TeliaSonera Марказий Осиёдан чиқиб кетолмаяпти

Фото муаллифлик ҳуқуқи yle.fi
Image caption Telia президенти Йохан Деннелинд

Швециянинг Telia телекоммуникацион компанияси ўзининг Тожикистондаги шўъба корхонаси - Tcell мобил оператори юз тутаётган мураккаб вазиятдан хавотир билдирди.

Тожикистоннинг Asia-Plus хабар агентлиги ёзишича, Telia нима учун ўз шўъба корхонасининг ҳиссалари савдоси бўйича эришилган келишувларни баъзи давлат идоралари тасдиқламаётганидан ҳафсаласи пир бўлган.

Telia компанияси ўзининг Sonera номли финляндиялик шерик компанияси билан биргаликда Ўзбекистондаги йирик телекоммуникацион можарога аралашиши ортидан Марказий Осиёдаги фаолиятини қисқартира бошлаган.

2012 йилда Европада ўтган терговлар TeliaSonera Ўзбекистоннинг собиқ президенти Гулнора Каримовага тегишли экани ишонилган компанияга 320 миллион доллар пора берганини аниқлаганди.

Терговлар бора-бора Каримова хонимга тегишли экани ишонилган 912 миллион долларнинг музлатилишига сабаб бўлган.

2015 йил сентябрида TeliaSonera Ўзбекистондаги коррупция можаросидан "қаттиқ ларзага келган"ини айтган ва "сармоядорлар ва жамоатчиликнинг қаттиқ босими" туфайли Марказий Осиёдан чиқиб кетишини эълон қилганди.

Telia сайтида айтилишича, ўтган йил сентябрида Tcell компанияси акцияларининг 60 фоизи айни операторнинг бошқа ҳиссадори бўлмиш Оға Хон жамғармасига сотилиши эълон қилинганди.

Айтилишича, айни келишув Тожикистон ҳукумати қошидаги аксилмонополия хизмати томонидан тасдиқланиши кутилган.

"Ҳали ҳам ҳеч қандай аниқ жавоб олинмади. Қонун бўйича ажратилган муддат 2016 йилнинг 29 ноябрида тугаган", - дейилади Telia баёнотида.

Аксилмонополия хизмати ҳозирча ҳеч қандай изоҳ бермади.

Telia, шунингдек, унга ҳукумат томонидан қилинаётган солиқ даъволарини ноқонуний деб билишини айтди.

Asia-Plus хабарига кўра, Тожикистон ҳукумати Tcell мобил операторига 20 миллион доллар жарима солган. Бу миқдор солиқ текширувлари натижасида аниқланган қарздорликлар учун экани айтилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг