистон иштирокидаги уч томонлама музокараларга мезбонлик қилган.

Бу эса, "Афғонистон ички ишларига аралашиш" баҳосида расмий Кобулнинг кескин норозилигига сабаб бўлмай қолмаган.

Фаоллик

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP/Ivan Sekretarev

Ҳарбийси дохил кўп томонлама ҳамкорликка оид ваъдалар янграган Россия ва Афғонистон Ташқи ишлар вазирлари иштирокидаги учрашув эса, ана шу музокаралардан қисқа вақт ўтмай бўлиб ўтганди.

Ҳам маҳаллий ва ҳам халқаро таҳлилчилар дастлабкисида бўлгани каби, кутилаётганида ҳам 2001 йилда Толибон тузумини қулатиб, ўтган 15 йил давомида Афғонистон масаласида ҳар томонлама етакчи сўзни айтиб келган Америка Қўшма Штатларининг йўқлигига алоҳида эътибор қаратишган.

Устига устак, Россиянинг Афғонистон масаласида фаоллашиш уринишлари оз сонда эса-да, Американинг Афғонистондаги ҳарбий ҳозирлиги давом этаётган бир манзарада кузатилмоқда.

Бошқа томондан, Москвадаги устма-уст музокаралар, ҳукумати расман рад этиб келаётган эса-да, Россиянинг Афғонистон Толибон ҳаракати билан яқинлашиш ҳаракатида экани ва уларга, ҳатто, қурол-яроғ етказиб беришни бошлаганига оид хабарлар ортидан уюштирилмоқда.

Ўзининг сайловолди кампанияси давомида Россия, жумладан, президент Владимир Путин билан ўзаро алоқаларини қайтадан яхшилаш истагида эканини қайта-қайта баён қилиб келган республикачи президент Дональд Трамп бошчилигидаги АҚШ янги маъмурияти эса, расмий Москванинг Афғонистон ва афғон можароси билан боғлиқ сўнгги саъй-ҳаракатларига ҳалича расман ўз муносабатини билдириб чиқмаган.

Худди шу манзарада қолган собиқ Шўро давлатлари мисолида бўлгани каби, президент Трамп собиқ касбдоши бошқаруви даврида Украина ва Сурия можароси сабаб, икки томонлама муносабатлари деярли издан чиқиб бўлган Россияга нисбатан ҳам ўзининг ташқи сиёсати ва стратегиясини эълон қилганича йўқ.

Воқеаларнинг бу каби ривожи эса, айнан катта сондаги Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг ортга сафарбарлиги ортидан кечган бор-йўғи икки йилнинг ўзида қўшни Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жиддий издан чиқиб бўлган, Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи Покистонда ўзининг минтақадаги тармоғига асос солиб, бу мамлакатга ҳам ҳар томондан сизиб киришга муваффақ бўлган бир манзарада кузатилмоқда.

Устига устак, президент Дональд Трамп бошчилиги остидаги АҚШ янги маъмурияти Афғонистонда қолаётган хорижий аскарларининг тақдири борасида ўзининг якуний бир сўзини айтишга шошилмаётганлик баробарида афғон можаросига оид янгича мавқеи ва стратегиясини ҳам очиқлаганича йўқ.

Шундай экан...

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Етакчи минтақавий таҳлилчилар наздларида эса, Америка Қўшма Штатларидаги ҳокимият алмашинуви ва қудратга республикачи президент Дональд Трампнинг келиши расмий Кремль томонидан сиёсий бир фурсат сифатида қабул қилинмоқда.

Расмий Москва буни Афғонистондаги геосиёсий вазиятни имкон қадар ўз манфаатларига йўналтиришнинг бир имконияти ўлароқ кўрмоқда.

Дональд Трамп эса, АҚШ янги президенти сифатида қасамёдга келтирилган куннинг (20 январь) ўзидаёқ "радикал исломий террорчиликка қарши" кескин мавқеини намоён этган.

"Замонавий дунёни радикал исломий террорчиликка қарши бирлаштириб, уни Ер юзидан буткул йўқотишлари"ни баён қилганди.

Франциядан сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, президент Трампнинг бу каби баёноти ҳам ўз ниятларини амалга оширишга интилишлари йўлида Россияга қўл келмай қолмайди.

Афғонистондаги вазият назарда тутилганда, албатта, хавфсизлик ва узоқ муддатли геосиёсий манфаатлари Россия наздида бугун бир-бирига узвий боғлиқ иккита масала сифатида кўрилади.

Аммо

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

АҚШ бошчилигидаги иттифоқ кучлари томонидан Толибон тузуми қулатилиши ортидан кечган 15 йил вақт давомида Россия Афғонистонга нисбатан анчайин бетараф мавқеъни намоён этиб келган.

2001 йилги ҳарбий амалиётларни қўллаган эса-да, Россия Афғонистонга ўз ҳарбийларини юбормаган.

2014 йилги оммавий сафарбарликларига қадар, хорижий иттифоқ қўшинларининг Афғонистондаги ҳарбий ҳозирликларига ҳам бирор бир шаклда ўз қаршилигини билдирмаган.

Шу пайтгача Афғонистон можаросига дипломатик йўлда ечим топиш саъй-ҳаракатларида ҳам фаоллик кўрсатмаган.

Орада Афғонистонга бериб келган кўмаги ҳам аксаран тинч мақсадларни кўзлаган, таъминот масаласида муҳим ўрин тутиб келган.

Аммо Франциядан сиёсий таҳлилчи суҳбатдошимиз Камолиддин Раббимовнинг айтишича, ҳозирга келиб, Россиянинг Афғонистон борасида сиёсий тафаккури ўзгарган.

"Толиблар ташқи дунёга таҳдид эмасликлари, узоқ муддатли геостратегик нуқтаи назардан эса, Афғонистоннинг қанчалар муҳим давлат эканини англаб етган".

Таҳлилчига кўра, худди шу боис ҳам, Россия Американинг Афғонистондаги узоқ муддатли ҳарбий ҳозирлигини бугун ўзига нисбатан таҳдид сифатида кўраяпти.

"Бизга таҳдид"

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Куни-кеча интернетда Россия Президентининг Афғонистондаги махсус вакили Замир Кабулов Туркиянинг "Анадўлу" ахборот агентлиги билан суҳбатида мамлакатининг мавжуд вазиятдан хавотирда экани ва "бунга тоқат қилиб, қараб турмаслиги"ни айтганига оид хабарлар ҳам пайдо бўлган.

2014 йилги оммавий сафарбарлик ортидан Афғонистонда қолган ва ҳозирлик муддатлари расман шу йил якунида ўз ниҳоясига етиши режаланган 10 мингдан ортиқ хорижий аскарнинг аксариятини эса, америкаликлар ҳарбийлар ташкил этишади.

Шу йилнинг 20 январь куни расман АҚШ президенти ваколати ижросига киришган Дональд Трамп эса, ҳали уларнинг Афғонистонда қолиш муддатларини узайтириш-узайтирмаслик борасида ҳам ўзининг якуний сўзини айтиши шарт бўлади.

Россия томонининг даъво қилишича, орадан 15 йил ўтиб ҳам, Афғонистондаги ҳарбий ҳозирлигининг давом этаётгани Американинг анча узоқни кўзлаган: Афғонистондан туриб, ўзлари, Хитой, Эрон, Покистон ва бошқа муҳим ўйинчи давлатларни кўзининг остида тутиб туришни мақсад қилган.

Худди шу манзарада Россиянинг кутилмаганда Афғонистон Толибон ҳаракати билан яқинлашиш, уларга қурол-яроғ етказиб бериш ҳаракатида эканига оид хабарлар ҳамда пойтахт Москвада афғон можаросига бағишлаб, Покистон ва Хитой иштирокида бўлиб ўтган уч томонлама дастлабки музокаралар минтақада "янги прокси уруши" хавфини келтириб чиқаришига оид хавотирларни пайдо қилган.

Янги президенти бошқаруви остида икки геосиёсий рақиб: Америка ва Россия ўртасидаги алоқаларнинг яхшиланиши бу каби эҳтимолни йўққа чиқаришига оид умидлар эса, ҳалича ўзини оқламаган.

Агар, бу икки давлат раҳбарларининг яқинда бўлиб ўтган илк расмий телефон мулоқоти тафсилотларига таянилса, уларнинг ўзаро суҳбатлари чоғида Афғонистон масаласи тилга олинмаган.

Россия ва Афғонистон Ташқи ишлар вазирларининг пойтахт Москвадаги музокаралари эса, ана шу телефон мулоқотидан ҳеч қанча вақт ўтмай бўлиб ўтган.

Устига устак, янги республикачи президент Дональд Трампнинг сайловолди кампанияси чоғида берган айрим зиддиятли ваъдаларининг ижросига оид дастлабки фармони олийлари эса, аллақачон бутун Америка Қўшма Штатлари бўйлаб кескин акс-садоларга сабаб бўлган.

Давомий оммавий норозилик намойишлари манзарасида Американинг қатор штатлари ҳакамлари унинг фармойишига расман тақиқ қўйишгача боришган.

Бошқа томондан, президенти Дональд Трампнинг Россия билан ўзаро алоқаларини қайта яхшилаш истагига АҚШ яқин иттифоқчилари - етакчи Ғарбий Оврўпо давлатларининг муносабати бирдек ижобий бўлмаётир.

Яъни, Ғарбнинг Россияга нисбатан мавқеида ўзаро зиддиятнинг кучайиб бораётгани аломатлари юзага чиқа бошлаган.

Москвадаги учрашув

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Аммо, айрим минтақавий таҳлилчилар наздларида, Москвадаги учрашув чоғида қандай мазмунда янграгани назарда тутилса, ҳарбийси бўладими ёки ижтимоий-иқтисодийси, кўплаб соҳаларда ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга оид ваъдаларда аниқлик ва қатъийлик сезилмаган.

Худди шу манзарада Лондондан Мудофаа масалалари бўйича халқаро ҳарбий таҳлилчи Пол Рожерснинг айтишича, Россия сўнгги саъй-ҳаракатлари билан ўзини халқаро саҳнада муҳим ўйинчи сифатида кўрсатмоқчи. Халқининг эътиборини Россия ичкарисида бўй кўрсатиб турган долзарб иқтисодий муаммолардан чалғитмоқчи.

Бошқа томондан, шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, қудратли Ғарб ва ёки бу йўлда миллиардлаб долларлик сарф-харажатларга боришга тайёр эканини айтган Хитой бошчилиги остидагиси бўлмайдими, шу пайтгача бирор бир ташаббускор давлатнинг афғон можаросига дипломатик йўлда ечим топиш уринишлари бирор бир самара бермаган.

Ҳам минтақавий ва ҳам халқаро таҳлилчиларнинг бирдек эътироф этишларича, Толибон ҳаракатининг Афғонистондаги бугунги мавқеъи, мафкуравий ташкилот экани ва этник базасининг қанчалик мустаҳкам экани назарда тутилса, Россия ҳам бу масалада кўп-да узоққа бора олмайди.

Агар, имконли бўлган сўнгги халқаро ҳисоб-китобларга таянилса, бугун Афғонистон ҳудудининг 40 фоизга яқини марказий афғон ҳукумати назорати остида эмас.

Устига устак, фаолиятда бўлган қолган жангари гуруҳлар билан қиёсланганда, айнан Толибон ҳаракати бугун ҳам Афғонистонда энг катта таъсирга эга бўлгани саналади.

Бошқа томондан, Афғонистонда Исломий Амирлик барпо этиш мақсади билан майдонга чиққан бу ҳаракат ҳеч қандай қудрат бўлишишга рози бўлмайди.

Мазкур омилларнинг барчаси назарда тутилганда, толиблар жорий пайтда тинчлик музокараларига рўйхушлик бериб ўтиришмайди, дейишади улар.

Агар, бу муаммо қандайдир маънода ҳам ўзининг ижобий ечимини топадиган бўлса, унда ҳам бунга Толибон ҳаракати ортида турган қатор бойвачча Яқин Шарқ давлатларидан тортиб, Ғарб ва минтақадаги барча ўйинчи давлатлар баҳамжиҳатлигидаги кенг қамровли ёндашув зарур бўлади.

Афғон можароси

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Таҳлилчиларга кўра, афғон можароси бугун у ёки бу давлатнинг қурби етмайдиган бир даражада глобал ҳамда худди шу нуқтаи назардан, хавфли тус олиб улгурган.

Россия эса, жорий босқичда бу давлатлар барчасига ҳам ўз эшикларини очиш истагида эканини намоён этганича йўқ.

Таҳлилчиларнинг бирдек эътироф этишларича, АҚШ янги маъмурияти мавқеининг ҳануз ноёан қолаётгани жорий вазиятда Афғонистон дохил минтақа билан боғлиқ шундоқ ҳам мураккаб бўлган геосиёсий вазиятни янада чигаллаштирган.

Уларга кўра, маълум муддатдан сўнг, Россиянинг қўшни Афғонистондан ўзларини сиқиб чиқаришга қаратилган узоқ муддатли геосиёсий режаларини АҚШ томони ўта салбий қабул қилишни бошлаши эҳтимоли ҳам ўз кучини сақлаб қолаверади.

"Яъни, АҚШ ҳам Афғонистонга икки: хавфсизлик ва геосиёсий нуқтаи назаридан қарайди. Чунки ўтган 16 йил ичида Афғонистонни барқарорлаштириш учун Америка жудаям катта куч-қувват ва маблағ сарфлади...Ўйлайманки, Ғарб, биринчи навбатда АҚШ Афғонистонда, барибир, узоқ муддатга қолади", - дейди Франциядан сиёсий таҳлилчи суҳбатдошимиз Камолиддин Раббимов.

"АҚШ Россиянинг сўнгги интилишларига жимгина қараб турмайди. Бир томондан ҳамкорлик, иккинчи тарафдан эътирозлар бўлади, деб ўйлайман. Яъни, ҳамкорлик айнан ИШИД ва баъзи бир гуруҳлар, фаолиятларга қарши бўладиган бўлса, лекин у ерда рақобат борган сайин кучайиб бораверади. Америка бу рақобатдан чиқиб кетмайди".

Худди шу манзарада Россия ва Афғонистон ўртасидаги ҳамкорлик даражаси ҳам инқилобий ўзгаришларга юз тутмайди, дейди таҳлилчи бу суҳбатдошимиз.

Ўз ўрнида, у Россия Афғонистоннинг тўлиқ аъзолигига эришиб, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти орқали Ғарб, жумладан, АҚШнинг Афғонистон геосиёсий ишларига аралашувини чеклашни кўзлаётгани эҳтимолини ҳам назардан соқит этмайди.

Агар, расмий Кобулнинг сўнгги изҳоротига таянилса, Афғонистон ва афғон можаросига бефарқ бўлмаган ҳеч бир қудратли давлатни бир-бирига қарши қўйиш ниятлари йўқ, ўзларининг узоқ муддатли ва чигал ана шу муаммоларига ечим топиш учун улар барчаси билан бирдек ҳамкорлик қилиш ниятидалар.

Аммо, энг сўнггида алоҳида таъкидлаш жоиз, Толибон тузуми қулатиши ортидан Ғарб, жумладан, Америка Қўшма Штатларининг қўллови билан қудратга келган янги Афғонистон ҳукумати этган 15 йил давомида ташқи дунёга ўзининг беқарор ташқи сиёсати билан танилиб келган.

Устига устак, айнан Америка томони воситасида асос солинган янги миллий бирдамлик ҳукуматининг қанчалик қонунийлиги эса, каттаю кичик давраларда ҳануз саволлар остида қолиб келмоқда.

Пойтахт Кобулдан олинган энг сўнгги хабарларга кўра, АҚШ Қуролли кучлари Бош қўмондони генерал Жон Николсон жанг жабҳасида ўзгариш ясаш учун Америка ҳукумати ва иттифоқчиларидан Афғонистонга қўшимча минглаб ҳарбийлар юборишларини сўраган.

Генерал Николсон АҚШ Конгрессида қилган чиқишида Афғонистон Толибон ҳаракати билан алоқалари учун Россия, Покистон ва Эронни танқид қилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг