'Генерал Дўстум президент буйруғига бўйинсунмаган'

Генерал Дўстум Фото муаллифлик ҳуқуқи INOYATULLAH BABUR FARAHMAND

Қўшни Афғонистондан олинган энг сўнгги хабарлар тафсилотларидан аён бўлишича, президент Муҳамад Ашраф Ғанийнинг идорасига қайтмаслик буйруғига бўйин эгмагани боис, ўтган тунда мамлакат биринчи вице-президенти генерал Абдулрашид Дўстумнинг уйи атрофига катта сондаги полиция кучлари ва ҳарбийлар сафарбар этилишган.

Генерал Дўстумнинг Ширпурдаги ҳовлисига элтувчи аксарият йўллар улар томонидан тўсиб қўйилган.

Хабарларда айтилишича, генерал Абдулрашид Дўстум кеча - душанба куни бир неча ойлик танаффус ортидан, ўз идорасига камида олти юз нафар ҳарбийси ҳозирлигида қайтган.

Аммо сўнгги хабарларда янграган бу каби тафсилотлар юзасидан, ҳозирча, Афғонистон биринчи вице-президенти идорасидан бирор бир расмий муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Хабарларга кўра, бундан ташқари, генерал Абдулрашид Дўстум ва айрим юқори мартабали ёрдамчиларининг уйи ва идораси яқинига танклар ҳам жойлаштирилган.

Афғонистон биринчи вице-президентининг пойтахт Кобулдаги уйи ва идораси билан боғлиқ бу каби ҳарбий сафарбарлик сабаби шу пайтгача номаълум қолаётганди.

Президент Муҳаммад Ашраф Ғаний ва Афғонистон президентлик саройи ҳам бу хусусда бирор бир расмий муносабат билдирмаганди.

Аммо пойтахт Кобулдан олинган айрим хабарларда воқеаларнинг сўнгги ривожи генерал Абдулрашид Дўстумнинг душанба куни енгил ва оғир қуроллар билан қуролланган ўнлаб тан қўриқчилари ҳозирлигида идорасига - ўз вазифаси ижросига қайтиши ортидан кузатилаётгани айтилган.

Афғонистон президент саройидаги ўз исм-шарифини очиқлашни истамаган манба Би-би-сига генерал Абдулрашид Дўстумнинг пойтахт Кобул марказида шунча сондаги ҳарбийлари билан ҳозир бўлиши ноқонуний бир амал бўлганини билдирганди.

Ўтган тунда Афғонистон вице-президентининг уйи атрофига сафарбар этилган хавфсизлик кучлари ходимлари ва танкларнинг сони борасида эса, шу соатларда ҳам аниқ маълумотлар имконли эмас.

Аммо, аён бўлишича, бу ҳарбийлар Афғонистон Тезкор ва Қуролли Кучлари аъзоларидан иборат.

Пойтахт Кобулдан олинган энг сўнгги хабарларга кўра, маҳаллий вақт билан оқшомга яқин йўллар очилган, лекин сафарбар этилган ҳарбийлар ва танкларнинг ҳануз ҳудудда ҳозир эканликлари айтилади.

Кобулда бўлган мухбирларимизга кўра, бу йўлларнинг соатлаб ёпиб қўйилиши пойтахт аҳолиси учун озмунча бошоғориққа сабаб бўлмаган.

Муносабат

Фото муаллифлик ҳуқуқи INOYATULLOH BABUR FARAHMAND

Афғонистон биринчи вице-президенти генерал Абдулрашид Дўстум девони раҳбари Иноятуллоҳ Фараҳманднинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, бу каби сафарбарлик сабаби ва мақсадини билиш учун орада кечган вақт давомида мамлакат Ички ишлар вазирлиги, Миллий Амният Кенгаши ва бошқа масъул идоралардан расмий изоҳ олиш уринишлари самара бермаган.

Иноятуллоҳ Фараҳманднинг айтишича, бу каби ҳарбий сафарбарлик айнинг кимнинг буйруғи билан амалга оширилгани ҳам шу соатларда ўзларига маълум эмас.

Суҳбатдошимизга кўра, бу хусусда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Афғонистондаги Кўмак идораси дохил қатор халқаро ташкилотлар ва кўплаб элчихоналарга ҳам мурожаат қилишган.

Девони раҳбарининг айтишича, Афғонистон биринчи вице-президенти бугун ишга чиқмаган, Ширпурдаги уйида ва сабаби номаълум экани боис, воқеаларнинг бу каби ривожига ҳозирча бирор бир муносабат ҳам билдирмаган.

Унга кўра, кеча қонуний тан қўриқчилари Афғонистон биринчи вице-президентининг хавфсизлигини оддий бир шаклда, ҳар доимгиси каби таъминлашган.

"Бу йўлда ҳеч қандай бир на танк ва на тўп - ҳеч нарса бўлмаган. Фақат оддий қўриқчилар... Бу қўриқчилар ҳам катта сонда бўлмаган. Агар, катта сонда бўлган бўлишса, улар буни айтишлари керак эди. Ҳеч бир гаплашмасдан, ўзларининг кимликларини билдирмасдан, исмларини айтишга жасорат қилмасдан, бу каби шов-шувларни ўртага ташлашлари тўғри келмайди. Ундай бўлган бўлса, Ички ишлар вазирлиги чиқиб, айтсин...", - дейди генерал Абдулрашид Дўстум девони раҳбари Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида.

Унинг энг сўнггида айтишича, Афғонистон биринчи вице-президенти бундан буёғига ҳам "ўз ишини одатий равишда давом этдиради".

"Генерал Абдулрашид Дўстум бу вазифага халқнинг раъйи билан келган, унинг ўз вазифаси ижросини давом этдириши бирор бир қонунга зид эмас".

Тергов иши

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ўтган йил охирида сиёсий рақиби ва Жазужон вилояти собиқ ҳокими Аҳмад Ишчи Афғонистон биринчи вице-президентига нисбатан жиддий даъволар билан чиққан.

Генерал Абдулрашид Дўстумнинг буйруғи билан ўзининг зўр билан олиб қочилганлиги ва номақбул муносабатда бўлинганини иддао қилган.

Афғонистон биринчи вице-президентининг шахсан ўзи ва идораси бу каби айбловларни кескин рад қилган ва буларнинг барчаси "иғвогарлик амали" эканини баён қилган, Аҳмад Ишчини улар эмас, балки Афғонистон хавфсизлик кучлари ушлаганликларини айтганди.

Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғаний Аҳмад Ишчининг даъволарини синчковлик билан ўрганишга ваъда берган, ўтган ой охирида мамлакат Бош прокуратура идораси генерал Абдулрашид Дўстум 9 нафар тан қўриқчисини ҳибсга олишга буйруқ берган.

Уларни уч бор сўроқ бериш учун ўз ҳузурларига чақиргани, аммо сўровлари бежавоб қолганини ҳам айтиб чиққанди.

Аммо, Афғонистон биринчи вице-президенти девони раҳбари Иноятуллоҳ Фараҳманднинг айтишича, тан қўриқчилари билан боғлиқ қонуний жараён давом этмоқда ва агар боғлиқ бўладиган бўлса, бу каби ҳарбий сафарбарликка бирор бир ҳожат бўлмаган.

Суҳбатдошимиз, ўз ўрнида, бу каби ҳарбий сафарбарлик сабаби ва мақсади ўзларига аён бўлганида, шунга мувофиқ иш тутган бўлишларини ҳам қўшимча қилади.

Унга кўра, шу соатларда ҳарбийлар ва танкларнинг Афғонистон биринчи вице-президенти уйи атрофида яна қанчагача қолиши ҳақида ҳам ўзларига ҳеч нарса маълум эмас.

Тарихча ўрнида

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Генерал Абдулрашид Дўстум ўтган йил ҳисобидан учинчиси бўлган йирик ҳарбий амалиётларига бошчилик қилиш учун октябр ойи бошида Афғонистон шимолига жўнаб кетган, Туркманистонга бевосита чегарадош Фарёб ва Тожикистонга қўшни Қундуз вилоятларини жангарилардан тозалашга аҳд қилганди.

Аммо кутилмаганда ҳарбий карвони пистирмага дуч келаркан, янги бошлаган амалиётларидан қарийб икки ҳафтача ўтиб, генерал Абдулрашид Дўстум Фарёбдан Жаузжон маркази Шибирғондаги уйига қайтиб кетган.

Толибларнинг пистирмаси натижасида Афғонистон биринчи вице-президентининг яраланганига оид хабарлар олинган, аммо унинг девони бу каби даъволарни кескин рад этиб чиққанди.

Бунинг ортидан, Шибирғонда экан, генерал Абдулрашид Дўстум Афғонистон президенти ва ижроий раисига қарши кескин танқидлар билан чиққан.

Икковлонни миллатчилик, президент Муҳаммад Ашраф Ғанийни, бунга қўшимча, қудратпарастликда айблаган.

Худди ана шу омилга мувофиқ, мамлакат хавфсизлик кучлари ўртасида ҳамоҳанглик йўқлигини айтиб, мавжуд ҳолатни ҳам жиддий танқид остига олган.

Тезда Лоя Жирга чақирилиши ва қудратни мамлакат конституциясига мувофиқ тақсимланишини талаб қилганди.

Президент Муҳаммад Ашраф Ғаний бунга жавобан кескин баёнот билан чиққан, биринчи вице-президентнинг бу каби танқидлари масъул идоралар томонидан текширилиши лозимлигини айтган.

Аммо бунинг ортидан ҳам генерал Абдулрашид Дўстум ўз мавқеида қатъий қолишини баён қилган, талаблари марказий ҳукумат томонидан жиддийлик билан инобатга олинмас экан, пойтахт Кобулга қайтмаслиги билан огоҳлантирган.

Афғонистон президенти ва биринчи вице-президенти ўртасидаги бу каби зиддият миллий бирдамлик ҳукумати сафларида навбатдаги сиёсий бўҳронга замина ҳозирлаган.

Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жиддий издан чиқиб бораётган бир манзарада аввалига мамлакат ижроий раиси, бунинг ортидан, биринчи вице-президент билан юз берган бу каби ҳолат халқаро миқёсда ҳам яхшигина хавотирларга сабаб бўлмай қолмаган.

Мавжуд муаммога Афғонистон сиёсий тажрибасида биринчиси бўлган миллий бирдамлик ҳукуматининг ташкил топишига воситачилик қилган Америка Қўшма Штатлари жиддий аралашиши лозим, деган даъватлар янграй бошлаган бир манзарада Шибирғондан президент Ғанийнинг биринчи муовинига сим қоққанига оид хабарлар олинган.

Бу хабарлардан жаноб Ғаний генерал Абдулрашид Дўстумнинг норозилигини жоиз ва талабларини ҳақли, деб топгани англашилган.

Бунинг ортидан ҳам, томонлар ўртасида телефон мулоқотлари бўлгани, президент Ғаний томонидан тайин этилган махсус ҳайъат иштирокида қатор мулоқотлар бўлиб ўтганига оид хабарлар олинган.

Аммо, шунда ҳам, президент Ғаний томонидан уларнинг ижроси борасида аниқ ваъдалар янграмагани ҳам аён бўлганди.

Афғонистон биринчи вице-президенти орада норасмий ташриф билан Ўзбекистон ва Туркияда ҳам бўлиб қайтган.

Қарийб уч ойдирки, Афғонистон шимолида қолган Афғонистон биринчи вице-президенти фақат яқинда пойтахт Кобулга қайтганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.