ИШИД Афғонистонда нимага эришди?

ИШИДнинг Афғонистондаги раҳбари Ҳофиз Саид Хон ўтган йилнинг июлида АҚШ ҳаво ҳужумида ўлдирилган Фото муаллифлик ҳуқуқи Supplied
Image caption ИШИДнинг Афғонистондаги раҳбари Ҳофиз Саид Хон ўтган йилнинг июлида АҚШ ҳаво ҳужумида ўлдирилган

Ўзини Исломий давлат дея атовчи гуруҳ томонидан Афғонистонда ҳужумлар сони ортаркан, Би-би-си мухбири Довуд Аъзами жангарилар мамлакатга ва минтақага қандай таҳдид қилиши мумкинлигини ўрганган.

Исломий давлат қанча ҳудудни босиб олди?

ИШИД 2015 йилнинг январ ойида Афғонистоннинг эски номи билан аталган "Хуросон" бўлимига асос солинганини эълон қилди. Бу ИШИДнинг илк маротаба Араб дунёсидан бошқа ўлкаларга ёйила бошлагани нишонаси эди.

Бир неча ҳафта давомида гуруҳ Афғонистоннинг камида беш вилояти Ҳелмонд, Забул, Фараҳ, Лугар ва Нангархорда бўй кўрсатди. Улар кўпроқ ер эгаллаш учун ўзларига истеҳком қилишга ҳаракат қилишди.

У Афғонистондаги Толибоннинг маҳаллий исёнчилар устидан ҳукмронлигига тўғридан тўғри таҳдид солган илк йирик жангарилар гуруҳи эди. Гуруҳнинг илк мақсади Толибонни минтақадан сиқиб чиқариш ва Толибоннинг иттифоқчиси Ал-Қоидани Афғонистон ва Покистондан ҳайдаш ёки уларнинг жангчиларини ўз сафларига қўшиб олиш бўлган.

Урушдан чарчаган жангчиларни қувватлантиришга қаратилган ҳаракатларга рағман, ИШИД Афғонистонда йирик сиёсий база қуришнинг ва маҳаллий аҳолининг қўллаб қувватловини олишнинг уддасидан чиқолмади. Аксига олиб Толибон доҳил ҳаммани ўзига душман қилиб олди.

2015 йилнинг биринчи ярмида ИШИД шарқий Нангархор вилоятидаги бир бўлак ерни босиб олишнинг уддасидан чиқди. У икки сабаб билан амалда гуруҳнинг "пойтахтига" айланди дейиш мумкин.

Ҳудуд "Хуросон" гуруҳининг раҳбарлари келиб чиққан Покистоннинг қабила минтақасига яқин ва бу ерларда ИШИД сингари Исломнинг салафий/ваҳобий оқимига амал қилувчи айрим одамлар яшарди.

ИШИД Марказий Осияга боғланиш учун чечен ва Хитой уйғурларидан иборат жангчилари билан шимолий Афғонистонда ҳам ўрнашишга ҳаракат қилди.

Бироқ улар жануб ва ғарбдан ҳужум қилган Толибон ҳамда Афғонистон ва АҚШ ҳарбий кучлари томонидан олиб борилган амалиётлар вақтида деярли йўқ қилинди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Қизил хоч ташкилотининг олти ходими шу ой бошида Афғонистон шимолида ИШИД жангчилари томонидан ўлдирилган

Сўнгги ойлар давомида Шарқий Афғонистондаги ҳудудларини ҳам йўқотишди. Бироқ ҳалиям ҳужумларни режалаштираётган ва жангариларни шуғуллантираётган Нангархор ва Кунар вилоятларидаги айрим ерларни назоратида ушлаб турибди .

Забул ва Ғазна вилоятлари ҳамда айрим шимолий вилоятларда ҳам ИШИДнинг кичик жангари гуруҳлари мавжуд эканлиги айтилмоқда.

ИШИДда қанча жангари бор?

ИШИД Афғонистонда пайдо бўлгандан буён АҚШ ҳаво ҳужумлари ва Афғонистон ҳарбийларининг ердан қилган ҳарбий амалиётлари натижасида юзлаб жангариларини йўқотди. Бу орада бир неча юз ИШИД жангчиси Толибон билан тўқнашувларда ўлдирилди.

Уларнинг ичида Покистон Толибонининг собиқ қўмондони Ҳофиз Саид Хон ва унинг ўринбосарлари доҳил ўнлаб лидерлар АҚШ дронлари ҳужумида йўқ қилинди.

ИШИДнинг Афғонистонда мингдан беш минггача жангариси борлиги айтилади.

Афғонистондаги АҚШ ва НАТО қўшинларининг бош қўмондони, АҚШ генерали Жон Никелсон Афғонистонда ИШИДнинг тахминан 1000-1500 жангчиси борлигини айтади. Унга кўра сўнгги йилда олиб борилган ҳарбий амалиётлар натижасида уларнинг сони 3 мингдан тенг ярмигача қисқарган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Унинг қўшимча қилишича, ушбу жангариларнинг қарийб 70 фоизи 2014 йили Покистон ҳарбийлари Шимолий Вазиристондаги қабила ҳудудларига амалиёт бошлагандан сўнг Покистон Толибон гуруҳидан келиб қўшилган. Бироқ Афғонистон махсус хизматлари ИШИДнинг 80 фоиз жангчиси покистонликлар эканлигини таъкидлайди.

Гуруҳнинг қолганини Марказий Осиёга кўз тикка Ўзбекистон Исломий ҳаракати ва собиқ Афғонистон Толибони жангчилари ҳамда янги жалб қилинганлар эканлиги айтилади.

ИШИД ҳужумларга қарамасдан жон сақлаб қолмоқда ва ўлдирилганларнинг ўрнини тўлдириш учун янги одамлар жалб қилаётган кўринади.

ИШИД қандай тактикани қўллайди?

ИШИДнинг "Хуросон" бўлими ҳудудларни йўқота бошлаганидан сўнг, Яқин Шарқдаги ҳамфикрлари сингари яширин ҳужум қилиш тактикаларини - худкушлик ҳужуми, аниқ мўлжалли суиқасдлар ва қўлбола портловчи бомбаларни қўллаш каби амалиётларни қўллай бошлади.

Гуруҳ сўнгги ойларда пойтахт Қобулда ва Афғонистоннинг бошқа минтақаларида амал оширилган бир неча ҳужумларга масъулиятни бўйнига олиб чиқди.

2016 йилнинг июл ойида Қобулда ўтказилган марофонга қилинган ҳужум 80 кишининг ҳаётига зомин бўлди. Ўша йилнинг ноябр ойида Ошуро маросими вақтида қилинган ҳужум натижасида 30 киши ўлди. Ҳужумларнинг барчасида Шиа мусулмонларини нишонга олинган.

ИШИД мамлакатнинг бошқа ҳудудларида амалга оширилган ҳужумларни ҳам ўз зиммасига олган. Гуруҳнинг ғояси ва қонли тактикасига қарши бўлган қабила бошлиқлари ва диний уламолар ҳужумлар қурбони бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption НАТОга кўра Афғонистонда ИШИДнинг 1000 дан 1500 гача жангариси бор

ИШИД "Хуросон"и Яқин Шарқдаги ғоядошлари сингари зўравонликларни янги босқичга олиб чиқди. Ал-Қоида Афғонистонга худкуш ҳужумчиларни олиб келган бўлса, ИШИДчилар янги ва янада шафқатсиз тактикаларни жорий қилди.

2015 йилнинг август ойида ИШИД томонидан содир этилган жазоларнинг бирида Нангархорнинг Очин туманидан кўзлари боғланган 10 оқсоқол портловчи моддалар билан тўлдирилган ҳандакка ўтиришга мажбурланади. Кейин улар портлатилди.

Болалар ва аёллар дохил одам ўғирлаш ва калла кесишлар бошқа бир услуб.

Боз устига ИШИДнинг интернет ва радио тўлқинларидаги ташвиқоти анча кучли. Гуруҳнинг Twitter and Facebook да бир неча аккаунтлари бор ва 2015 йил декабрдан буён Нангархор вилояти FM радиостанцияси фаолият юритиб келмоқда.

"Хилофат" радиосини Нангархор, Кунор вилоятларида ҳамда Покистоннинг туташ ҳудудларида тинглаш мумкин. Радиостанция Америка ҳаво кучлари томонидан бир марта урилган, бироқ бир неча ҳафтанинг ичида яна ҳаво тўлқинларига қайтди.

ИШИД нима учун шиаларга ҳужум қилаяпти?

ИШИД Покистондаги аксил шиа гуруҳлар қўллови билан бу мамлакатга ҳам ҳужум қилиб туради. Гуруҳ 2015 йилнинг май ойида 40 шианинг ўлимига сабаб бўлган автобусга қилинган қуролли ҳужумга масъулиятни ўз бўйнига олган. Ҳужум мамлакатнинг энг йирик шаҳри Карачида амалга оширилганди.

Шу йилнинг 16 феврал куни Синдҳ вилояти Сеҳвон шаҳридаги Лал Шаҳбоз Қаландар Сўфи мақбарасига қилинган ҳужумни ҳам ИШИД ўз бўйнига олди. Полицияга кўра, унда 90 киши ўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Лал Шаҳбоз Қаландар Сўфи мақбарасига қилинган ҳужум Покистонни ларзага солди

Афғонистонда қуролли тўқнашувлар деярли 40 йилдан бери давом этиб келмоқда. Бироқ мамлакат минтақада бошқа мамлакатларда авж олаётган оқимлар ўртасидаги зўравонликка нисбатан нисбатан иммун тизими ҳосил қилган кўринади.

Шунга қарамасдан ИШИД Сурия ва Ироқда бўлгани каби Афғонистонда ҳам суннийлар ва шиалар ўртасида уруш келтириб чиқаришга уринмоқда. Суннийликнинг кескин кўринишига амал қиладиган ишидчилар шиаларни муртад санайди.

Бу мавзуда батафсилроқ