Ўзбек жангарилари реклама бошлашди

Фото муаллифлик ҳуқуқи longwarjournal.org
Image caption Граната тутиб турган ўспирин исми ва у мансуб гуруҳ номи ўзбекча ёзилган.

"Ал-Қоидага боғлиқ мужоҳид ўзбеклар Афғонистон ичкарисидаги амалларини кўз-кўз қиладиган видеоларни чиқаришмоқда".

АҚШдаги Long War Journal нашрининг Афғонистондаги ўзбек мужоҳидлари ҳақидаги мақоласи шундай бошланади.

Мақолада таъкидланишича, баъзи ўзбек жангарилари АҚШда ишлаб чиқилган қурол ва ҳарбий техникадан фойдаланишаётганини кўриш мумкин.

Жиҳод рекламаси

Long War Journal нашрига кўра, Афғонистондаги икки жангари ўзбек гуруҳи - Котибат Имом ал-Бухорий (Имом Бухорий Жамоати) ва Исломий Жиҳод Иттифоқи (Бадр ат-Тавҳид) сўнгги видеоларда ўзларини кўпроқ кўз-кўз ёки реклама қилишгани илғанади.

"Бир видеода Котибат Имом ал-Бухорий жангарилари шимолий Афғонистондаги ҳукумат кучлари нишонларига қарата ракета отишмоқда" - қайд этади мақола.

"Тасвирлар янги, аммо эскилари ҳам ишлатилган. Масалан, ўсмирлик ёшига етиб-етмаган жангари аскар бола тасвири анча олдинги".

Мақола айни жангари лавҳалар шимолий Афғонистоннинг айнан қайси ҳудудида суратга олинганини аниқлай олмаганини урғулайди.

Иккинчи жангари гуруҳ - Исломий Жиҳод Иттифоқи эса ҳақиқий уруш амалларини кўз-кўз қилади.

Бунда улар юриб кетаётган машинада ўрнатиладиган GoPro видеокамераларидан фойдаланишган.

"Жангарилар тонг саҳарда Афғон ҳукумат кучлари қароргоҳига босқин уюштиришганини намойиш этишган. Қўлларида эса милтиқ ва гранатомётлар".

Айни гуруҳ ўз кучини кўрсатиб қўйишни истагандек, аксилҳаво ўқотарларни ишга солишади ва ҳукумат ҳарибй вертолётига ўт очишади.

"Мазкур тасвирнинг ҳам аниқ жойи номаълум" - ёзади Long War Journal - "Аммо Исломий Жиҳод Иттифоқи шарқий Афғонистоннинг Пактика, Пактия ва Нангарҳор вилоятларида фаол".

Нафақат ўзбеклар...

Исломий Жиҳод Иттифоқи - ҳали 1990-йиллари аксар Фарғона водийсидан қочиб чиққан Ўзбекистон Исломий Ҳаракатидан тарқалган гуруҳ.

Асосан Тожикистон орқали Афғонистонга ўтган бу жангарилар Толибон ҳамда "Ал-Қоида" қаторида туриб жанг қилишган.

"Бу гуруҳдаги мужоҳидларнинг аксариси ўзбеклар, аммо сафларида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон фуқаролари ва Хитойдан келган уйғурлар ҳам бор" - ёзади нашр.

Шунингдек, Туркия ватандошлари ва исломга кирган германиялик ҳамда америкалик жангчилари ҳам бўлган.

Толибонга қарши халқаро кучлар ишғоли пайтида юзлаб ўзбек жангарилари ва уларнинг сафидаги бошқа хорижийлар ҳам ўлдирилганди. Тирик қолганлар Покистонга, оилалари эса Эронга ўтиб кетишган.

Аммо кейинроқ, 2009-2010 йилларга келиб, Покистон ҳукумати ҳам Вазиристон минтақасида "ўзбек жангарилари" деб танилган хорижий мужоҳидларга қарши ҳужумларни бошлайди.

Кўплаб жангарилар ўлдирилади..

Орада эса Яқин Шарқда талотўплар бошланади ва қатор ўзбек жангарилари Сурияга ўтишади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи longwarjournal.org
Image caption Исломий Жиҳод Иттифоқи ўзбекистонлик қори расмидан фойдаланган.

Ваҳшатли ўзбеклар

Афғонистонда қолган ўзбекларнинг кўпчилиги бу ерда Яқин Шарқдан ташқарида тузилган ягона ИШИД ҳудудини ташкил этишган.

Кобулдан унча узоқ бўлмаган вилоятларда ҳам улар қисман назорат қилаётган минтақалар бор.

Баъзи ўзбек жангарилари Толибон тарафида бўлишса, айримлари толибларга қарши.

Ўзбек жангарилари сўнгг 15 йил ичида ҳам Афғонистон ва ҳам Покистонда ўзларининг шафқатсизлиги билан танилган.

Афғонистонда эса ИШИДга кирган ўзбеклар сўнгги йиллари ҳатто шиаларни ўғирлаб, ёш болаларни ҳам бошини кесиб, қатл этишди.

Омон қолган тутқунлар бу одамлар русча аралаш ўзбекчада гапиришганини айтишганди.

Қирпичоқ гуруҳлар

Яқин Шарқдаги ўзбек жангарилари турил ва баъзан ўзаро қарама-қарши гуруҳларда ҳам жанг қилишади.

Кўпчилик жангарилар "Ал-Қоида" га алоқадор "Нурса Жабҳаси" таркибида. .

Айни дамда ИШИД сафида ҳам ўзбеклар озмунча эмаслиги айтилади.

Умуман, бутун Марказий Осиёдан Сурияга кетган жангарилар сони 2-4 минг атрофида, дейилади.

Мужоҳидлар бутун минатқа давлатларидан келишса-да, аммо аксарияти ўзбек миллатига мансублиги айтилади.

Марказий Осиё давлатлари ўз ҳудудларида ёшларни жиҳодий гуруҳларга чорлаш ва ёллаш ҳаракатларини қаттиқ назорат остига олишаётганини урғулашади.

Бироқ ё бу чоралар қаттиқ бўлса ҳам самарасиз, ё ёлловчилар бошқа йўлларни излашаётгани кўринади.

Дейлик, Россияда сўнгги йиллар ишсиз қолаётган муҳожирлар ҳам жангари гуруҳлар учун осон "ўлжага" айланаётгани айтилмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ