Генерал Дўстум тан қўриқчиларини топширди

Генерал Дўстум Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Афғонистон биринчи вице-президенти идорасининг билдиришича, генерал Абдулрашид Дўстум сиёсий мухолифи ва Жаузжон вилояти собиқ ҳокими иддаолари билан боғлиқ тергов жараёнига кўнгилли равишда ҳамкорлик қилишмоқчи.

Пойтахт Кобулдан олинган хабарларга кўра, генерал Абдулрашид Дўстум ўз хавфсизлик хизмати бошлиғи генерал Саттор дохил етти нафар тан қўриқчисини масъуллар қўлига топширган.

Афғонистон Ички ишлар вазирлиги матбуот воизининг билдиришича, еттовлон кеча - чоршанба куни мамлакат Бош прокуратура идораси қаршисида ҳозир бўлишган.

Сиддиқ Сиддиқийга кўра, уларнинг устидан расман тергов жараёни ҳам бошланган.

Афғонистон биринчи вице-президентининг жаъми тўққиз нафар тан қўриқчиси Аҳмад Ишчини зўр билан олиб қочиш ва унга нисбатан номақбул муносабатда бўлишда айбланишмоқда.

Воқеаларнинг сўнгги ривожи душанба куни тунда Абдулрашид Дўстумнинг пойтахт Кобулдаги уйи атрофига юзлаб хавфсизлик кучлари ва танклар жойлаштирилиши, ҳовлисига элтувчи аксарият йўллар тўсиб қўйилиши ортидан кузатилмоқда.

Сешанба куни маҳаллий вақт билан шомга қадар бу ҳарбийлар аксарияти ҳудудни тарк этишгани, иккитасидан ташқари қолган йўлларнинг барчаси очилгани айтилган эса-да, кеча-чоршанба куни ҳам Афғонистон биринчи вице-президенти уйи атрофида оз сондаги хавфсизлик кучлари ва танклар кўзга ташланишига оид хабарлар олинганди.

Генерал Абдулрашид Дўстум сўнгги қарорининг бу каби ҳарбий сафарбарликка бирор бир алоқаси бор-йўқлиги маълум эмас.

'Қуршов'

Душанба тунидан бошлаб, маҳаллий вақт билан чоршанба куни асрга қадар Афғонистон биринчи вице-президенти уйининг нега қуршаб олингани сабаби ва ундан кўзланган мақсад борасида бирор бир расмий изоҳ берилмаган.

Орада кечган вақт давомида Би-би-сининг Аргдаги манбалари берган маълумотлар ҳам бир неча бор ўзгарган.

Дастлаб бу каби ҳарбий сафарбарлик сабаби Афғонистон биринчи вице-президентининг бир неча ойлик танаффус ортидан ўз идорасига катта сондаги қуролланган тан қўриқчилари билан қайтгани билан изоҳланган.

Кейин бунинг омили қилиб генерал Абдулрашид Дўстумнинг президент Муҳаммад Ашраф Ғанийнинг идорасига қайтмай туришига оид буйруғига бўйинсунмагани келтирилган.

Фақат чоршанба кунига келиб, Би-би-сининг Аргдаги манбалари генерал Дўстумнинг Аҳмад Ишчига нисбатан номақбул муносабатда бўлганликлари иддао қилинаётган тан қўриқчиларини масъуллар қўлига топширишга ундаш учун унинг уйи атрофига юзлаб ҳарбийлар ва танклар сафарбар этилганини айтишганди.

Аммо, таъкидлаш жоиз, сешанба куни маҳаллий вақт билан кечга яқин шахсий "Оина" телевизион канали орқали чиқиш қилган Афғонистон биринчи вице-президентининг ўзи ҳам "ҳеч бир расмий манба, ҳеч бир расмий идора ва ҳеч бир расмий шахс бу каби ҳарбий сафарбарлик сабабини ўзларига расман очиқламагани"ини билдирганди.

Даъволар ва айбловлар

Ўтган йил охирида сиёсий рақиби ва Жаузжон вилояти собиқ ҳокими Аҳмад Ишчи Афғонистон биринчи вице-президентига нисбатан жиддий даъволар билан чиққан.

Генерал Абдулрашид Дўстумнинг буйруғи билан ўзининг зўр билан олиб қочилганлиги ва номақбул муносабатда бўлинганини иддао қилган.

Афғонистон биринчи вице-президентининг шахсан ўзи ва идораси бу каби айбловларни кескин рад қилган ва буларнинг барчаси "иғвогарлик амали" эканини баён қилган, Аҳмад Ишчини улар эмас, балки Афғонистон хавфсизлик кучлари ушлаганликларини айтганди.

Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғаний Аҳмад Ишчининг даъволарини синчковлик билан ўрганишга ваъда берган, ўтган ой охирида мамлакат Бош прокуратура идораси генерал Абдулрашид Дўстум 9 нафар тан қўриқчисини ҳибсга олишга буйруқ берган.

Уларни уч бор сўроқ бериш учун ўз ҳузурларига чақиргани, аммо бу хусусдаги сўровлари бежавоб қолганидан шикоят қилиб чиққан.

Афғонистон биринчи вице-президенти девони раҳбари Иноятуллоҳ Фараҳманднинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича эса, генерал Абдулрашид Дўстум тўққиз тан қўриқчисидан икки нафари устидан текширув жараёнлари бундан анча аввал бошланган.

Пойтахт Кобулдан олинган энг сўнгги хабарларга кўра, Афғонистон биринчи вице-президенти уйига элтувчи барча йўллар очилган ва ҳарбийлар ҳам ҳудудни тарк этиб бўлишган.

Девони раҳбарининг билдиришича, генерал Абдулрашид Дўстум ҳозир Ширпурдаги уйида ва "бундан аввал ҳам Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида баён қилганидек, Афғонистон биринчи вице-президенти "ўз ишини одатий равишда давом этдиради".

"Генерал Абдулрашид Дўстум бу мақомга халқнинг раъйи билан келган, унинг ўз вазифаси ижросини давом этдириши бирор бир қонунга зид эмас".

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.