Туркиядан бошпана сўраган қочқин Қозоғистонга қайтарилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи degisim haber

Туркиядан бошпана сўраган қозоғистонлик уламо Абдухалил Абдужабборов оиласи билан мажбуран Қозоғистонга қайтарилган.

4 ой Истанбул аэропортида қолган диндор ва унинг ўғиллари Туркия полиция томонидан дўппослангани айтилмоқда.

Россиядаги "Мемориал" инсон ҳуқуқлари ташкилотининг маълум қилишича, Абдужабборовнинг 10 фарзанди ҳамда турмуш ўртоғи Туркиянинг Истанбул шаҳрида маҳкама қарорини кутишаётган бўлган.

Шайх Халил

"Қозоғистон ҳукуматини билан келишилган ҳолда амалга оширилган ноқонуний депортация жараёнида Туркия полицияси бошпана сўровчини ва унинг вояга етмаган ўғилларини дўппослаган. Чиқариб юборишни тўхтатишга бўлган барча ҳаракат самара бермади. 18 феврал куни Олма отада Абдужаббаров қўлга олинди", - дейила "Мемориал" тарқатган хабарда.

Шайх Халил номи билан танилган 46 ёшли уламо Туркия ҳукуматидан 2016 йилнинг 12 октябр куни бошпана сўраган.

Абдужабборов ва унинг оиласи шундан бери Истанбул халқаро аэропортида сақланиб келаётганди.

17 дан 18 февралга ўтар кечаси Туркия полицияси уларни куч билан Судия Арабистонининг Мадина шаҳрига учириб юборган.

Мадина аэропортидан қилган видеомурожаатида Абдухалил Абдужаббаров чап қўли боғланган ҳолда кўринган ва Истанбул ҳаво қўналғасида ўзи ва фарзандларини полицияси дўппослаганини айтган.

"Полиция бизга жуда қўпол муомалада бўлди, мени ва ўғилларимни дўппослашди. Биз Туркияга ёрдам истаб келгандик, турк ва мусулмон қардошларимиз деб келгандик. Бизни Туркияга қайтаришга ёрдамлашинг, Қозоғистонга қайтиб кетолмаймиз. У ерда қийноқларга тутиламиз, дея олдиндан айтиб келаяпман", - деган Абдужаббаров видео мурожаатида.

18 феврал куни Абдужаббаров оиласи дастлаб Бирлашган Араб Амирлигининг Дубай шаҳрига ва у ердан Қозоғистонга депорт қилинди.

Абдужабборовнинг ҳуқуқларини Туркияда ҳимоя қилган IHH инсоний ёрдам ташкилоти адвокатлари Дубай аэропортига келиб уни Туркияга қайтаришга қилган ҳаракатлари бесамар кетган.

Қидирувдаги имом

Қозоғистоннинг жанубидаги Сайрам туманида таваллуд топган, миллати ўзбек Абдухалил Абдужабборов диний таълимни Исломободдаги халқаро Ислом университети фиқҳ бўлимида олган.

Қозоғистонга қайтганидан сўнг Чимкентдаги Қозоғистон-Қувайт университети дарс берган.

Қозоғистон ҳукумати ушбу университетнинг лицензиясини олиб қўйгач, Қозоғистон ғарбидаги Атирау шаҳридаги "Иманғали" масжиди қошидаги мадрасада таълим бера бошлаган.

Бироқ кейинчалик Қозоғистон ҳукумати билан ўртада зиддият келиб чиқа бошлайди.

Ҳукумат уни Қозоғистон учун ноанъанавий бўлган Салафийлик оқимини ёйишда айблай бошлайди.

Бироқ аввалига ушбу айбловлар очиқдан очиқ айтилмаган. Уламо фаолиятини тўхтатиш учун бошқача йўллардан фойдаланишга ҳаракатлар бўлган.

Уни ноқонуний равишда диний тадбирлар ўтказишда айблаб маҳкамага тортишади. Лекин маҳкамада Абдужабборов ютиб чиқади. Гувоҳлар Шайх Халилнинг фойдасига гувоҳлик беради.

Атирауда вақти Абдухалил Абдужаббаров "Дорус-Салом" диний бирлашмасиини рўйхатдан ўтказишга муваффақ бўлади.

Ушбу ташкилот қошида эса "Аттақуа" масжиди фаолият юрита бошлайди. Масжидга жума кунлари 60-70 одамнинг йиғилгани айтилади. Масжид қошидаги мадрасада эса 40 чоғли талаба диний илм олган.

Бироқ 2004 йилнинг ёз ойида Абдужабборов Атирауни тарк этишга ва ғарбдаги яна бир шаҳар Ўролга кетишга мажбур бўлади.

"Мемориал"нинг маҳаллий мусулмонларга таяниб ёзишича, унинг шаҳарни тарк этишига маҳаллий ҳокимият билан оғзаки келишуви сабаб бўлган. Ҳокимият уламо шаҳарни тарк этсагина "Дорус-Салом" ва унинг қошидаги масжид фаолиятига даҳл қилмасликка сўз берган.

"Такфирчилар асосчиси"

Шайх Халил ва маҳаллий Диний идора ўртасида турли масалалар бўйича келишмовчиликлар тез-тез содир бўлгани борасида айтилади.

Ўша вақти Қозоғистон Диний идораси раҳбар лавозимларидан бирида ишлаган исмини ошкор қилишни истамаган қозоғистонлик уламонинг Би-би-сига айтишича, Абдужаббаров Қозоғистон "такфирчилар" оқимига асос солган.

"Абдухалил Абдужаббаров Қозоғистонда "такфирчилар" оқимига асос солган шахс саналади. Аввалига у ўз мақсадларини яшириб "Аттақуа" масжидида имомлик қилди. Жамоатни иккига бўлганидан сўнг уни масжиддан четлатганмиз."

Диний идора собиқ масъулининг айтишича, "такфирчилар" Қозоғистон жамияти учун ўта хавфли оқимлардандир.

"Улар намоз ўқимаган ҳаммани кофирга чиқаради. Натижада қанчадан қанча оилаларнинг ўртасига нифоқ тушди. Тасаввур қилинг, фарзанд намоз ўқимаган отасини кофирга чиқариб ўтирибди", - дейди у.

Абдужабборов бу каби айбловларни рад этади. У "асл Исломий таълимот"ларни ёйганлиги учун ҳам таъқибга учрашишини билдирган.

У Қозоғистонни 2006 йили тарк этиб Мадина шаҳрида қўним топганди.

Қозоғистондан кетгандан сўнг ҳам унинг айрим мусулмонлар орасида машҳурлиги сўнмаган. Ҳажга борган мусулмонлар у билан кўришиб турган, интернетда Абдужабборов томонидан маърузалар машҳурлашиб бораверган.

Шундан сўнг Қозоғистон ҳукумати уни экстремизим ва терроризмда айблаб ортга қайтаришга ҳаракат қила бошлайди.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ушбу айбловларнинг барчаси ўйлаб топилгани ва унинг негизида ҳақиқат йўқлигини таъкидлаб келишади.

Қозоғистонга қайтиш борасида уламонинг ўзи билан ҳам бир неча маротаба келишувлар олиб борилгани айтилади.

Бироқ у қийноқлар ва туҳматлардан қўрқиб Қозоғистонга қайтишни рад қилади.

Бу орада Қозоғистон матбуотида Абдухалил Абдужабборов шахсини қораловчи материаллар чоп этиб турилган.

2015 йилнинг 20 декабр куни Шайх Халил Саудия полицияси томонидан қўлга олинади.

Унинг қўлга олинишига Қозоғистон томонининг Саудия Арабистонига Абдужабборов тўғрисида топширган ҳужжатлари асос бўлгани айтилади.

2016 йилнинг октябр ойида Саудия Арабистони уни Қозоғистонга бериб юборишга аҳд қилади.

Абдужабборов оиласи билан Истанбул орқали Қозоғистонга учаётганда аэропортда Туркия ҳукуматидан бошпана сўраганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.