Қизиқ, Толибон нега ҳаммага дарахт эктирмоқчи?

Ҳибатуллоҳ Охунзода Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Халқаро ҳарбий таҳлилчиларга кўра, Толибон ҳаракати ўзининг ғайриодатий сўнгги баёноти билан барчага Афғонистондаги ўрнини кўрсатиб қўймоқчи.

Бу яқин йиллар ичида ҳам, таъбир жоиз, ўзларига унча-мунча киши бас кела олмаслигига кўнгиллари тўқ эканини намойиш этмоқчи.

Тафсилотлари видеолавҳамизда - назардан қочирманг.

Бу каби баҳони бераркан, Лондондан Мудофаа масалалари бўйича халқаро таҳлилчи Пол Рожерс Афғонистон ҳудудининг 40 фоизга яқини жорий пайтда у ёки бу маънода исёнчилар назорати остида эканига оид яқинда эълон қилинган ҳисобот натижаларига эътибор қаратади.

Афғонистон Толибон ҳаракати раҳбари ўтган дам олиш куни ўта ҳайратланарли баёнот билан чиққан. Ҳибатулло Охунзода ўзининг жангарилари дохил қолган афғонларни ҳам кўпроқ дарахт экишга чақирган.

Бунақаси эса, Афғонистон Толибон ҳаракатининг қарийб чорак асрлик тарихида кузатилмаган.

"Дарахт экиш ва деҳқончилик қилиш - ҳам бу дунё, ҳам у дунё саодати учун жуда керакли амаллардир", - дея баён қилган Ҳибатулло Охунзода ўзининг якшанба кунги ноҳарбий баёнотида.

Халқаро ҳарбий таҳлилчи суҳбатдошимизга кўра эса, бу каби баёноти қисман ҳаракат сиёсатидаги янгича ўзгаришга ҳам далолат қилади.

Яъни, Пол Рожерс наздида, Толибон бу билан ўзларининг Афғонистонда потенциал бошқарувчи куч эканликларига оид тасаввур уйғотмоқчи.

Тактикасини ўзгартириб, ўта сиёсий важларга асосланган сўнгги баёноти билан Афғонистонда асосий ўйинчи куч эканини намойиш этмоқчи.

Кутилмаган баёнот

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Сўнгги баёноти Афғонистон Толибон ҳаракатининг бу йилги баҳорги амалиётларига саноқли ҳафталар қолган бир манзарада кузатилган.

Ҳаракатнинг ҳар йил апрель ойида ўзининг баҳорги амалиётларига оид баёноти билан чиқиши сўнгги йилларда одатий тус олиб улгурган.

Агар, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг яқинда эълон қилган ҳисоботига таянилса, ўтган йил Афғонистон бу яқин тарихидаги энг қонлиларидан бири бўлган.

Рекорд сондаги - аксарияти тинч фуқаролардан иборат уч мингдан ортиқ киши қурбон берилган.

Халқаро ҳисоботда хулоса қилинишича, бунақаси Афғонистон жанг тажрибасида 2009 йилдан буён кузатилмаган.

Қурбонларнинг учдан икки қисмига эса, айнан Афғонистон Толибон ҳаракати масъул кўрилган.

Чорак фоизчаси эса, Афғонистон хавфсизлик кучлари ва ёки уларга мойил жангчилар ҳиссасига тўғри келган.

Расмий муносабат

Ҳаракатнинг дарахт экиш тўғрисидаги сўнгги баёнотига ўзининг муносабатини узоқ куттириб ўтирмаган Афғонистон президенти идорасига кўра эса, Толибон шу йўл билан оммани амалга оширган жиноят ва ҳужумларидан чалғитиб, алдамоқчи.

Аммо, энг қизиғи, Толибон ҳаракати лидерининг баёнотидан бор-йўғи уч кун ўтиб, Афғонистон Қишлоқ хўжалик вазирлиги бутун мамлакат бўйлаб миллионлаб дарахт ўтказишга оид ўзининг йиллик кампаниясини эълон қилди.

"Буни, таъбир жоиз, дарахтлар жангги, деб ҳам баҳоласа бўлади. Чунки Афғонистон Толибон ҳаракати ўзининг бу каби кутилмаган баёноти ва у ёрдамида бермоқчи бўлган ишораси билан афғон ҳукуматини шошириб қўйганга ўхшайди. Худди шу боис ҳам, уларнинг муносабати тезкор бўлди", - дейди Лондондан халқаро ҳарбий таҳлилчи суҳбатдошимиз.

Унга кўра, айнан жанг жабҳасидаги мувозанат назарда тутилганда, афғон ҳукумати ҳозир ўзларининг анчайин мушкул аҳволда эканликларини яхши билади.

2001 йилда Толибон тузумини қулатиб, орада кечган вақт давомида Афғонистон етакчи кучга эга бўлган АҚШ янги маъмурияти эса, ҳалича Афғонистонга оид ўзининг янги сиёсатини эълон қилмаган.

Афғонистон Толибон ҳаракати эса, ўзининг яқинда йўллаган очиқ мактубида Америка янги президенти Дональд Трампдан " ўз қўшинларини битта қўймай олиб чиқиб кетиш"ни сўраган.

"Акс-ҳолда, ўз таъбирларича, "уруш қонуний ҳақлари" бўлишини баён қилганди.

Президент Дональд Трамп маъмурияти эса, ҳозирча Толибоннинг очиқ хати ва уларнинг бу каби даъватига бирор бир расмий муносабат билдирмаган.

Аксинча, унинг янги ҳарбий мулозимлари ва қўмондонлари томонидан Афғонистондаги қўшинлари сонини жиддий оширишга оид чақириқлар янграган.

Ҳаракат аввалбошдан афғон тупроғида битта хорижий аскар қолар экан, ўзларининг сулҳу мадорага бормасликларини такрор ва такрор баён қилиб келади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг