Президент Мирзиёевнинг илк хорижий сафари Туркманистонга бўлди

Ashxobod aeroporti Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ўзбекистон Президенти этиб сайланганидан кейинги илк хорижий сафарини Шавкат Мирзиёев Туркманистонга амалга оширди. Ўзбекистон ва Туркманистон оммавий ахборот воситалари хабар тарқатишича, 6 март куни Президент Мирзиёев раҳбарлигидаги Ўзбекистон ҳайъати Ашхободга борган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг четга биринчи ташрифи борасида турли хабарлар тарқатилди.

Расмий Тошкент Ўзбекистон Президентининг Туркманистонга давлат ташрифини у ерда яқинда ўтган президент сайловлари билан боғлаган.

Ҳукумат порталида эълон қилинган мақолада айтилишича, Шавкат Мирзиёев "ўтган ойда янги сайланган Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг биринчи олий мартабали меҳмони бўлади".

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг "Жаҳон" хабар агентлиги мухбири номидан чоп этилган мақолада, шунингдек, Президент Бердимуҳамедовнинг марҳум президент Ислом Каримовга алоҳида эҳтиром кўрсатгани ҳам урғуланади.

"Биринчи Президент Ислом Каримов бевақт вафот этган дамларда яна бир бор ўз тасдиғини топди. Миллий йўлбошчимиз билан видолашув маросимида Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов фаол иштирок этди. Ўшанда дўст мамлакат раҳбари икки давлат ўртасидаги изчил ҳамкорликнинг ривожланишига катта ҳисса қўшган буюк давлат арбоби, доно сиёсатчини Туркманистон халқи чуқур ҳурмат қилишини баён этган эди", - дейилади мақолада.

3 март куни Ўзбекистон томони Президент Шавкат Мирзиёевнинг хорижга биринчи сафари Туркманистонга бўлишини тасдиқлаган.

Бир кун олдин эса Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Элёр Ғаниев бошчилигидаги ҳайъат ташрифни тайёрлаш мақсадида Ашхободда музокаралар ўтказгани ҳақида хабар берганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи UZA

Ташриф чоғида жумладан, икки давлат ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши маълум қилинган.

Аввалроқ Президент Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Ўзбекистоннинг янги Президенти илк хорижий ташрифини Россияга амалга ошириши кутилаётганини айтганди.

Ўтган ой охирида Ўзбекистондаги нашрлар Тошкентдаги Қозоғистон элчихонасига таяниб, биринчи ташриф Остонага бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳам хабар тарқатган.

Президент Мирзиёев қўшни давлатлар билан алоқаларни яхшилашни ўз ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан деб эълон қилган.

У ҳокимиятга келган илк кунларданоқ хусусан, Тожикистон ва Қирғизистон билан муносабатларни яхшилаш сари қадамларни қўйган.

Марҳум президент Каримов даврида Ўзбекистоннинг бу икки давлат билан муносабатлари муаммоли бўлиб келган.

Тошкент кичик қўшниларининг гидроэнергетика иншоотлари барпо этиш режаларига қарши чиққан, ўз навбатида Душанбе ва Бишкек Ўзбекистонни энергетикадан сиёсий босим воситаси сифатида фойдаланишда айблаганлар.

Каримов қўшниларни сув можароси минтақада урушга олиб келиши мумкинлигидан ҳам огоҳлантирганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг