Тошкент ва Киев муносабатларни жонлантирмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи Ўзбекистон элчихонаси
Image caption Киевдаги Ўзбекистон элчихонаси аввалроқ ўз фуқароларини Украина шарқидаги зиддиятга аралашмаслик ҳақида огоҳлантирган.

Ўзбекистон ва Украина охирги 10 йилда илк бор ҳукуматлараро комиссия йиғилишини ўтказмоқчи.

Ҳар томонлама ҳамкорлик комиссияси 2017 йилнинг иккинчи чорагида Тошкентда ўтказиш режалаштирилган.

Икки мамлакат ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво парвозларини йўлга қўйиш бўйича ҳам келишувга эришилган.

Бу ҳақда Спутник агентлиги Украинанинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Юрий Савченкога таяниб хабар берган.

Коммиссия сўнгги маротаба 2007 йили йиғилган, 2013 йили йиғилиш ўтказиш учун ҳамма нарса тайёрланганлиги, бироқ айрим сабаблар туфайли ўтказилмай қолганлиги айтилади.

"Ўзбекистон ва Украина Президентларининг ўтган йил декабрда телефон орқали суҳбатидан сўнг илк топшириғи - ҳукуматлараро комиссия йиғилишини ўтказиш бўйича ишларни жонлантириш ёки бошлаш бўлди. Бу борада жуда ҳам кўп саволлар тўпланиб қолган, кун тартиби эскирди, кўплаб ҳужжатлар Украина ва Европа ўртасида иттифоқ тузилгунча ҳамда Ўзбекистонда ҳукумат алмашгунча тайёрланган. Ҳозир янги имкониятлар ва истиқболлар пайдо бўлди", - деб айтган Юрий Савченко.

Элчисига кўра, ҳукуматлараро комиссия миллий делегацияси раҳбарлари Ўзбекистон Бош вазир ўринбосари Улуғбек Рўзиқулов ва унинг украиналик ҳамкасби Геннадий Зубко ўртасида бир неча маротаба мулоқот бўлиб ўтган.

Савченконинг айтишича, мулоқотлар давомида кун тартибидаги масала белгилаб олинган. Тадбир доирасида март ойида икки давлат вакиллари март ойида учрашиб олишади. Комиссия йиғилиши эса 2017 йилнинг иккинчи чорагида Тошкентда ўтказилади.

Парвозлар ҳам тикланади

Украина элчиси бундан ташқари икки давлат ўртасида ҳаво парвозлари ҳам йўлга қўйилиши мумкинлигини билдирган.

Ўзбекистон ва Украина ҳозирча ҳафтада бир марта парвоз амалга ошириш бўйича келишувга эришган, кейинчалик уларнинг сони кўпайтирилиши мумкин.

Парвозларни тиклаш масаласи ҳам икки мамлакат президентларининг ўтган йил декабр ойида амалга ошган телефон мулоқоти давомида кўтарилган.

Шундан сўнг бу масала тегишли идораларга барча тафсилотларини кўриб чиқиш ва жорий қилиш учун топширилган.

Украина Давлат авиа хизмати ва "Украина халқаро ҳаво йўллари" вакиллари Ўзбекистонга келишган. Ўзбекистон Ҳаво йўллар компанияси раҳбарияти билан музокаралар олиб борилган.

"Учрашувлар натижасини ярим ижобий дейиш мумкин. Икки томон ҳам пойтахтлар ўртасида тўғридан тўғри парвозларни тиклаш зарур эканлигини эътироф этган, бироқ рейслар сонида муаммо бор", - деган Юрий Савченко

Элчига кўра, Ўзбекистон томони авиақатновларни тез орада амалга оширишга тайёр, уларни ҳозирча фақат икки томондан ҳафтада бир марта парвоз қаноатлантирмоқда.

Молиявий натижаларга асосланиб олинган маълумотлар асосида қўшимча маслаҳатлашувлардан сўнг қатновлар сони оширилиши мумкин.

Украина томони ҳафтада 2-3 парвоз амалга оширишдан манфаатдор эканлигини билдирган. Улар Тошкентдан ташқари Самарқанд шаҳри ва Фарғона водийсига ҳам парвозларни йўлга қўйишда қизиқишини билдирган.

-Бироқ Ўзбекистон авиакомпанияси тўғридан тўғри парвозларидан йўловчиларнинг камайиб кетишидан хавотирга тушаяпти. Умуман олганда томонлар парвозларни йўлга қўйишга келишиб олишди. Ўнгимиздаги ёз мавсумида натижасини кўришимиз мумкин, - деган Украина элчиси.

2016 йил натижаларига кўра Ўзбекистон ва Украина ўртасида савдо айланмаси 223 миллион долларни ташкил қилган. Ушбу кўрсатгич бир йил олдингиси билан солиштирганда 9,5 фоизга тушиб кетган.

Ўзбекистон минтақадаги яна бир йирик ҳамкори Россиянинг Украина билан таранг муносабатларига қарамасдан муносабатларни яқинлаштиришга қилаётган ҳаракати жамоатчилик эътиборини тортган.

Кузатувчилар Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти ушбу қадами билан ташқи сиёсатда кўп векторлик йўлни танлаганини кўрсатишга интилаётганини таъкидлашади.

Айримларга кўра, Ўзбекистон ва Украина ўртасида кенг миқёсли яқинлашувнинг бошланиши кўпчилик кутганидек Шавкат Мирзиёевнинг ташқи сиёсатда Россияга таъсирига тушиб қолиши эҳтимолини камайтиради.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг