Қозоғистон диний экстремизм билан қонунчиликни ўзгартириб курашмоқчи

Сурияда бир неча юз қозоғистонлик жанг қилиши айтилади Фото муаллифлик ҳуқуқи youtube
Image caption Сурияда бир неча юз қозоғистонлик жанг қилиши айтилади

Нурсултон Назарбоев мамлакатда диний экстремизм муаммоларини бартараф этиш учун қонунчиликни ўзгартиришга топшириқ берган. Инсон ҳақлари фаоллари ҳукумат диний экстремизм билан курашиш баҳонасида диндорларнинг ҳуқуқларини поймол қилаётганини айтади.

Президент Дин ва фуқаролик жамияти ишлари вазири Нурлан Ермекбаев билан учрашган.

Қозоғистон Президенти матбуот хизматининг хабар беришича, Назарбоев учрашув давомида дин ва диний ташкилотлар борасида олиб борилаётган давлат сиёсатига урғу берган.

"Мамлакатимизда барча диний бирлашмаларнинг фаолият юритиши учун ҳамма шароит яратилган, диний эътиқод эркинлиги кафолатланган. Бу соҳада хотиржамликни сақлашимиз керак. Шу билан бирга диний экстремизм масалаларини ҳал қилишимиз лозим, қонунчиликни қайта кўриб чиқиш керак. Вазирлик олдида катта ишлар турибди", - деган Нурсултон Назарбоев.

Қозоғистон раҳбари диний соҳадаги мураккаб ҳолатга эътибор қаратиб, бу борада яқинда ташкил этилган вазирлик ролини алоҳида қайд этган.

"Олдин бизда бунақа вазирлик йўқ эди. Диний жамоатчилик, нодавлат сектор ва ёшлар ташкилотлари билан ишни йўлга қўйишда давом этиш керак", - деган у.

Дин ва фуқаролик жамияти вазири Нурлан Ермекбаев ўзи бошқараётган соҳада ҳолат барқарор эканлигини айтган.

Президент матбуот хизмати хабарида айтилишича, учрашув сўнггида Президент Назарбоев вазирга бир қатор аниқ топшириқлар берган. Қандай топшириқлар берилгани борасида ҳеч нарса дейилмаган.

Назарбоев диний экстремизм билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш учун қонунчиликка қандай ўзгартиришлар киритишни назарда тутгани маълум эмас.

Эътиқод эркинлигини чеклаш эвазига экстремизм билан курашиляптими?

Қозоғистонда сўнгги йилларда ўзини диний ташкилотларга алоқадорликда эканлигини айтган шахслар томонидан қўпорувчилик ҳаракатлари содир этилган.

2016 йилнинг ёзида мамлакат ғарди Оқтўба ва собиқ пойтахт Олма отада бўлган отишмалар натижасида 19 киши ҳалок бўлган.

Ҳукумат ҳужум уюштирганларни ноанъанавий радикал диний оқим тарафдорлари эканлигини айтган.

Мамлакат диний экстремизм билан жиддий курашишга киришганлиги айтилади. Президент Назарбоев бир неча йил ҳукуматни бошқарган Бош вазир Карим Масимовни махсус хизматлар соҳасида тартиб ўрнатиш учун Миллий хавфсизлик қўмитасига раҳбар қилиб тайинлади.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳукумат диний экстремизм билан курашиш баҳонасида экстремизмга алоқаси бўлмаган ва дунёқарашлари Мусулмонлар диний идорасига мос келмайдиган диндорлар таъқибга олинаётганини таъкидлайди.

Мамлакат ўрта ва ўрта махсус ўқув юртларида мусулмон қизларнинг ҳижоб ўрашига киритилган тақиқ мана шундай чоралардан бири сифатида кўрсатилади.

Диндорлар мамлакат ҳибсхоналарида қийноқларга тутилишини айтишади.

Яқинда Саудия Арабистонидан Қозоғистонга қайтарилган ўзбек миллатига мансуб Жанубий Қозоғистон вилоятидан бўлган диний уламо Абдухалил Абдужаббаров қамоқхоналарда қийноққа тутилиши мумкинлигини айтганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу ҳикояни баҳам кўринг Баҳам кўриш ҳақида

Бу мавзуда батафсилроқ