Эрдўғон Рустам Азимовни қабул қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Official
Image caption Учрашув ёпиқ эшиклар ортида ўтган

Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Истанбулдаги "Бейлербейи" саройида Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Рустам Азимовни қабул қилган.

Туркиянинг давлат "Анадолу" агентлигининг хабар беришича, бир соатга яқин давом этган учрашувга журналистлар қўйилмаган.

Аввалроқ Истанбулдаги Туркия-Ўзбекистон Бизнес Форумида иштирок этган Рустам Азимов туркиялик ишбилармонларни Ўзбекистонга сармоя киритишга чақирган.

У Ўзбекистон Туркия билан савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга тайёр эканлигини айтган.

"Туркия билан савдо-иқтисодий алоқаларда янги довонларни забт этишга тайёрмиз", - деган Азимов Форумдаги чиқишида.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Туркия билан нефт ва кимё саноати, олтин, кумуш, уран қазиб олиш, шунингдек, қурилиш, тўқимачилик, мева-сабзавот ва туризм соҳаларида ҳамкорлик қилиши мумкин.

Ўтган йил ноябрида Президент Эрдўғоннинг Самарқандга ташрифи чоғида икки томон ўзаро алоқаларда янги саҳифа очишга тайёр эканликларини айтишганди.

Истанбулдаги форум икки давлат ўртасида охирги 10 йилдаги иқтисодий ҳамкорликка доир илк йирик анжуман бўлган.

'Иқтисод сиёсатдан устун'

Марҳум президент Ислом Каримов даврида Тошкент ва Анқара ўртасидаги сиёсий муаммолар иқтисодий муҳитни захарлаган ва сиёсий келишмовчиликларнинг янада чуқурлашмаслиги учун икки томон ҳам турк сармояларини қурбон келтирганди.

Эндиликда ҳар икки томон турк сармоядорларини ишонтиришга бел боғлаган кўринади.

Президент Эрдўғоннинг Самарқандга ташрифи чоғида Мирзиёев муҳожиротдаги ўзбек мухолифати раҳбари Муҳаммад Солиҳни чиқариб юборишни талаб қилгани айтилганди.

Аммо Туркия ҳукуматидаги манбаълар Би-би-сига бу хабарларни тасдиқламади.

Афтидан, Тошкент икки ўртадаги муносабатлар алоҳида шахслардан кўра каттароқ эканини англаб етган кўринади.

Форумда Рустам Азимов Ўзбекистон ҳукумати икки томонлама алоқаларга прагматик ёндошувни танлаётгани борасида мужда беришга уринган.

"Иқтисод сиёсатдан устун" деган у марҳум Ислом Каримовнинг машҳур беш тамойилидан иқтибос келтираркан.

У "ҳуқуқнинг устунлиги" тамойилини ҳам тилга олган.

Азимовнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон бундан буён ҳам иқтисодда давлатнинг "бош ислоҳотчилик" ролини сақлаб қолади.

Унинг айтишича, Ўзбекистонда давлатнинг иқтисодга аралашуви ўзини оқлаган.

"Халқаро Молия Жамғармаси бизга "бозор ҳамма нарсани тартибга солади", деди. Аммо биз бунга ишонмадик. Биз давлат ислоҳотчи бўлиши кераклигини урғуладик. Эришган натижаларимиз ҳам бунинг тўғри эканини кўрсатди",- дея Азимовнинг сўзларидан иқтибос келтирган Туркиянинг Timeturk нашри.

Азимов охирги 11 йилда Ўзбекистон иқтисоди 8 фоизлик ўсиш кўрсатганини айтиб, ҳукуматнинг пул-валюта сиёсатини ҳимоя қилган.

"Туркларни соғиндик"

Икки давлат ўртасида охирги 10 йилдаги илк бизнес форумга ўзбек томони бир неча вазир ва йирик давлат ширкатлари раҳбарларидан иборат нуфузли ҳайъатни йўллаган.

Форумда ҳар икки томон ўтмишда туркиялик ишбилармонлар Ўзбекистонда юз тутган муаммоларни четлаб ўтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Official
Image caption "Туркларни соғиндик"-, деб айтган Рустам Азимов

Аммо Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Рустам Азимов турк сармоядорлари Ўзбекистонни тарк этганини билвосита эътироф этган.

"Туркларни соғиндик", - деб айтган Азимов.

У турк ишбилармонларини "салоҳиятли, ташаббускор ва муваффақиятли инсонлар эканликларини" таъкидлаган.

"Сизлар билан олдинга қадам қўйишга тайёрмиз", - деган ўзбек ҳукумат ҳайъатининг раҳбари.

Форумда қатнашган Туркия иқтисодиёт вазири Ниҳот Зейбекчи икки давлат аҳолисининг умумий сони 110 миллионни ташкил этишини урғулаб, ўртадаги 1,2 миллиардлик товар ойирбошлаш ҳажмини яқин келажакда икки баробарга орттириш режалари борлигини айтган.

Аммо унинг сўзларига кўра, бунинг учун Ўзбекистон билан эркин савдога доир келишувлар имзоланиши лозим.

Турк ширкатлари Ўзбекистонда ишлаб чиқарган маҳсулотини Туркия ва Туркия орқали бутун дунёга ҳеч қандай тўсиқсиз, бож тўловлари ва чеклашларсиз сота олишларини билсалар, Туркиянинг Ўзбекистондаги сармоялари ҳажми жуда катта миқдорларда ўсади", - деб айтган Туркия иқтисодиёт вазири.

У Ўзбекистон ва Туркия ўртасида икки томонлама солиқдан қочиш тўғрисидаги битимни имзолашларин айтган.

Зейбекчи Ўзбекистон билан аллақачон имзоланган, аммо ҳаётга тадбиқ этилмаган келишувлар борлигини ҳам эслатган.

Унга кўра, 2017 йилда икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларнинг ҳуқуқий ва техник асослари бутунлай қайтадан кўриб чиқилади.

Вазирнинг айтишича, Туркия Ўзбекистон билан "ҳеч ким ютқизмайдиган" бизнес моделини амалга тадбиқ қилмоқчи.

"Ўзаро манфаатга асосланган муносабатлар давом этадиган муносабатлардир", - деган турк мулозими.

'Ҳеч нарса ўзгармади'

Истанбулнинг бизнес форум ўтган Босфор бўғози бўйидаги Hilton меҳмонхонасидан атиги бир неча чақирим масофада "Гунеш Текстил" ширкатининг идораси жойлашган.

Ширкат раҳбари Воҳид Гунеш 2011 йилда Тошкентдаги ўзи асос солган "Туркуаз" савдо маркази ва у билан бирга бир неча ўн миллион доллар сармоясини ташлаб, Ўзбекистондан қочишга мажбур бўлган.

Ўзбекистон маҳкамаси Гунеш кўрган зарарни 30 миллион АҚШ доллари экани ҳақида ажрим чиқарган.

Аммо ишбилармоннинг ўзи зарар бундан ўн баробар кўплигини айтади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Courtesy
Image caption Воҳид Гунеш: "Аввал ҳам ваъдалар берилган"

Унинг Ўзбекистон ҳукуматига қарши даъвосини кўриб чиқаётган халқаро маҳкама шу йил охирида ажрим чиқариши керак.

Гунешнинг айтишича, Ўзбекистонда ҳокимият ўзгаргани билан амалда ҳеч нарса ўзгармади.

У ҳукуматнинг сармоялар билан боғлиқ амалий қадамлар қўйишини истайди.

"Аввал ҳам шундай ваъдалар берилган, лекин охири ёмон бўлди. Амалда ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Бугунги форумда қатнашган вазирларнинг кўпчилигини таниймиз. Ўша-ўша одамлар. Янги ҳеч нарса йўқ. Божхона тартиби дейсизми, конвертациями... Президент чекловларни олиб ташладим деяпти, аммо биз буни кўрмаяпмиз", - дейди Воҳид Гунеш.

Унинг айтишича, турк ишбилармонлари бугунги форумда айтилган "сўзларга учиб, Тошкентга боришмайди".

"Ҳаммамиз Ўзбекистоннинг ривожланишини истаймиз. Ҳаммамизда яхши ният бор. Аммо сармоялар учун яхши ниятнинг ўзи етарли эмас. Демократик ўзгаришлар бўлиши, қонун устуворлиги таъминланиши керак. Бу ўзгаришларсиз олдинга кетиб бўлмайди", - дейди туркиялик ишбилармон.

Турк расмийларига кўра, Форум ниҳоясида 10 та соҳада ҳамкорликка доир келишувлар имзоланган.

Таҳлилчиларга кўра, Президент Шавкат Мирзиёев ўзи эълон қилган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш учун йирик хорижий сармояларни жалб этиши керак бўлади.

Ҳукумат хориж ширкатларини мамлакат бўйлаб ташкил этилаётган эркин иқтисодий ҳудудларга сармоя киритишга чақирган.

Аммо ҳозирга қадар сармоялар йўлидаги асосий тўсиқлардан бўлиб келган конвертация муаммосини ҳал қилиш томон аниқ қадамлар қўйилмаган.

Ҳукумат пул-валюта сиёсатидаги ўзгаришлар билан боғлиқ таклифларни жамоатчилик муҳокамасига қўйган, аммо унинг қачон ҳаётга тадбиқ этилиши борасида аниқ муҳлат белгиланмаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг