Ҳибсдаги қирғиз депутат тарафдорлари йиғилмоқда

Image caption Якшанба куни майдонда 1000га яқин намойишчи бор эди

Қирғизистон пойтахти Бишкекнинг Ала-Тоо майдонида ҳибсда ушлаб турилган депутат Ўмурбек Текебаевнинг тарафдолари йиғилишган.

Мухолиф "Ота Макон" партияси раиси Текебаев якшанба куни 48 соатга ушланган.

Депутатнинг майдонга йиғилган 500 нафарча тарафдорлари ва қариндошлари у озод қилинмагунча майдонни тарк этмасликларини айтишяпти.

"Ота Макон" фракциясининг фаоли Қубат Ортиқов намойишда сўзга чиқиб Текебаевнинг зудлик билан озод қилиниши ва фракция аъзоларига нисбатан "таъқиблар" тўхтатилишини талаб қилди.

Қирғизистон хавфсизлик кўмитасига таяниб ёзаётган Интерфакс хабар агентлигига кўра, Ўмурбек Текебаев "Манас" халқаро ҳаво қўналғасида қўлга олинган.

25 февраль куни Қирғизистон Бош прокуратураси мухолифат раҳбарига қарши "коррупция" ва "фирибгарлик" айблари бўйича жиноий иш қўзғатганди.

Айни иш россиялик ишбилармон ва қатор телеалоқа ширкатлари эгаси бўлган Леонид Маевский аризасига биноан очилган.

Даъвогарга кўра, ҳали 2010 йили Қирғизистон муваққат ҳукумати раиси муовини бўлиб ишлаган Текебаев ундан бир миллион доллар маблағ олган.

Бунинг эвазига эса Қирғизистондаги энг йирик уяли алоқа ширкати - "Мегаком" бошқарувини беришни ваъда қилган.

"Текебаев ўз ишини бажармаган ва олган пулини ҳам қайтармаган. Шунингдек, мазкур масалада бирон маълумот тарқатилса ё пулни қайтариш талаби тўхтамаса, қасос олиш билан таҳдид қилган" - дея баёнот берган Қирғизистон Бош прокуратураси.

Жиноий иш очилган пайти Венада хизмат сафарида бўлган Ўмурбек Текебаев ўзига қўйилаётган айбловларни ва россиялик ишбилармондан бир миллион доллар олганини рад этган.

Унинг айтишича, ўтган йили охирида Президент Атамбоев амалга оширган конституцион ўзгаришларга қарши чиққани учун таъқибга тутилмоқда.

Олдинроқ Ўмурбек Текебаев бошқарадиган "Ота Макон" мухолиф партиясининг яна икки аъзоси - собиқ Адлия вазири Алмамбет Шикмаматов ва собиқ Бош прокурор Аида Саляноваларга қарши ҳам Қирғизистон ҳукумати жиноий иш очган эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар