Йўл таъмирлашда муаммо эски норматив ҳужжатлардами?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ўзбекистонлик ёш тадбиркор Қобил Дусов бир неча йилдан бери Ўзбекистонда нисбатан арзон ва сифатли йўл қурилиш технологиясини жорий қилишда бюрократик тўсиқларга дуч келаётгани айтилмоқда.

Kun.uz нашрининг ёзишича, янги технология Ўзбекистондаги бир неча объектларда синовдан ўтган. Бироқ йўл қурилиш соҳасидаги собиқ Иттифоқдан қолган меъёрларнинг ҳамон амалдалиги ушбу ташаббусни кенг қўллашга имкон бермаяпти.

MBS қурилиш корхонасининг раҳбари, Халқ депутатлари Бўстонлиқ туман кенгаши депутати 33 ёшли Қобил Дусов бир неча йилдан буён Ўзбекистонда йўлларни арзон ва сифатли таъмирлаш таклифи билан кўплаб расмий идораларга мурожаат қилган.

Kun.uzнинг ёзишича, Дусов ушбу технология билан Дўрмонда Президент қароргоҳига кириш йўли, Тошкент халқаро аэропорти ва яна бир неча йўлларни таъмирлашда фойдаланган.

Расмийлар Ўзбекистон учун янгича бўлган услубда ётқизилган йўлга эътироз билдиришмаган.

Дусовнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда қўлланилаётган технология асосида асфальт ёриқларини 30-40 йил олдинги эски услубда оддий битум ишлатиб бир йилда 4-5 марта таъмирланади.

"Оқибатда қиш совуғи ва ёз иссиғига чидамсиз битум йўл сифатини тез орада аянчли аҳволга олиб келмоқда ва давлат бюджетидан ҳар йили ана шундай йўллар учун 4-5 марта пул ажратилади, ана шундай йўлларнинг сони бизда етарлича", деган у kun.uz сайтига.

Дусовнинг гапларидан англашилича, у ишлатаётган технология асосида таъмирланган йўллар 5 йил таъмирсиз туриши мумкин. Шу билан йўлларга сарфланаётган ҳаражатлар 5 баробар тежалади.

Тадбиркор бир неча объектларда олиб борган таъмирлаш ишлари мувафаққиятли чиққач уни республика миқёсида қўллашни таклиф қилиб "Ўзавтойўл" давлат акциядорлик ширкати раҳбари Абдураҳмон Абдувалиевга, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" ва ҳатто Вазирлар Маҳкамасининг расмий портали орқали Шавкат Мирзиёевга ҳам чиққан. Аммо натижа бўлмаган.

Дусовнинг таъкидлашича, Дўрмонда сифатли ишни амалга оширгач, "Ўзавтойўл" раҳбари Абдураҳмон Абдувалиев шахсан у билан учрашган, лекин эски услубдан воз кечмаслигини билдирган.

Тадбиркорнинг айтишича, у қўллаётган услуб бутун дунёда кенг ишлатилади, бироқ ушбу технлогия Ўзбекистон учун янги ва эскича фикрловчи раҳбарлар уни қабул қилолмаяпти.

Мутахассисларнинг билдиришича, Ўзбекистонда йўл қурилиш лойиҳалари 70 йилларда собиқ Иттифоқ томонидан қабул қилинган меъёрлар асосида қабул қилинади. Ушбу меъёрлардан чекинган ёки янгича ташаббус кўрсатган раҳбарлар ва масъуллар давлат мулкини талон тарож қилишда айбланиб қамалади.

"Жуда кўплаб мутахассислар ушбу меъёрлардан чекингани ва пулни тежагани учун қамоқда ўтирибди. Ҳатто, "Ўзавтойўл"да ҳам малакали мутахассис етишмаслиги муаммоси бор. Раҳбарнинг ўзи йўл соҳасида етишиб чиқмаган, дарё транспортидан келган. Атрофидагилардан ҳам бармоқ билан санарли одам йўл соҳасини яхши тушунади. Улар ҳам ташаббусларни жорий қилиш ўрнига маълумот йиғишдан ортишмайди," - дейди йўл қурилиш соҳасида ишловчи мутахассис.

Image caption Ўзбекистондаги йўлларнинг сифатсизлиги кўпда танқид қилинади

Унинг билдиришича, ўтган асрда, эски технологияларга мўлжаллаб қабул қилинган нормалардан четга чиқиш мумкин эмас. Ушбу меъёрлар кўп ҳаражат талаб қилишини ҳамма билади, лекин ташаббус кўрсатишга журъат етмайди. Муаммони ҳал қилиш учун қонунчилик ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш керак.

Унинг айтишича, йўлларни таъмирлашда ишлатиладиган битумнинг бир қисмини Ўзбекистон четдан олиб келади.

Четдан келтирилаётган бир тонна битум корхоналарга 2 миллион 200 минг сўм ёки Марказий Банк курси бўйича 665 долларга тушади.

2011 ва 2015 йиллар давомида Ўзбекистон 110 минг тонна битум импорт қилган, бунинг учун давлат ғазнасидан 73 миллион АҚШ доллар сарфлаган.

Соҳанинг ичидаги одамларнинг айтишича, битум импорт қилишда устама пуллари олиш эвазига коррупция ҳолатлари рўй беради.

Муаммонинг иккинчи сабаби сифатида монополия ҳам келтирилади. Ўзбекистонда йўлларни таъмирлаш ва қуриш тендер асосида берилади. Тендерларга кирадиган объектлар лойиҳаси эски нормалардан фойдаланган ҳолда тузилади. Ундан бир қадам четга чиққан одам бавлат мулкини талон-тарож қилишликда айбланади.

Мутахассиснинг билдиришича, Ўзбекистон мустақилликка эришган дастлабки йилларда йўл компанияси бошида ўтирган раҳбарлар йўлни таъмирлаш бўйича янги технологияларни киритиш таклифларига очиқ бўлишган.

Маблағни тежаш ва йўл сифатини яхшилашда янги технологиялардан фойдаланишларни синаб кўриш ва жорий қилиш ғолатлари учраб турган. Бироқ Ўзбекистонда бошқа соҳаларда рўй бергани каби йўл қурилишида ҳам 2000 йиллар бошидан бошлаб турғунлик даври бошланган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг