Генерал Дўстум девони ҳукуматдан изоҳ сўрамоқда

Иноятуллоҳ Фараҳманд Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook

Қўшни Афғонистондан олинган сўнгги хабарларга кўра, Арг мамлакат биринчи вице-президентлиги девонининг сўровига ҳалича бирор бир муносабат билдирмаган.

Президент Муҳаммад Ашраф Ғанийнинг генерал Абдулрашид Дўстумнинг ўз идорасига қайтмай туришига оид буйруғи қандайин қонуний асосга эга экани саволига ойдинлик киритмаган.

Душанба куни тунда Афғонистон биринчи вице-президентининг пойтахт Кобулдаги уйи атрофига ўнлаб хавфсизлик ва полиция кучлари ходимлари сафарбар этилишганига оид хабарлар олинган.

Унинг ҳовлисига элтувчи аксарият йўлларнинг тўсиб қўйилгани айтилган.

Бундан ташқари, генерал Абдулрашид Дўстумнинг ўзи, девони раҳбари ва айрим юқори мартабали ёрдамчиларининг уйи ва идораси яқинига танклар жойлаштирилгани ҳам маълум бўлганди.

Сешанба куни маҳаллий вақт билан асрга қадар бу каби ҳарбий сафарбарлик сабаби ва мақсадига оид бирор бир расмий хабарлар имконли бўлмаган.

Аммо, асрга бориб, Би-би-си бунга генерал Абдулрашид Дўстумнинг идорасига қайтмай туришига оид Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғанийнинг буйруғига бўйинсунмагани сабаб бўлганига оид маълумотларни қўлга киритишга муваффақ бўлганди.

Айни хабар ортидан, Би-би-си Ўзбек Хизмати Кобулдан Афғонистон биринчи вице-президенти девони раҳбари Иноятуллоҳ Фараҳманд билан боғланган.

"Агар, ҳозир, Арг масъулларидан бири генерал Абдулрашид Дўстумнинг идорасига бормаслиги учун шундай бир ҳаракат бўлди, деса, бу - комилан ноқонуний бир амал. Ва бунинг қайси қонун асосида қилингани очиқланиши керак. Агар, Аҳмад Ишчининг иддаоси сабабидан, деб айтишса, даъво ёки иддао ўз исботини топмасдан туриб, ҳеч бир қонун сен идорангга бормагин, деб ҳукм қила олмайди. Буни қайси ҳаққи билан президент ёки бошқа бир киши айта олади?", - дея савол қўяркан, суҳбатдошимиз, "Агар, айтса, бунинг далилини, қонунини - қайси қонун асосида айтишини очиқласин, бизга ҳам, халққа ҳам билдирсин...", - дея бу каби янгиликка ўз муносабатини билдирганди.

"Бу каби яширинча иш бўлмайди. Эрталаб келтириб аскар ташлашса, оқшом олиб кетсалар, сабабини эса, ҳеч ким билмаса...Сўнгра ўз исмини айтишдан бош тортган фалонча бундай деб айтди, деб, билмадим, дунёнинг матбуотига берсалар...Қайси қонун асосида, қайси усул асосида, қайси маҳкаманинг ҳукми асосида булар Афғонистон биринчи вице-президентининг ўз идорасига боришининг олдини олади?..", - дея савол қўйганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook

Ўз уйининг хавфсизлик кучлари томонидан ўраб олинганига оид хабарлар манзарасида сешанба куни кечга яқин Афғонистон биринчи вице-президенти генерал Абдулрашид Дўстумнинг ўзи ҳам шахсий "Оина" телевизион канали орқали чиқиш қилган. Жуда хотиржам алфозда кўринган.

Агар, девони раҳбари Иноятуллоҳ Фараҳманднинг сўзларига таянилса, бунга Кобул аҳолисининг бу каби гап-сўзлардан ташвишга тушиб, генерал Дўстумнинг Ширпурдаги уйи атрофига тўпланишлари сабаб бўлган.

Аён бўлишича, Афғонистон биринчи вице-президенти одамларни бу каби хабарларни жиддий олмасликка чақирган.

"Агар, менга қарши бирор бир чора кўриш ниятида бўлишса, президент бўладими, матбуот воизи ёки хавфсизлик идоралари, менга айтишлари керак эди. Тушунишимча, қандайдир бир хабар асосида бу ерда текширув ишларини бошлашган. (Чунки гарнизон қўмондони ҳам шундай деб айтган эди - Иноятуллоҳ Фараҳманд). Бундан ташқари, ҳеч бир расмий манба, ҳеч бир расмий идора ва ҳеч бир расмий шахс бунинг сабабини бизга очиқлаган эмас", - дея айтган.

Суҳбатдошимизга кўра, маҳаллий вақт билан сешанба куни оқшомгача ҳам на-да президент саройи ва на-да Афғонистон Хавфсизлик Кенгаши бу масалага расман ойдинлик киритган. На-да ўзлари ва на-да матбуот бундан хабар топган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Аммо, Афғонистондан олинган сўнгги хабарлар тафсилотларидан маълум бўлишича, унинг пойтахт Кобулда юз мингдан ортиқ ҳеч кимга масъул бўлмаган қуроллилар борлиги, агар ўз ҳарбийлари ва афғон қўшинлари орасида бирор бир тўқнашув келиб чиқса, шаҳардаги банклар ва бозорларнинг талон-тарож қилиниши мумкинлигига оид сўзлари кўплаб одамларни хавотирга солган.

Афғонистон президент саройи ҳозирча генерал Абдулрашид Дўстумнинг сўнгги бу сўзлари ва сўнгги телевизион чиқишига расман бирор бир муносабат билдирмаган.

Би-би-си манбаларига кўра эса, генерал Абдулрашид Дўстумнинг сиёсий рақиби, Жаузжон вилояти собиқ ҳокими Аҳмад Ишчига нисбатан номақбул муносабатда бўлганликлари иддао қилинаётган тан қўриқчиларини масъуллар қўлига топширишга ундаш учун унинг уйи атрофига юзлаб ҳарбийлар сафарбар этилган бўлишган.

Аммо генерал Дўстум "Миллий Исломий Уйғониш" партияси матбуот воизи Башир Аҳмад Таянчнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, "айни мазмундаги айбловларни иддао, деб билишгани боис, бундай қилишни жоиз, деб билишмайди".

Пойтахт Кобулдаги мухбиримиз Фазл Аҳмад Ёлғузнинг айтишича, Афғонистон биринчи вице-президентнинг Ширпурдаги уйига элтувчи айрим йўллар ҳануз ёпиқлигича қолмоқда.

Бугун - чоршанба куни ҳам оз сонда эса-да, теварак-атрофда ҳарбийлар ва танклар ҳам ҳозир.

Афғонистон биринчи вице-президентининг ўзи эса, бугун ҳам ишга чиқмаган ва ҳозир ўз уйида.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг