Путин: Россия Қирғизистондаги базасини ёпиши мумкин

Фото муаллифлик ҳуқуқи Kremlin.ru

Россия Президенти Владимир Путин қирғиз томони истагани тақдирда, Россия қўшинлари Қирғизистон ҳудудидан чиқиб кетишини айтган.

Бу ҳақда Путин Бишкекда Президент Атамбаев билан қўшма матбуот анжуманида гапирган.

Унинг сўзларига кўра, Россия базаси биринчи навбатда, Қирғизистондаги хавфсизликни таъминлаш учун керак.

Путиннинг айтишича, агар Қирғизистон ўз қуролли кучларини етарли даражада мустаҳкамлагани ва базага эҳтиёжи қолмаганини айтса, Россия ҳарбийлари "шу куниёқ чиқиб кетади.

"Бизга бу ерда ҳарбий контингент жойлаштиришнинг кераги йўқ. У фақат битта нарса-Қирғизистоннинг хавфсизлиги билан боғлиқ", дея Путиннинг сўзларидан иқтибос келтирган "Интерфакс" агентлиги.

Россиянинг "Кант" бирлашган ҳарбий ҳаво базаси Бишкек яқинидаги Кант мавзеъсида жойлашган.

У ерда СУ-25 қирувчи самолёт ва Ми-8 вертолётлари жойлаштирилган.

2016 йилда Президент Алмазбек Атамбаев "Қирғизистон фақат ўз қуролли кучларига ишониши, Россия, Америка ё-да бошқа давлатга таянмаслиги"ни айтганди.

2014 йилда Қирғизистон Манас халқаро аэропортидаги АҚШ ҳарбий ҳаво базасини ёпган.

Мирзиёев ва қўшнилар

Путин Қирғизистонга расмий ташриф билан борган.

Бундан аввал у Қозоғистон ва Тожикистонда бўлиб, икки давлат раҳбарлари билан музокаралар олиб борган.

Ушбу сафар Россия раҳбарининг Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев Президент этиб сайланганидан буён минтақага илк ташрифидир.

Аммо Путин Марказий Осиё бўйлаб сафари чоғида Ўзбекистонни четлаб ўтади.

Россия томони Президент Мирзиёевнинг апрел ойи бошида Москвага давлат ташрифи билан боришини айтган.

Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён минтақадаги қўшнилар билан алоқаларни яхшилаш сари қадамлар қўйган.

Москванинг бу каби интеграция жараёнини қанчалик дастаклаши номаълум.

Россия минтақа давлатларини ўзи етакчиси бўлган Евросиё Иқтисодий Иттифоқи (ЕврАзЭс) ва Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (ОДКБ) сафларида кўришни истайди.

Ўзбекистонда ўтган йил ноябрида бу ташкилотларга кириш режаси йўқлигини билдирган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг