Мирзиёевдан кейин Раҳмон ҳам буйруқ берди

Шавкат Мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи president.uz

Қўшни Тожикистон раҳбари ҳам куч тизимларига мамлакат мудофаа қудратини кучайтиришни буюрган.

Тожикистон Қуролли Кучлари ва Чегара қўшинларининг доимий ҳарбий тайёргарлик ҳолатида туришлари борасида аниқ топшириқлар берган.

Бунга қўшимча, мамлакат аҳолисини ҳам ҳушёрликни қўлдан бермасликка чақирган.

Тафсилотлари видеолавҳамизда - назардан қочирманг.

Президент матбуот хизматининг расман билдиришича, Имомали Раҳмоннинг сўнгги буйруғи Тожикистон Хавфсизлик Кенгашининг яқинда бўлиб ўтган йиғини чоғида янграган.

Мажлисда президент Раҳмон дунё бўйлаб террорчилик ва диний-сиёсий экстремизм таҳдиди кучайиб бораётгани воқеълигига диққат қаратган.

Мавжуд вазиятни мамлакати ҳарбий тузилмалари, ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари ва Хавфсизлик Кенгаши аъзолари билан муҳокама қилиб олган.

Ўтган ой охирида Ўзбекистоннинг янги президенти Шавкат Мирзиёев ҳам мамлакат Қуролли Кучларини янада замонавийлаштириш ва қудратини оширишга қаратилган "аниқ вазифа" ва "топшириқлар" берган.

Аммо расмий хабар тафсилотларидан бу аниқ вазифа ва топшириқлар нималарни кўзда тутиши ноаён қолган.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги раҳбарияти билан ўтказган йиғини қўшни Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жиддий издан чиқиб бораётган бир пайтга тўғри келган.

Яқинда Афғонистон биринчи вице-президенти, генерал Абдулрашид Дўстум ҳам мамлакатнинг аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош шимолий ва шимолий-шарқий минтақаларининг хавфсизлиги юзасидан ўзининг жиддий хавотирларини изҳор этган.

Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи Марказий Осиё давлатларини кўзда тутиб, бу ерларга ўн мингга яқин жангарисини сиздириш ҳаракатида экани билан огоҳлантирган.

Шундоққина биқинларида толиблар қаторида ИШИД жангариларининг ҳам фаоллашиб бораётганига оид хабарлар эса, ўтган икки йил ичида Ўзбекистон дохил барча Марказий Осиё давлатлари қолиб, Россия ва Хитойнинг ҳам жиддий хавотирларига сабаб бўлиб келади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Internet

Душанбедан етакчи журналист Искандар Фирузнинг айтишича, экспертлар Тожикистон раҳбарининг сўнгги буйруғини ҳам унинг Афғонистондан келаётган террорчилик хавфидан хавотирда экани билан боғлашмоқда.

Суҳбатдошимизга кўра, президент Раҳмон Тожикистон Қуролли Кучларининг мамлакат жанубидан келувчи ҳар қандай таҳдидга қарши туришга қодир бўлишларини истайди.

Унинг айтишича, Тожикистон раҳбари яқинда мамлакат Чегара қўшинларининг янги ўқув марказига қилган ташрифи чоғида ҳам айни шу таҳдидларга тўхталиб ўтган.

Тожикистон Қуролли Кучларини замонавийлаштириш масаласида асосий кўмакни эса, ўтган уч йил давомида Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти бериб келади.

Журналист Искандар Фирузнинг айтишича, шу кунларда Россия томонидан пойтахт Душанбе чеккасидаги чегарага яқин аэродромга бир неча эскадрилья қирувчи самолёт ва вертолётлар ҳам ташланган.

Аён бўлишича, Россия ҳарбийлари бунинг сабабини янги аксилтеррор машғулотлари ўтказиш истаги билан изоҳлашган.

Аммо, суҳбатдошимизнинг ўзларига имконли бўлган маълумотларга таяниб айтишича, расмий Кремль Тожикистон жанубида жойлашган ўз ҳарбий-ўқчи бўлинмаси ҳаво қудратини оширишни мақсад қилган.

Худди шу манзарада Дональд Трамп бошчилиги остидаги янги АҚШ маъмуриятининг Афғонистонга оид бундан кейинги сиёсати ҳозирча маълум эмас.

Сўнгги йилларда АҚШ билан ўзаро алоқаларига жиддий путур етган Россия эса, аллақачон Афғонистонда фаоллашиш "ҳаракатига тушиб қолган".

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг